Қатар ва Уммон Эрон билан музокара ўтказмоқда – ОАВ

Олам

image

Қатар ва Уммон вакиллари Эрон билан норасмий музокараларни бошлаган. Музокаралар эҳтимолий ўт очишни тўхтатиш ва кескинликни камайтиришга қаратилган. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар берди.

Нашр маълумотига кўра, Теҳрон ҳозирча ён бермаяпти ва таслим бўлиш ниятида эмас. Эрон Ғарб давлатларига максимал иқтисодий зарар етказиш имконияти бор деб ҳисоблайди, айниқса Ҳормуз устидан назорат орқали.

Манбаларга кўра, Қатар ва Уммон расмийлари АҚШ ва Исроилнинг ҳарбий устунлиги яқин вақт ичида Эрон ҳукуматини ағдара олмаслигини тушунганидан сўнг ушбу музокараларни бошлаган.

Эрон эса музокараларга фақат АҚШ ва Исроил аввал ҳужумларни тўхтатса қўшилишини билдирган.

Шунингдек, Эрон парламентининг миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат бўйича комиссияси аъзоси кемалар учун Ҳормуз бўғози орқали ўтишда тўлов жорий этилганини маълум қилган. Айрим баёнотларга кўра, бўғоз “Эрон душманлари” учун ёпилиши ҳам мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Эронга навбатдаги ультиматумни қўйганди. У 48 соат ичида Ҳормуз бўғозини блокададан чиқариш, акс ҳолда мамлакатнинг энергетика объектларини йўқ қилиш билан таҳдид қилган.

Эронга қарши уруш ва Ҳормуз бўғози блокадаси

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан буён жаҳон нефть ва суюлтирилган табиий газ ташувларининг қарийб 20 фоизи ўтадиган Ҳормуз бўғози Эрон армияси томонидан амалда тўсиб қўйилган. Эрон, шунингдек, Форс кўрфази минтақасидаги қатор давлатларнинг нефть объектларига ва танкерларга зарбалар бермоқда, бу эса дунёда энергия ресурслари нархининг кескин ошишига олиб келди. Ушбу вазиятда Дональд Трамп НАТО бўйича иттифоқчиларни “қўрқоқликда” айблаб, уларни бўғоз хавфсизлигини таъминлашда фаолроқ иштирок этишга чақирди.

Даллас Федерал захира банки (ФЗБ) ҳисоб-китобларига кўра, агар Ҳормуз бўғози блокадаси июнь ойи охиригача давом этса, иккинчи чоракда жаҳон иқтисодий ўсиши йиллик нисбатда 2,9 фоиз бандга қисқаради. Агар бўғоз йилнинг уч чораги давомида ёпиқ қолса, йил якунига бориб нефтнинг бир баррели нархи 132 долларга етиши башорат қилинмоқда.

Жорий йил 28 февралдан буён АҚШ ва Исроил Эронга авиазарбалар бермоқда. Ушбу ҳужумлар оқибатида Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳамда бир қатор юқори мартабали мулозимлар ва ҳарбийлар ҳалок бўлди. Эрон бунга жавобан Форс кўрфази минтақасидаги қўшни давлатларга ракета ва дронлар билан ҳужум қилмоқда. Ислом Республикаси баёнотига кўра, бу ҳужумлардан мақсад минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларидир. Шунингдек, Эрон зарбалари остида бир неча мамлакатларнинг нефть омборлари ва танкерлари ҳам қолган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Қатар Уммон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг