Неймар ЖЧ учун Бразилиянинг кенгайтирилган таркибига киритилди
Спорт
−
09 Май 2041 1 дақиқа
Неймар Бразилия терма жамоасининг 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш учун тузилган 55 кишилик кенгайтирилган таркибига киритилди. Бу ҳақда “Globo” хабар берди.
34 ёшли ҳужумчининг мундиалдаги иштироки ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда. Якуний 26 кишилик таркибдан жой олиш учун Неймар тайёргарлик жараёнида ўзининг жисмоний ҳолатини тасдиқлаши керак бўлади.
Манбага кўра, Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Карло Анчелотти футболчининг тикланиш жараёни ва спорт формасини диққат билан кузатмоқда. Бироқ, Неймар Анчелотти бош мураббий этиб тайинланганидан бери ҳали расман терма жамоага чақирилмаган.
Шунингдек, дастлабки рўйхатдан жой олиш Неймарнинг якуний таркибга киришини кафолатламайди. Унинг Жаҳон чемпионатидаги иштироки бўйича якуний қарор келгуси ҳафталарда футболчининг жисмоний ҳолати баҳолангач қабул қилинади.
Маълумот учун, Неймар Бразилия терма жамоаси тарихидаги энг сермаҳсул футболчи ҳисобланади. У миллий жамоа сафида 128 та ўйинда майдонга тушиб, 79 та гол урган ҳамда 59 та голли узатма муаллифига айланган. Неймар терма жамоа сафида охирги бор 2023 йил октябрь ойида майдонга тушган.
Live
Барчаси