Қозоғистон тарихидаги энг катта стадион қурилади
Спорт
−
12 Февраль 6910 2 дақиқа
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида мамлакатдаги энг катта футбол аренаси қурилади. Бу ҳақда Олмаота шаҳар қурилиш департаменти журналистларга маълум қилди.
“Олмаота шаҳар қурилиш департаментига ҳозирда халқаро стандартларга жавоб берадиган 45 минг ўринли стадион қуриш учун Медеу тумани, Қулджинский тракт ҳудудидан ер участкаси ажратилди.
Стадион UEFA IV тоифаси талабларига мувофиқ қурилади. Лойиҳа табиий чимли майдон ҳамда 1000 дан ортиқ автомобиль учун автотураргоҳни ўз ичига олади”, дейилади ҳокимлик баёнотида.
Таъкидланишича, қурилиш қиймати лойиҳа-смета ҳужжатлари давлат экспертизасидан ўтгач аниқланади. Иншоотни фойдаланишга топшириш муддати 2027 йилнинг тўртинчи чорагига режалаштирилган.
Янги арена Қозоғистон тарихидаги энг катта стадионга айланади. Ҳозирда мамлакатдаги энг йирик стадион 30 минг ўринли “Астана Арена” ҳисобланади. Шунингдек, Чимкент ва Ақтўбеда 35 минг ўринли ареналар қуриш режалаштирилган.
Таққослаш учун, 45 минг томошабинга мўлжалланган Олмаота стадиони Туриннинг “Ювентус” клуби ўйнайдиган “Аллианз Стадиум” (41 698) ҳамда Лондоннинг “Челси” жамоаси уй стадиони “Стемфорд Бридж” (42 449)дан ҳам каттароқ бўлади.
Маълумот учун, Олмаотадаги асосий футбол аренаси ҳозирда 23 804 томошабинга мўлжалланган Марказий стадион ҳисобланади.
Сўнгги йилларда ушбу аренада Лондоннинг “Челси” ва Мадриднинг “Реал” клублари иштирокидаги учрашувлар ўтказилган. Шунингдек, Қозоғистон миллий терма жамоаси ҳам бу ерда учрашувларини ўтказади.
Шунингдек, шаҳар маъмуриятидан ушбу эски аренани реконструкция қилиш режалари бор-йўқлигига аниқлик киритди.
“Ҳозирда қурилиш бошқармаси Марказий стадионни реконструкция қилиш учун маблағ ажратмаган. Шу сабабли лойиҳа ҳақида батафсил маълумот беришнинг имкони йўқ. Молиялаштириш манбалари аниқлангач, реконструкция ишлари юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади”, дейилади расмий хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ҳам Янги Тошкент ҳудудида йирик спорт иншооти – 55 минг ўринли замонавий футбол стадиони қурилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси