“Гренландия ўз халқига тегишли”. ЕИ етакчилари Данияни қўллаб-қувватлади

Олам

image

Кеча, 6 январь куни Европанинг энг йирик давлатлари раҳбарлари АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Гренландияни босиб олиш ҳақидаги навбатдаги баёнотларидан сўнг, Дания ва Гренландия томонида эканини эълон қилди. Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Польша, Испания ва Дания етакчилари бу ҳақда қўшма баёнот берди.

“Гренландия унинг халқига тегишли. Дания ва Гренландия ўртасидаги муносабатларга оид қарорларни фақат шу икки томон қабул қилиши мумкин”, дейилади ушбу баёнотда. 

Польша Бош вазири Дональд Туск ҳам ушбу позицияда қолишини билдирган.

“НАТО аъзоларидан бири бошқасига ҳужум қилмаслиги ва таҳдид солмаслиги керак. Акс ҳолда, альянс ичида можаролар юзага келса, НАТО ўз маъносини йўқотади”, деган Туск. 

Нидерландия Бош вазири Дик Схоф ҳам мамлакати бу баёнотни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган. 

Қайд этиш жоиз, 4 январь куни Дональд Трамп Гренландияни АҚШ таркибига қўшиб олиш таклифини яна бир бор тилга олиб, журналистларга бу орол “миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан АҚШга зарур” эканини айтганди. У Гренландия устидан назорат ўрнатиш учун куч ишлатиш эҳтимолини ҳам инкор этмади. Дания Бош вазири Метте Фредериксен эса 5 январь куни АҚШнинг бундай ҳаракати НАТОнинг барҳам топишига олиб келишидан огоҳлантирди.

Гренландия масаласи АҚШнинг Венесуэладаги ҳарбий амалиётидан кейин яна кескинлашди. Операция давомида АҚШ махсус бўлинмалари Венесуэла Президенти Николас Мадурони қўлга олиб, уни Нью-Йоркка олиб кетган. У ерда Мадурога “наркотерроризм, қурол сақлаш ва гиёҳванд моддалар контрабандаси” бўйича айбловлар қўйилган.

Шу операциядан кейин Трампнинг яқин маслаҳатчиларидан бири бўлган Стивен Миллернинг рафиқаси Кети Миллер ижтимоий тармоқларда Гренландия харитасини АҚШ байроғи рангларида жойлаб, унинг устига “Тез орада” деган ёзувни қолдирган.

5 январь куни Стивен Миллер АҚШ ҳукуматининг расмий позициясини очиқ айтган. 

“АҚШ ҳукумати Гренландия АҚШнинг бир қисми бўлиши керак, деб ҳисоблайди”, деган Миллер. 

Бунга жавобан Европа давлатлари Арктика хавфсизлиги НАТО иттифоқчилари, жумладан АҚШ билан ҳамкорликда таъминланиши кераклигини таъкидлаган. 

“НАТО Арктика минтақасини устувор ҳудуд деб эълон қилган. Европалик иттифоқчилар у ерда ўз иштироки, фаолияти ва сармояларини ошириб, хавфсизликни таъминлаш ва рақибларни жиловлашга ҳаракат қилмоқда”, дейилади баёнотда. 

Гренландия Бош вазири Йенс-Фредерик Нильсен Европа етакчиларининг бирдамлигини олқишлаб, АҚШни ўзаро ҳурматга асосланган мулоқотга чақирган.

Трампнинг таъкидлашича, Гренландияни АҚШ таркибига қўшиш Америка хавфсизлиги манфаатларига мос келади. Чунки, орол стратегик жиҳатдан муҳим ҳудудда жойлашган ва у ерда юқори технологиялар учун зарур бўлган фойдали қазилмалар катта миқдорда мавжуд.

Европа ва Шимолий Америка ўртасида жойлашган Гренландия АҚШнинг ракетага қарши мудофаа тизими учун муҳим аҳамиятга эга. Унинг минерал бойликлари эса Вашингтонга Хитой экспортига бўлган қарамликни камайтиришга ёрдам бериши мумкин.

Маълумот учун, аҳолиси тахминан 57 минг кишини ташкил этадиган Гренландия 1979 йилдан бери кенг автономияга эга. Шунга қарамай, мудофаа ва ташқи сиёсат масалалари ҳануз Дания назоратида.

Сўровлар шуни кўрсатадики, гренландияликларнинг аксарияти Даниядан тўлиқ мустақил бўлиш ғоясини қўллаб-қувватлайди, бироқ улар АҚШ таркибига қўшилишга қатъиян қарши.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дания Ташқи ишлар вазири Ларс Лекке Расмуссен Дональд Трампни Гренландияга “қўл теккизмасликка” чақирганди. Унинг таъкидлашича, АҚШ томонидан оролга қилинган ҳар қандай ҳужум бутун Дания қироллигига қилинган ҳужум сифатида қабул қилинади.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Дональд Трамп Дания Гренландия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг