Исроил зарбаси оқибатида Ливанда 303 киши ҳалок бўлди
Олам
−
10 Апрель 1464 2 дақиқа
Жорий йилнинг 8 апрель Ливан ҳудудига берилган ҳаво зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 303 нафарга етди. Бу ҳақда Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, “The Guardian” нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, яна 1150 дан ортиқ киши жароҳат олган. Қидирув-қутқарув ишлари ва жасадларни аниқлаш жараёни давом этаётгани сабабли қурбонлар сони яна ошиши мумкин.
Қайд этиш жоиз, 8 апрель куни Исроил Мудофаа вазирлиги Ливанда февраль ойининг охиридан бери энг йирик операцияни ўтказганини маълум қилди. Ўн дақиқа ичида бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳудудларга зарбалар берилган. Ушбу ҳужумлар “Ҳизбуллоҳ” инфратузилмасига қаратилгани айтилмоқда.
Бундан бироз олдин Исроил Эрон бўйича ўт очишни тўхтатганини билдирган. Шу куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан икки ҳафталик сулҳ эълон қилган ва бунинг эвазига Ҳормуз бўғози очилиши талаб қилинган.
Шу билан бирга, Исроил кучлари Ливанда “Ҳизбуллоҳ”га қарши қуруқликдаги операцияларни давом эттирган. АҚШ ва Исроил расмийларига кўра, Ливан бу сулҳ келишувига киритилмаган, бироқ Эрон бунинг аксини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ливан билан тўғридан-тўғри тинчлик музокараларини бошлаш бўйича топшириқ берганди. Нетаньяхунинг айтишича, музокаралар асосан “Ҳизбуллоҳ”ни қуролсизлантириш ва икки давлат ўртасида тинч муносабатларни йўлга қўйишга қаратилади. У Ливан томонидан тўғридан-тўғри мулоқот бошлашга бўлган чақириқларни ҳам ижобий баҳолаган.
Live
Барчаси