Эрон ва АҚШ музокараларининг иккинчи раунди бошланади
Олам
−
12:51 1683 1 дақиқа
АҚШнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер жорий йилнинг 27 апрель куни Покистоннинг Исломобод шаҳрида Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи билан учрашиши мумкин. Бу ҳақда хабардор манбаларга таяниб, “Axios” журналисти Барак Равид ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, дастлаб Уиткофф ва Кушнер покистонлик воситачилар билан алоҳида икки томонлама музокаралар ўтказади.
Маълумот учун, Ароқчи кеча, 24 апрель куни Эрон ва АҚШ ўртасида воситачилик қилаётган Покистонга етиб борган. Шундан сўнг дипломат Яқин Шарқдаги можарони тугатишга қаратилган саъй-ҳаракатларни муҳокама қилиш учун Уммон ва Россияга ташриф буюради.
Бироқ куни кеча Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бағоий 27 апрелдаги эҳтимолий учрашув ҳақида тарқалган хабарларга қарамай, Эрон Қўшма Штатлар билан музокараларнинг янги раундини ўтказишни режалаштирмаётганини билдирди. Унинг таъкидлашича, Ароқчи Исломободга расмий ташриф билан борган ва Покистон раҳбарияти билан музокаралар ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левитт Қўшма Штатлар ва Эрон мулоқотида илгарилаш кузатилаётганини айтганди.
Live
Барчаси