Боши эгилган Трамп, кучаяётган Туркия ва дангаллашган Эрон — Weekend
Таҳлил
−
17 Май 8731 20 дақиқа
Ортда қолган 7 кун ким учундир бир зумда ўтиб кетган бўлиши мумкин, аммо жаҳон саҳнасида бу қисқа муддат ичида дунё келажагига жиддий таъсир ўтказиши мумкин бўлган воқеалар содир бўлиб улгурди. АҚШ раҳбари ва ниҳоят Хитойга ташриф буюрди. Сўнгги 9 йилдаги илк ташрифда суперкучлар нималарга келишиб олди? Туркия раҳбари Қозоғистонга келди. Эрдўған Марказий Осиёдан нимани истайди? Зеленскийнинг ишонган дўсти коррупция ва пул ювишда айбланмоқда. Бунда Украина раҳбарининг ҳам қўли бўлиши мумкинми? Эрон ядро қуроли яратиш истагини очиқчасига айтди. Ғарб бунга қандай жавоб беради? Бугун ушбу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилиб кўрамиз.
Бургут Аждаҳо шаҳрига келди
Ушбу ҳафтанинг шубҳасиз энг муҳим воқеаси АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Пекинга қилган ташрифи бўлди. Икки суперкучнинг учрашувини дунё узоқ вақт кутган эди. Яқин Шарқдаги муаммолар ва нефть инқирози фонида Трампнинг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзиньпин билан учрашуви дунёни ушбу чигалликдан қутқариши мумкин эди.

Трампнинг Хитойга 14-15 май кунларида бўлиб ўтган сафари ўзига хос аҳамиятга эга. Негаки, бу – ўтган тўққиз йилдаги АҚШ президентининг Пекинга биринчи ташрифи эди. Охирги марта Қўшма Штатлар раҳбарларидан Трампнинг ўзи 2017 йилда, президентлигининг биринчи муддатида “Аждаҳо инига” боришга журъат этганди. Ўтган учрашувдан сўнг, ўз қудратига ишонган Оқ уй раҳбари Хитойга “Савдо уруши”ни эълон қилган бўлса, бу сафар Вашингтон қўлида бундай қудрат мавжуд эмас. Эрон билан уруш тўхтамаяпти, Ҳормуз бўғози ёпиқ, нефть бозори тинимсиз “чайқаляпти”, буларнинг бари ички норозиликларни оширмоқда. Шундай бир пайтда Трамп рақиби билан музокара столига ўтириш учун Пекинга келди.
Делегация таркибининг ўзиёқ кўп нарсани айтиб турарди. Хитой томонидан санкция киритилган АҚШ давлат котиби Марко Рубио президент билан бирга Пекинга борди. Мудофаа вазири Пит Хегсет ҳам ташрифнинг делегация сафига киритилди. Бундан ташқари, дунёнинг биринчи рақамли миллиардери Илон Маск, Apple корхонасининг ҳозирги раҳбари Тим Кук, “Nvidia” компаниясининг президенти Женсен Хуанг ҳамда Meta, Visa, “JPMorgan Chase” каби 17 нафар америкалик бизнес етакчиси ҳам Трампнинг ҳамроҳлари қаторига киритилди.
Расмий маълумотларга кўра, 14 май куни Халқ Буюк Залида бўлиб ўтган музокаралар икки соатдан ортиқ давом этди. Музокараларнинг якунлари бўйича томонлар умумий, аммо яхши кайфиятдаги баёнотларни берди. Маълумотларга кўра, томонлар Ҳормуз можароси, Тайвань ва АҚШнинг оролга қурол сотиши ҳамда ўзаро савдо масалаларини муҳокама қиган.
Эрон ва Ҳормуз бўғози масаласи шубҳасиз муҳокаманинг энг муҳим мавзуларидан бири бўлди. Иккала етакчи ҳам бўғоз очиқ бўлиши кераклиги ва Эроннинг ядровий қуролга эга бўлмаслиги кераклиги ҳақида умумий фикрда эканлигини билдирди. Си Сзиньпин Хитойнинг Ҳормузни "милитаризация қилишга" қарши эканини таъкидлади. Трамп эса, Хитой раҳбари Эронга қурол сотмаслиги ҳақида ваъда берганини айтди. Унинг қўшимча қилишича, Си Сзиньпин Яқин Шарқдаги низони ҳал қилишда ёрдам таклиф қилган ва агар зарур бўлса, кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.
Бироқ шуни унутмаслик керакки, Хитой Эрон нефтининг энг йирик харидори. Ҳамкорлар бир-бирини “ортидан пичоқ урадими”, деган савол ҳануз мубҳамлигича қолмоқда. Аммо, бошқа томондан қаралганда, катта харид катта кирим деганидир. Агар Пекин нефть импортини диверсификация қилса ва Теҳрондан келувчи “қора олтин” савдосига санкция қўйса, бу Эрон учун ҳам жиддий зарба бўлиши мумкин. Си Сзиньпин бу картани қанчалик ишлатишини ҳали вақт кўрсатади.
Иккинчи, энг баҳсли мавзу Тайвань бўлди. Си Сзиньпин бу масалани "Хитой-АҚШ муносабатларидаги энг муҳим муаммо" деб атаб, қатъий огоҳлантириш берди.
“Тайвань масаласи Хитой ва АҚШ муносабатларидаги энг муҳим муаммодир. Агар у нотўғри ҳал этилса, икки мамлакат тўқнашиши ёки ҳатто низога киришиши мумкин. Бу эса, Хитой-Америка муносабатларининг бутун мажмуасини ўта хавфли вазиятга солиб қўяди”, деди у.
Музокаралардан сўнг, Рубио газетачилар билан гаплашиб, АҚШнинг Тайвань бўйича сиёсати ўзгармаганини маълум қилди. Президент Трамп эса, қурол сотиш масаласини "жуда батафсил" муҳокама қилганини айтди.
"Биз Тайвань масаласини, қурол савдоси билан боғлиқ барча масалаларни жуда батафсил муҳокама қилдик ва мен қарорлар қабул қиламан, лекин биласизми, менимча, ҳозир бизга керак бўлган охирги нарса - бу 9500 миль узоқликдаги уруш", деди Трамп
Учинчи мавзу — савдо. Трамп "ажойиб савдо келишувлари" бўлгани ҳақида гапирди, лекин бирорта ҳам катта, аниқ битим расмий эълон қилмади. Халқаро нашрларнинг ёзишича, АҚШдан борган миллиардерларнинг фойдаси у қадар ҳам тегмади. Маълум қилинишича, Хитой АҚШдан 200 та Boeing самолёти сотиб олишга рози бўлгани ва кейинчалик яна 550 та самолёт сотиб олиши мумкин. Геосиёсий мунозаралар фонида савдо масаласига етарлича эътибор берилмагани табиий албатта.
Музокаралардан асосий кутилаётганлар Трамп учун – Эрон масаласида Хитойнинг дипломатик ёрдамини олиш бўлса, Си учун – Бусан сулҳини мустаҳкамлаш, савдо урушини давом эттирмаслик эди. Қайсидир маънода икки томон ҳам ўз мақсадларига қисман эришди, аммо ҳали ҳеч нарса ҳал этилди деб бўлмайди.

Музокараларда кўплаб мавзулар атай эсланмагани, баъзи мавзулар ҳақида баёнотонларда ҳеч нарса берилмаганини ҳам таъкидлаш лозим. Технологик чекловлар, хусусан, АИ чипларига экспорт санкциялари муҳокама қилинмаган кўринади. Халқаро санкциялар масаласи ҳам атай четлаб ўтилган. Хитой электромобиллари, жиноят таъқиби, инсон ҳуқуқлари каби масалалар ҳақида расмий баёнотларда ҳеч нарса йўқ. Афтидан, шундоқ ҳам муросага кела олмаган томонлар бу каби нозик масалаларга “тегинмасликни” маъқул кўрган. Энг қизиғи, Марко Рубио бир томондан "Хитойдан Эрон масаласида ёрдам сўрамадик", деса, Трамп бошқа томондан "Си Сзиньпин ёрдам беришга рози бўлди", деб баёнот берди.
Си Сзиньпин бу ташриф бўйича ўз таърифини берди: "Тарих ўзгарадиган нуқта", Трамп эса "Икки улуғ давлат", деб эътироф этди. Иккаласи ҳам рамзий маънода ҳақ. Фақат бу "ўзгарадиган нуқта" воқеалар жойини қайси томонга бурганини ҳали билмаймиз. Ҳаммасини вақт кўрсатади.
Эрдўған Остонада
Трамп Пекинга учаётган бир пайтда Эрдўған Остонага етиб келди. Турк президентининг Қозоғистонга расмий ташрифи доирасида икки давлат ўртасидаги Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг олтинчи мажлиси ҳамда Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) норасмий саммити ўтказилди.
13 май куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған рафиқаси Эмина Эрдўған билан бирга расмий учрашувлар ўтказиш учун Қозоғистонга келди. Туркия делегацияси таркибида ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан, мудофаа вазири Яшар Гулер, савдо ва саноат вазири Ўмер Болат ва Президентлик алоқа директори Бурҳониддин Дуран ҳам бор эди. Эрдўған Мустақиллик саройида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан яккама-якка учрашув ўтказди ва шундан сўнг икки давлат раҳбари Туркия–Қозоғистон Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишига раислик қилди. Бу мажлисда Эрдўған ва Тўқаев иқтисодий ҳамкорлик, саноат инвестициялари ва минтақавий интеграция масалаларини муҳокама қилди. Томонлар қатор икки томонлама келишувларга имзо чекди. Эрдўған Таълим марказини Тўқаев билан бирга зиёрат қилди — бу ҳам алоҳида рамзий маъно касб этади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, музокаралар давомида муҳокама қилинган марказий масала Транскаспий халқаро транспорт йўналиши (ТИТР) номи билан танилган “Ўрта йўлак”ни ривожлантириш бўлди. Томонлар ушбу йўналишни замонавий “Ипак йўли” сифатида кўраётгани ва унинг Европа ҳамда Марказий Осиё ўртасидаги савдо ҳажмини оширишдаги ролини муҳокама қилган. Россия-Украина уруши ортидан ўзгарган логистика йўллари ва Марказий Осиёнинг транзит аҳамияти ортиб бораётгани фонида транспорт коридорлари муҳим мавзуга айланди. Айнан мана шу ерда, ташриф нега айнан Қозоғистонга бўлганининг сабаби ойдинлашади. Ўрта йўлакнинг Марказий Осиёдан ўтувчи қисми Қозоғистонга тўғри келгани учун ҳам бугун Анқара сиёсатидаги унинг ўрни ошди.
Музокараларда энергетика ҳам муҳим мавзулардан бири бўлди. Туркия Қозоғистон нефтини ўз ҳудуди орқали жаҳон бозорларига кўпроқ ҳажмда етказиб беришга қизиқиш билдирмоқда. Шу билан бирга, Каспий денгизи орқали энергия ресурсларини ғарбга ташиш, порт инфратузилмасини модернизация қилиш ва темирйўл тармоқларини ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Томонлар транспорт йўлакларини фақат юк ташиш тизими эмас, балки стратегик геоиқтисодий платформа сифатида баҳолади.
Мудофаа саноати ҳам музокараларнинг муҳим қисми бўлди. Томонлар қўшма ишлаб чиқариш лойиҳалари, айниқса учувчисиз аппаратлар ва ҳарбий технологиялар бўйича ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилган. Бу эса, икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик фақат иқтисодий эмас, балки хавфсизлик ва технологик йўналишларда ҳам чуқурлашаётганини кўрсатди.
Умуман олганда, Остона Ўрта коридор орқали Европа ва Осиё ўртасидаги асосий транзит марказлардан бирига айланишни мақсад қилаётган бўлса, Анқара эса, ушбу йўлакнинг Ғарбий дарвозаси сифатидаги ролини мустаҳкамлашга уринмоқда. Шу сабабли, учрашувларда фақат сиёсий баёнотлар эмас, балки реал инфратузилма, инвестиция ва логистика лойиҳалари устувор мавзуга айланди.
Ташриф доирасда Қозоғистон раҳбари Эрдўғанга ўзаро дўстона алоқа ва яқин ҳамкорлик рамзи сифатида янги таъсис этилган Хўжа Аҳмад Яссавий орденини топширди. Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан Тўқаев Туркия Эрдўған раҳбарлигида салмоқли ютуқларга эришиб, нуфузли ва қудратли давлатга айланганини қайд этган.
“Президент Эрдўған глобал сиёсатда адолат ва масъулият тамойилларини изчил ҳимоя қилиб келаётган атоқли давлат арбобидир. Сизнинг “дунё бешдан каттадир” деган концепциянгиз кенг шуҳрат қозонди. Бу, шубҳасиз, халқаро муносабатлар тизимидаги тенгсизликка қарши дадил чақириқдир. Бундан ташқари, сиз туркий ва Ислом дунёси ҳамкорлигини мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутасиз. Муболағасиз айтиш мумкинки, сиз туркий дунёнинг энг обрўли етакчиларидан бирисиз. Сиз қардош мамлакатларнинг маънавий ва сиёсий бирлигини мустаҳкамлаш йўлида тинимсиз саъй-ҳаракат қилиб келмоқдасиз”, деган Қозоғистон Президенти.
Эрдўған ташрифи фақат икки томонлама муносабатлар билан чекланиб қолмади. 15 май куни Туркистон шаҳрида Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) норасмий саммити бўлиб ўтди. Бу йиғилишнинг мавзуси сифатида – "Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш" танланди. Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Озарбайжон иштирокида бўлиб ўтган ушбу саммитда асосий эътибор туркий давлатлар ўртасидаги иқтисодий интеграция, сунъий интеллект, транспорт йўлаклари, хавфсизлик ҳамда сиёсий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилди. Музокаралар давомида Туркия президенти Эрдўған туркий дунё глобал геосиёсий ўзгаришлар фонида янада яқинлашиши кераклигини таъкидлади. У Яқин Шарқ, Украина ва бошқа ҳудудлардаги можаролар туркий давлатлар учун ўзаро бирдамлик ва стратегик координацияни кучайтириш зарурлигини кўрсатганини алоҳида таъкидлади.
“Фаластин, Ливан, Эрон, Украина ва бошқа кўплаб мамлакатлардаги инқирозлар биз мудофаамизни мустаҳкамлашимиз ва саноат соҳасидаги ҳамкорлигимизни кенгайтиришимиз кераклигини кўрсатмоқда”, деди у.
Саммитнинг энг муҳим мавзулардан бири ҳам “Ўрта коридор” – яъни Хитойдан Марказий Осиё, Каспий денгизи, Кавказ ва Туркия орқали Европага чиқадиган транспорт йўлаги бўлди. Томонлар ушбу йўналишни Россия ва Форс кўрфази йўлларига муқобил стратегик транзит тармоғи сифатида кўраётганини билдирди. Айниқса, Ҳормуз бўғози атрофидаги кескинликлар фонида Каспий денгизи орқали ўтувчи савдо йўлларининг аҳамияти ошаётгани қайд этилди. Шу сабабли логистика, портлар, темирйўл инфратузилмаси ва божхона тизимларини уйғунлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
“Бугун Ҳормуз бўғози марказидаги инқироз кўрсатиб турибдики, туркий дунёни, айниқса Ўрта йўлакни боғлайдиган транспорт лойиҳалари келгуси йилларда ҳам бизнинг устувор вазифамиз бўлиб қолади. Туркия сифатида биз юқори технологиялар ёрдамида шакллантирган мудофаа саноатида орттирган тажрибамизни ташкилотимиз аъзолари билан баҳам кўришга тайёрмиз” деди у.
Саммит мавзусига монанд равишда сунъий интеллект ва рақамли трансформация асосий мавзулардан бири бўлди. Эрдўған туркий давлатлар “рақамли бирлик” концепциясини шакллантириши кераклигини айтиб, сунъий интеллектни таҳдид эмас, имконият сифатида кўришга чақирди.

Бундан ташқари, киберхавфсизлик, маданий соҳа ва туркий идентитет масаласи кун тартибига кўтарилди. Сўзга чиққан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу масалаларга жиддий эътибор қаратиб, биргаликда курашиш кераклигини айтди.
“Бу борада умумий механизм – Киберхавфсизлик ва рақамли инфратузилмани ҳимоя қилиш бўйича Туркий альянсни тузиш ташаббусини илгари сураман”, деди Шавкат Мирзиёев.
Саммит доирасида кўтарилган ва кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлган мавзулардан бири бу – ҳарбий иттифоқ масаласи бўлди. Сўзга чиққан Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев Туркий давлатлар ташкилотини ҳарбий альянс ёки геосиёсий лойиҳага айлантириш ғояси ҳақида гапириб, бунга жиддий қарши эканлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, ахборот майдонида вақти-вақти билан ҳарбий альянс ҳақида ғоялар пайдо бўлиб турибди, бироқ Қозоғистон уларни деструктив (вайронкор) ва бирлашма мақсадларига зид деб ҳисоблайди. Тўқаевнинг таъкидлашича, туркий дунё ичида ишончни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш устувор вазифа бўлиб қолиши лозим.
“Туркий давлатлар ташкилоти – бу геосиёсий лойиҳа ҳам, ҳарбий ташкилот ҳам эмас. Бу биродар давлатлар ўртасидаги савдо, иқтисодий, юқори технологияли, рақамли ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлайдиган ноёб платформадир”, деди Қозоғистон Президенти.
Аслида ҳам Марказий Осиёнинг кўп векторли ташқи сиёсатига ҳарбий альянсларга қўшилиш зид. Негаки, бир нечта куч марказларининг орасида жойлашга ушбу ҳудуд давлатлари учун мувозанатни сақлаш алоҳида аҳамиятга эга.
Умуман олганда, Туркистондаги саммит туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик энди фақат тарихий ва маданий яқинлик доирасидан чиқиб, иқтисодиёт, технология, логистика, энергетика ва хавфсизлик каби стратегик соҳаларга ўтаётганини кўрсатди. Саммитда “туркий бирлик” ғояси романтик шиор сифатида эмас, балки Евроосиёдаги янги геоиқтисодий ва геосиёсий платформа сифатида талқин қилинди.
Зеленискийнинг дўсти қамоқда
Украина чегарасида уруш кетаётган бир паллада, Президент Владимир Зеленскийнинг ортидан, украин халқи ортидан пичоқ санчилди. Яна ким томонидан денг, ўзининг яқин дўсти томонидан. Бир вақтлар исми давлат раҳбари билан ёнма-ён келган, собиқ Президент аппарати раҳбари Андрей Ермак бугун панжаралар ортида.
2025 йилдан буён Украинадаги коррупция билан боғлиқ можаролар марказида тилга олиниб келган собиқ амалдорга нисбатан суд ҳукми ўқилди. 14 май куни Украина Олий Антикорупцион Суди томонидан собиқ президент аппарати раҳбари Андрей Ермакга нисбатан 60 кунлик қамоқ жазоси белгиланди. Ўтган давр мобайнида унинг бўйнига, коррупцион ҳаракатлардан тортиб пул ювиш каби жиноятлар илинди. Ҳатто, у фолбинлар орқали рақибларига таъсир ўтказгани ҳақидаги иддаолар юзага чиқди.

11 май куни кечқурун Украина Президенти офисининг собиқ раҳбари Андрей Ермакка нисбатан Коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси (МАКБ) ва Коррупцияга қарши курашиш бўйича ихтисослаштирилган прокуратура айблов эълон қилди. Киевда Ермак ва бир гуруҳ шахслар шаҳар яқинидаги Козин қишлоғидаги "Dynasty" элита уй-жой мажмуаси қурилишида 460 миллион гривна — тахминан 10,5 миллион доллар миқдорида пул ювгани юзасидан терговлар бошланган. Суд унга 140 миллион гривна — тахминан 3,1 миллион доллар миқдорида гаров пули эвазига озодликка чиқиш имконияти билан 60 суткалик қамоқ жазоси тайинлади. Андрей Ермак эса ўзида бундай маблағ йўқлигини билдириб, дўстлари ёрдам беришига умид қилаётганини айтмоқда.
Ушбу жиноий ҳаракатлар бир неча йиллик тарихга эга бўлиб, қатор обрўли шахслар билан ҳам боғлиқ. Ўтган йилнинг ноябрь ойида МАКБ Зеленскийга яқин бўлган Тимур Миндич бошчилигидаги энергетика соҳасидаги йирик коррупцион схемани фош этиш учун "Мидас" деб номланган кенг кўламли операцияни эълон қилган эди. Терговга кўра, схеманинг асосий ташкилотчиси айнан у бўлган. МАКБ томонидан жиноий ишга алоқадор минг соатдан ортиқ аудиёзувлар борлиги эълон қилинганди.
Ушбу далиллар Украинанинг “пандора қутиси”ни очиб юборди. 2025 йил 17 ноябрда президент аппарати раҳбари Андрей Ермак Миндич иши бўйича йирик коррупцион схемаларга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот пайдо бўлди. 28 ноябрь куни эрталаб Ермакни тинтув қилишди, шу куни кечқурун эса, Зеленский уни ишдан бўшатди. Кейинроқ, идора Ермакнинг уйидаги тинтувлар Миндич ишига боғлиқ эмаслигини билдирган. Зеленский эса, Ермакнинг ишдан олиниши коррупция терговлари билан боғлиқлигини рад этиб, бу қарор учун “ўзига хос сабаблар” бўлганини айтганди. Президент маъмуриятидан кетгач, Андрей Ермак адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини тиклади ва Украина Миллий адвокатлар ассоциацияси ҳузурида ташкил этилган уруш жабрланувчиларини ҳимоя қилиш қўмитасига раҳбарлик қила бошлади.
Жорий йил апрель ойининг охиридан бошлаб Украина оммавий ахборот воситалари ва депутатлар аудиоёзувларнинг янги парчаларини эълон қила бошлади. Унда Миндич ўша пайтда мудофаа вазири лавозимида ишлаган Украина Хавфсизлик кенгашининг амалдаги котиби Рустам Умаров билан кўп миллионли шартномаларни ўзлаштириш, тадбиркорга алоқадор компания томонидан дронлар ишлаб чиқаришни молиялаштириш, шунингдек, Украинанинг АҚШдаги элчиси лавозимига номзодлар ҳақида суҳбатлашган. Бошқа парчалар шуни кўрсатадики, Миндич бир нечта ҳашаматли уйларни, шу жумладан ўзи, “Вова” ва “Андрей” учун жиҳозлашни муҳокама қилган. Тахминларга кўра, гап Зеленский ва Ермак ҳақида кетмоқда. Бундан ташқари, транскрипцияларнинг бир қисми Зеленский атрофидагилар турли компанияларни қандай назоратга олаётганини кўрсатади.
Воқеанинг энг ғалати қисми эса, гўёки сеҳр-жоду билан боғлиқ. 13 май куни бўлиб ўтган судда ихтисослаштирилган прокуратура прокурори ўқиб эшиттирган ёзишмалар парчаларида Ермак телефонида "Вероника Феншуй" номи билан сақланган шахс аслида оккультизм ва фолбинлик хизматлари билан шуғулланган Вероника Аникевич бўлгани айтилмоқда.
Унга юборилган ёзувларда коррупцияга қарши курашиш прокуратураси раҳбари Александр Клименко ҳамда Миллий коррупцияга қарши бюро раҳбари Семён Кривоноснинг исмлари қайд этилган. Ушбу аёл Ермакка ҳаракат қилиши кераклигини ёзган.
Бунга жавобан Ермак яна бир қатор исмларни — "Украинская правда" газетаси журналистлари Михаил Ткач ва Севгил Мусаева, газетанинг ўзи, унинг эгаларидан бири Томаш Фиалу, Олий Рада депутатлари Ярослав Железняк, Алексей Гончаренко ва Давид Арахамия исмларини ёзиб юборган.
Бу гапларни ўқиб турганда бир фикр мияга келиб қолади, бу одам — шунчаки коррупционер эмас. У ўзининг сиёсий рақибларини йўқ қилиш учун оккульт усулларга ҳам мурожаат қилган. Уруш кетаётган бир мамлакатда, Ғарб миллиардиларидан мўл-кўл ёрдамлар келиб турган бир пайтда, Президент аппаратининг раҳбари — фолбинлар билан маслаҳат қилиб, рақиб журналистлар ва депутатлар устидан "иш кўрмоқчи" бўлган.

Прокурорнинг сўзларига кўра, терговчилар Ермакдан тўртта дипломатик паспорт топган, уларнинг охиргиси 2030 йилгача амал қилади. Тергов маълумотларига кўра, 2022 йил 24 февралдан бери Ермак давлат чегарасини 100 мартага яқин кесиб ўтган, бундай сафарлар ҳақидаги сўнгги маълумотлар эса Украина Чегара хизмати тизимидан ўчирилган.
“Ермакнинг ҳокимият органларида ва Украинадан ташқарида касбий ва ижтимоий алоқалари бор. Бу унга чет элда яширинишга ёрдам бериши мумкин”, деган прокурор.
Атрофидаги ишонган одамлари коррупцияда айбланаётган бир вақтда, Украина президентига нисбатан ҳам шубҳалар авж олмоқда. Аммо ҳозирча у тергов ишларига жалб этилмаган. Украина Миллий аксилкоррупция бюроси директори Семен Кривонос Зеленскийнинг пул ювиш билан боғлиқ ишда иштирок этганлигини тўлиқ рад этди.
"Украина Президенти судгача бўлган тергов доирасида иштирок этмаган ва иштирок этмаяпти”, дейди у.
Президент барча жиноий ишларга алоқадорлигини рад этиб келмоқда. Лекин бу рад этиш барча саволларни ёпиб қўймайди. Зеленский шу одамларга йиллар давомида ишонган, уларга давлат сирларини, ташқи сиёсий музокараларни, кадрлар масалаларини ишониб топширган. Агар Ермак айбдор бўлиб чиқса — бу Зеленскийнинг қайсидир маънода ”кўр" эканини билдиради. Агар Зеленский ҳам хабардор бўлган бўлса — бу бутунлай бошқа савол.
Бу воқеалар уруш даврида Украинага жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Россия ракеталаридан ҳимояланиш учун халқаро жамиятдан миллиардлаб доллар ёрдамни сўраётган бир мамлакат ичида бундай коррупцион ҳолатларнинг учраши халқаро ишончга ҳам таъсир қилади. Ермак — бу ботқоқнинг рамзи эмас, фақат энг кўзга кўринган қисмсидир.
Эрон: Бизнинг шартларимизни қабул қилинг
28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши қўшма ҳарбий операция бошлагач, Яқин Шарқ ҳали ҳеч қачон кўрмаган даражадаги инқирозга юз тутди. 8 апрелда Покистон воситачилигида эришилган оташкесим расмий кучга кирди, лекин у на урушни тугатди, на музокара эшикларини ҳақиқий маънода очди.
11 май куни Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда Дональд Трамп тинчлик келишувини "сунъий нафас бериш" ҳолатида эканини тан олди. Бу — дипломатик тилда жуда кўп нарсани айтади. Президент ўзи имзолаган келишувнинг мустаҳкам эмаслигини эътироф этяпти. CNN манбаларига кўра, Трамп Теҳроннинг музокаралар олиб бориш услубидан тобора норози бўлиб бормоқда ва сўнгги ҳафталардаги ҳолатга нисбатан анча қатъий позицияда турибди. Оқ уйдаги айрим маслаҳатчилар Эронни музокара столига мажбурлаш учун янги зарбалар тарафдори, бошқалар эса, дипломатияга имконият берилиши керак, деб турибди. Пентагонда эса якдиллик йўқ.
10 май куни Эрон Вашингтонга таклиф юбориб, урушни тугатиш ва Ҳормуз бўғозини қайта очиш бўйича шартларини билдирди. Трамп бу таклифни "мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ахлат парчаси" деб атаб, кескин рад этди. Теҳрон бу баҳога жавобан “ўқдорилар" тайёрлигини билдирди. Эрон парламенти Миллий хавфсизлик қўмитаси вакили Иброҳим Ризоий АҚШ ҳарбий зарбалари қайта тикланса, уранни қурол яратиш учун зарур бўлган 90 фоизлик даражагача бойитиш масаласи парламентда муҳокама қилинишини маълум қилди. Бу — оддий сиёсий баёнот эмас. АҚШ разведкасининг ҳисоб-китобларига кўра, Эрон мавжуд хомашёни икки ҳафта ичида қурол даражасига келтириши ва бу захира 11 та ядровий жанговар каллак яратиш учун етарли бўлиши мумкин. Эроннинг ихтиёрида ҳозир 400 килограммдан ортиқ 60 фоизгача бойитилган уран мавжуд.
Шу пайтда ҳарбий манзара ҳам ташвишли кўринишни сақламоқда. “The New York Times” нашри АҚШ разведкасига таяниб хабар беришича, Эрон Ҳормуз бўғози бўйлаб жойлашган 33 та ракета базасига оператив кириш имкониятини қайта тиклаган. Мазкур базалардан айримлари АҚШ ҳарбий кемалари ва нефть ташувчи танкерларга хавф туғдириши мумкин. АҚШ ҳарбий разведкасининг баёнотига кўра, Эрон мамлакат бўйлаб ракета учириш қурилмаларининг тахминан 70 фоизини, урушдан олдинги баллистик ва қанотли ракеталар захирасининг 70 фоизини сақлаб қолган. Ерости омборлари ва ракета қурилмаларининг эса, 90 фоизига қайта кириш имконияти тикланган, уларнинг аксарияти қисман ёки тўлиқ ишлаётган бўлиши мумкин. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳаво кучлари қўмондони Мажид Мусавий 19 апрелда ракета ва дрон учириш тизимларини модернизация қилишни тезлаштирганини эълон қилди.

Сионистик режим ва Теҳрон ўртасида бошланган урушга аста-секин Форс кўрфази ҳам қўшилиб бормоқда. Уруш аста-секин минтақадаги бошқа давлатларни ҳам ўз ичига тортмоқда. “The Wall Street Journal” манбаларига кўра, БАА Форс кўрфазидаги Эроннинг Лаван оролида жойлашган нефтни қайта ишлаш заводига 8 апрель куни яширин зарба бергани айтилмоқда. Бу ҳужум йирик ёнғинни келтириб чиқарган ва завод қувватларининг катта қисмини камида бир неча ойга ишдан чиқарган. Жорий можаро давомида Эрон Амирликлар йўналишида 2800 дан ортиқ ракета ва дронларни учирган — бу бошқа ҳар қандай давлатга, жумладан Исроилга қараганда ҳам кўпроқ. Яқин Шарқ бўйича таҳлилчи Дина Эсфандиарининг фикрича, бу Теҳрон учун янги фронт бўлиши мумкин.
"Энди Эрон БАА ва можарони ҳал қилишда воситачилик қилишга уринаётган Форс кўрфазидаги бошқа араб давлатлари орасига низо солишга янада кўпроқ ҳаракат қилади”, дейди у.
Бунга Қувайтнинг қўшилиши вазиятни янада чигаллаштирди. Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи 14 май куни Қувайт Форс кўрфазида Эрон кемасига "ноқонуний ҳужум" уюштирганини ва тўрт нафар Эрон фуқаросини ҳибсга олганини маълум қилди. Воқеа АҚШнинг Эронга қарши ҳужумлари учун фойдаланилаётган орол яқинида содир бўлган. Бундан олдин Эрон ҳарбийлари Қувайтга қарашли Бубиён оролига киришга урингани, Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг 6 нафар аъзоси оролга тушишга ҳаракат қилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бунга жавобан, Қувайт Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг элчисини чақириб, қатъий норозилик билдирганди.
Музокаралар “фронти”да ҳам вазият “музлаган”. Эрон АҚШ билан музокараларнинг иккинчи босқичини бошлаш учун 5 та шарт қўйди. Булар: барча фронтларда, айниқса Ливандаги уруш ҳаракатларини тўхтатиш, Эронга қарши санкцияларни бекор қилиш, музлатилган Эрон маблағларини озод этиш, жанговар ҳаракатлар туфайли етказилган зарарни қоплаш ва Эроннинг Ҳормуз бўғози устидан суверенитет ҳуқуқини тан олиш. Теҳрон ушбу талаблар бажарилмас экан, янги музокараларга киришишни имконсиз деб ҳисоблайди. Эрон манбаси АҚШ таклифини "бир томонлама" деб атаб, Америкаликлар урушда эриша олмаган мақсадларига музокаралар орқали эришмоқчи бўлаётганини айтган.
Икки тарафнинг талаблари бир-бирига қарама-қарши нуқтада турибди. Вашингтон Ҳормуз масаласи ва ядровий дастурни биринчи ўринга қўяди, Теҳрон эса, аввал урушни тўхтатинг, дейди. Бу мантиқий тугун — оддий дипломатия билан ҳал бўладиган нарса эмас. Трамп ёрдам истаб Пекинга боргани ҳам буни исбатлайди. Энди воқеалар ривожи қай тарзда давом этади, буни Qalampir.uz’да кузатишда давом этинг.
Live
Барчаси