Қозоғистоннинг амалдаги парламенти ваколатлари қачон тугаши айтилди
Олам
−
12 Февраль 435 3 дақиқа
Жорий йилнинг 15 март куни референдумга қўйиладиган янги Конституция лойиҳасига кўра, амалдаги Конституция асосида шакллантирилган Қозоғистон парламенти 2026 йил 1 июлдан ўз ваколатларини тугатади. Бу янги асосий қонун лойиҳасининг 95-моддасида белгиланган.
Лойиҳада айтилишича, Қурултойга сайловлар Конституция кучга кирган кундан бошлаб бир ой ичида Президент томонидан эълон қилиниши ва икки ой ичида ўтказилиши керак.
94-моддага мувофиқ, референдумда қабул қилинган янги Конституция 2026 йил 1 июлдан кучга киради. Амалдаги Конституция ҳам шу кундан ўз кучини йўқотади. Янги Конституция қабул қилинган кун Қозоғистон Республикаси Конституцияси куни сифатида давлат байрами деб эълон қилинади.
Шунингдек, биринчи чақириқ Қурултойнинг илк сессияси очилган кундан бошлаб икки ой ичида Президент депутатлар розилиги билан вице-президентни тайинлаши керак. Худди шу муддатда Конституция суди раиси ва судьялари, Марказий сайлов комиссияси раиси ва аъзолари, Олий аудиторлик палатаси раиси ва аъзолари тайинланади.
Янги таркиб шакллангунга қадар 1995 йил 30 августдаги Конституцияга мувофиқ тайинланган Конституция суди раиси ва судьялари, Марказий сайлов комиссияси раиси ва аъзолари ҳамда Олий аудиторлик палатаси раиси ва аъзолари ўз ваколатларини сақлаб қолади.
Олий суд раиси, Миллий банк раиси, бош прокурор, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси, Олий судьялар кенгаши раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ҳам Конституция кучга кирган кундан бошлаб икки ой ичида тайинланиши лозим.
1995 йил 30 августдаги Конституция асосида сайланган ёки тайинланган Олий суд, маҳаллий ва бошқа судлар судьялари, маслиҳатлар депутатлари ва бошқа мансабдор шахслар эса Конституция ва қонунларда назарда тутилган асослар бўйича ваколатлари тугагунига қадар ўз лавозимларида қолади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг янги конституцияси лойиҳасида сўз эркинлиги ва ахборот тарқатиш эркинлиги бошқа шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматига, шунингдек, фуқароларнинг соғлиғига дахл қилмаслиги кераклиги белгилангани ҳақида хабар берилган эди.
Кеча, 11 февраль куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 2026 йил 15 март куни мамлакатда янги Конституция лойиҳаси бўйича умумхалқ референдумини ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Қозоғистон Конституцияси матнининг 84 фоизи қайта ёзилади, тузатишлар эса 77 та моддани қамраб олади.
Жорий йилнинг 20 январь куни Қизилўрдада бўлиб ўтган Миллий қурултойнинг V йиғилишида Президент Тўқаев мамлакат бир палатали парламент тизимига қайтиши ва у Қурултой деб номланиши, вице-президент лавозими тикланиши, давлат маслаҳатчилари лавозими тугатилиши, шунингдек, Конституцияга қатор ўзгартиришлар киритилишини айтган эди.
Маълумот учун, Қозоғистон Республикаси Конституцияси бугунгача 6 марта ўзгарган ва сўнгги ўзгариш 2022 йилда бўлган эди.
Конституциявий ўзгаришлар:
1998 йилда – президент ва парламент депутатларининг ваколат муддатлари узайтирилди. 2007 йил – пропорционал сайлов тизимига ўтилди ва Биринчи Президентга чексиз марта сайланиш ҳуқуқи берилди. 2011 йил – муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш тартиби белгиланди. 2017 йил – айрим президентлик ваколатлари парламент ва ҳукуматга ўтказилди. 2019 йил – пойтахт номи Нур-Султон деб ўзгартирилиши муносабати билан тузатиш киритилди. 2022 йил – умумхалқ референдуми орқали Конституциянинг учдан бир қисми (33 та модда) ўзгартирилди. Президентлик муддати 7 йил – бир марталик этиб белгиланди.
Live
Барчаси