Истанбулда Нетаньяхуни ҳибсга олиш учун ордер чиқарилди

Олам

image

Истанбул бош прокуратураси Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг “геноцид содир этиш”да айбланиши бўйича ҳибсга олиш ордерини чиқарди. Кеча,  7 ноябрь куни кечқурун Туркия прокуратураси Х ижтимоий тармоғида маълум қилишича, Нетаньяху билан бирга яна 36 нафар исроиллик ҳукумат ва сиёсий ҳамда ҳарбий арбобларга нисбатан ҳам ҳибсга олиш ордери берилган. Улар орасида Мудофаа вазири Исроил Кац, Миллий хавфсизлик вазири ва ўта ўнгчи “Оцма Йеҳудит” (“Яҳудий куч”) партияси етакчиси Итамар Бен-Гвир ҳамда Исроил Мудофаа армияси бош штаби раҳбари, генерал-лейтенант Эяль Замир ҳам бор.

“Ғазо секторида Исроил томонидан тизимли равишда амалга оширилаётган геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар оқибатида минглаб одамлар, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлди, минглаб инсонлар яраланди, тураржойлар вайрон қилинди”, дейилади прокуратура баёнотида.

Баёнотда шунингдек, Исроилнинг “Эркинлик флотилияси”га қарши қилган ҳаракатлари ҳақида ҳам сўз борган. Унга кўра, октябрь ойида Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини етказиш ниятида йўлга чиққан флотилия кемалари Исроил ҳукумати томонидан тўхтатилган. Улар орасида швед экологик фаоли Грета Тунберг ҳам бўлган.

“Эркинлик флотилияси” ва гуманитар ёрдамни етказиш масаласи

Жорий флотилия 2025 йил август ойи охирида Барселонадан денгизга чиқиб, 40 дан ортиқ кемалар ва елканли қайиқлардан иборат бўлган. Улар бортларида бир неча юз киши, жумладан Тунберг ҳам бўлган. Ташкилотчилар Исроил томонидан таклиф қилинган – ёрдам юкини Ашдод порти орқали етказиш вариантларини рад этган. Шунингдек, 1 октябрда Италиянинг “акцияни тўхтатиш” чақириқларига ҳам жавоб бермаган.

Июнь ва июль ойларида Исроил ҳарбийлари шундай денгиз йўли орқали Ғазога ёрдам етказиш уринишларини тўхтатган, кемаларни тўхтатиб, экипажларни ҳибсга олган ва кейин чиқариб юборган. Грета Тунберг июнь ойидаги флотилияда ҳам иштирок этган ва Исроил армияси уни Ғазо соҳилидан тахминан 185 км узоқликда тўхтатган.

“Эркинлик флотилияси” 2010 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг расмий мақсади – Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказишдир. Бироқ олдинги уринишлар ҳам муваффақиятсиз тугаган – Исроил ҳарбийлари кемаларни соҳил яқинида тўхтатган.

Исроил Ғазо секторига денгиз блокадасини 2007 йилда жорий этган – бу ҲАМАС ҳаракати ҳудудни назоратга олгандан кейин содир бўлган. Бу чоранинг мақсади – денгиз орқали қурол етказилишининг олдини олиш бўлиб, уни Миср ҳам қўллаб-қувватлайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул геноцид Исроил Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг