FIFA ЖЧ финали учун чипталар нархини уч баравар оширди

Спорт

image

FIFA 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати финал учрашуви учун энг қиммат чипталар нархини уч баравар оширди. Бу ҳақда ABC нашри хабар берди.

2026 йилги Жаҳон чемпионатининг 19 июль куни “Метлайф” стадионида бўлиб ўтадиган финал учрашуви учун I тоифадаги чипта нархи энди 32 970 долларни ташкил этмоқда. Аввал ушбу тоифадаги ўринларнинг максимал нархи 10 990 доллар эди. Қайд этилишича, ҳафта давомида бу нархда фақат ногиронлар аравачаси фойдаланувчилари учун мўлжалланган I тоифадаги ўринлар мавжуд бўлган.

FIFA президенти Жанни Инфантино аввалроқ чипталар нархининг юқорилигини АҚШдаги қайта сотув бозори билан изоҳлаган эди. Апрель ойининг охирида FIFA’нинг расмий қайта сотиш платформасида 2026 йилги Жаҳон чемпионати финали учун тўртта чипта пайдо бўлиб, уларнинг ҳар бири қарийб 2,3 миллион долларга баҳоланган.

Инфантино бу ҳолатга ҳазил аралаш муносабат билдириб, агар ким финалга чипта сотиб олса, унни ҳот-дог ва бир шиша кола билан меҳмон қилишини айтган. 

Апрель бошида FIFA турнирдаги 104 та ўйиннинг 40 таси учун чипталар нархини оширганди. Бу қарор кенг танқидга учради. Европа мухлислар гуруҳи Европа Комиссиясига шикоят юборган, АҚШдаги демократ қонунчилар эса FIFA’ни нархларни сунъий равишда оширишда айблаган.

Инфантино эса чипталар савдосидан тушадиган маблағлар дунё футболини ривожлантиришга йўналтирилаётганини таъкидлаган.

2026 йилги Жаҳон чемпионати тарихда илк бор 48 та миллий терма жамоа иштирокида ўтказилади. Мусобақа бир вақтнинг ўзида уч мамлакат – АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ташкил этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

чипта Жаҳон чемпионати FIFA

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг