Қизириқ тумани ва Зарафшон шаҳри ҳудуди кенгайтирилади
Жамият
−
21 Апрель 3499 2 дақиқа
Сурхондарё вилоятининг Қизириқ тумани ва Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри ҳудуди кенгайтирилади. Бу ҳақда бугун, 21 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган тегишли қарорлар лойиҳаларида сўз боради.
Мажлисда депутатлар дастлаб “Сурхондарё вилоятининг Қизириқ ва Жарқўрғон туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги палата қарори лойиҳасини кўриб чиққан. Таклиф этилаётган чегара ўзгартиришларига мувофиқ, Жарқўрғон туманидан 4 740 гектар ер майдонини Қизириқ тумани таркибига ўтказиш назарда тутилмоқда.
Билдирилишича, бу туманларни иқтисодий жиҳатдан бошқариш, 731 та оилада истиқомат қилувчи 4 230 нафар аҳолининг турмуш шароитларини янада яхшилаш, уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга замин яратади. Қишлоқ хўжалиги, айниқса, чорвачиликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, Қизириқ туманини ижтимоий-иқтисодий тараққий эттиришга хизмат қилади.
Мажлисда чегараларга ўзгаришлар киритиш масаласи тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари, халқ депутатлари Қизириқ ва Жарқўрғон туманлари Кенгашлари ҳамда вилоят Кенгашида муҳокама қилиниб, чегараларнинг картографик чизмаси ва чегаралар чизиғининг таснифи маъқуллангани қайд этилган.
Шунингдек, мажлисда “Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри ва Томди тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги палата қарори лойиҳаси кўриб чиқилган. Билдирилишича, чегараларга киритилаётган ўзгартиришлар билан Навоий вилояти Томди туманидан 2 459 гектар ер майдони Зарафшон шаҳри таркибига ўтказилиши белгиланмоқда.
Зарафшон шаҳрининг истиқболли режаси ишлаб чиқилиб, уй-жойлар, саноат, ижтимоий соҳа ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилади. Жумладан, узоқ муддатли бизнес-режага асосан ҳудудда 250 дан ортиқ саноат ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, 90 та ижтимоий соҳа объекти, 500 дан ортиқ савдо-маиший ва хизмат кўрсатиш нуқталари барпо этиш режалаштирилган.
Мажлисда чегараларга ўзгаришлар киритиш масаласи тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари, шунингдек, халқ депутатлари Зарафшон шаҳри ва Томди тумани Кенгашлари ҳамда вилоят Кенгашида муҳокама қилиниб, чегараларнинг картографик чизмаси ва чегаралар чизиғининг таснифи маъқуллангани қайд этилган.
Мазкур масала юзасидан қарор лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг сентябрь ойида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри, Каттақўрғон ва Нуробод туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала муҳокама қилинганди ва Каттақўрғон шаҳри ҳудудини 2,9 минг гектарга кенгайтириш бўйича қарор қабул қилинган эди.
Live
Барчаси