Эрондаги ўзбекистонлик футболчилар ҳақида маълумот берилди
Спорт
−
02 Март 9572 2 дақиқа
АҚШ ва Исроил томонидан Эрон ҳудудига қилинган ҳужумлардан сўнг мамлакатда тўп сураётган ўзбекистонлик футболчилар аҳволи яхши ва уларнинг айримлари Эронни тарк этиб улгурган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига жавобан Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати маълум қилди.
Билдирилишича, ҳозирда Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси ва “Истиқлол” футболчиси Рустам Ашурматов Дубайда бўлиб турибди.
“Трактор” футболчиси Одил Ҳамробеков эса ҳозирда Тошкентда. “Персеполис” футболчиси Остон Ўрунов айни дамда Эрон чегарасидан Туркия давлатига ўтмоқда.
Игор Сергеев эса кеча, 1 март куни чегарадан ўтиш учун йўлга отланган.
“Истиқлол” клубининг яна бир аъзоси Жалолиддин Машарипов айни дамда Италияда реабилитация жараёнини ўтказмоқда.
Маълумот учун, жорий йилнинг 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Исроил томонидан старт берилган операция “Еҳуда қалқони” деб номланган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.
Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Live
Барчаси11:04
10:28