Грузияда қулаган Туркия самолётида ҳеч ким омон қолмаган
Олам
−
12 Ноябрь 20409 2 дақиқа
Аввалроқ, Туркиянинг Озарбайжондан Грузияга учаётган С-130 ҳарбий транспорт самолёти ҳалокатга учраганди. Самолёт бортида 20 нафар туркиялик ҳарбий хизматчи, жумладан, экипаж аъзолари бўлган ва уларнинг барчаси воқеа жойида ҳалок бўлган. Бу ҳақда Туркия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Вазирлик маълумотига кўра, қидирув-қутқарув ишлари Грузия ҳукумати билан ҳамкорликда олиб борилмоқда. Грузия Ички ишлар вазирлиги ҳам ҳалокатни тасдиқлаган ва самолётнинг Озарбайжон чегарасидан беш километр нарида қулаганини билдирган.
Расмий маълумотларда айтилишича, самолёт ҳеч қандай фавқулодда сигнал юбормаган ва Грузия ҳаво ҳудудига кирганидан бир неча дақиқа ўтиб радарлардан йўқолган. Ҳалокат жойида қалин тутун кўтарилган.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳодиса ҳақидаги хабарни эшитгач, Анқарада қилаётган нутқини тўхтатиб, ҳалок бўлганларни “шаҳидларимиз” деб атаган. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳам ҳамдардлик билдириб, самолёт Ганжадан учганини маълум қилган.
Туркия Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя ижтимоий тармоқда ўз грузиялик мавқедоши Гелой Геладзе билан телефон орқали вазиятни муҳокама қилгани ва у ҳам ҳалокат жойига йўл олганини билдирган.
Маълумот учун, Lockheed C-130 Hercules – бу АҚШнинг Lockheed Martin компанияси томонидан ишлаб чиқилган ўрта ва узоқ масофаларга мўлжалланган ҳарбий-транспорт самолёти. У тупроқ йўлакларга қўниш ва улардан учишга, ҳарбий юклар, шахсий таркиб ва жароҳатланганларни ташишга мўлжалланган. CNN Türk маълумотига кўра, ушбу турдаги самолёт Туркия Қуролли кучлари томонидан турли миссияларда фаол фойдаланилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг F-18 қирувчи самолёти ва MH-60Р Sea Hawk вертолёти Жанубий Хитой денгизида ҳалокатга учраганди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь