Камчаткадаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди

Олам

image

Россия Федерациясининг Узоқ Шарқ федерал округи ҳудудларида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Камчатка ўлкасида содир бўлган зилзила сабаб огоҳлантирилди. Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги (Россия) Бош консули бу ҳақда ўзининг Telegram-каналида эълон қилди.

Унга кўра, бугун,30 июль куни Россия Федерациясининг Камчатка ўлкаси қирғоқларига яқин жойда жойлашган Тинч океанида кучли зилзила қайд этилган. Зилзила эпицентри Петропавловск-Камчатский шаҳридан 161 км жануби-шарқда, 32 км чуқурликда жойлашган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ер силкиниши магнитудаси 8,7 баллни ташкил этиб, 1952 йилдан кейин Камчатка ўлкасида содир бўлган ер силкинишлари орасида энг каттаси хисобланади.  Мутахассислар яна камида бир ой давомида қайта содир бўлиши мумкин бўлган кучли зилзила жараёни ҳақида огоҳлантирмоқда. Вазият Камчатка ўлкасининг ваколатли хизмат ва ташкилотлари томонидан доимий назоратга олинган.

Тинч океанида содир бўлган зилзиладан сўнг Камчатка ўлкаси ва Сахалин вилоятидаги бир қанча аҳоли пунктлари учун сунами хавфи эълон қилинган. Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Камчатка ўлкаси ва Сахалин вилояти қирғоқларида истиқомат қилувчи аҳолига сув сатҳидан баландроқ жойларга чиқишни ва сувга яқинлашмасликни тавсия қилмоқда.

Камчатка ўлкаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, зилзила вақтида жабрланган маҳаллий фуқаролар шифокорлар назоратида, барча беморларга зарурий ёрдамлар кўрсатилмоқда, жиддий жароҳат олганлар мавжуд эмас.

Зилзила оқибатида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида жароҳатланган ёки вафот этганлар йўқ.

Бош консулхона Камчатка ўлкаси ва Сахалин вилояти ҳудудида вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини фавқулодда вазиятлар хизматлари кўрсатмаларига риоя қилишга ва ҳотиржамликни сақлашга чақиради.

Зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерацияси Владивосток шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари мурожаат этишлари мумкин:

  • +7(423) 260-48-00;
  • +7(902) 078-70-07.

Мақола муаллифи

Теглар

Зилзила Узоқ Шарқ Камчатка

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг