Канадада 27 йил ичида илк бор қизамиқ эпидемияси аниқланди

Олам

image

Канадада 1998 йилдан бери илк бор қизамиқ эпидемияси қайд этилди. Бу ҳақда халқаро соғлиқни сақлаш мутахассисларига таяниб, “The Guardian” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, мамлакатларда сўнгги пайтларда болалар орасида эмлаш даражаси пасайгани сабабли вирус Шимолий ва Жанубий Америкада тез тарқалмоқда. Мутахассислар Канадада бир йилдан бери вирус тарқалиш ҳолатлари қайд этилаётганини таъкидлаган. Хусусан, 2025 йил давомида мамлакатда 5 138 та касалланиш ва 2 та ўлим ҳолати қайд этилган. Ҳалок бўлганлар ҳомиладорлик пайтида вирус юқтириб, муддатидан олдин туғилган чақалоқлардир.

“Қизамиқдан ҳоли” мақоми расмий унвон бўлса-да, у юқумли касалликка қарши катта ютуқ сифатида баҳоланади. Мамлакатлар бу мақомни вируснинг маҳаллий даражада узлуксиз тарқалишига барҳам берганида қўлга киритади. Аммо саёҳатлар орқали келтирилган алоҳида ҳолатлар бўлиши мумкин.

Қизамиқ одатда юқори иситма билан бошланади, сўнг юз ва бўйинда тошмалар пайдо бўлади. Касаллик кўп ҳолларда тузалади, аммо Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, у ёш болалар орасида ўлимга энг кўп сабаб бўладиган юқумли касалликлардан биридир. Вируснинг жиддий асоратлари кўрлик ёки мия шишишидир. Мазкур ҳолат айниқса болалар ва 30 ёшдан ошган катталарда кўп учрайди. Касалликдан ҳимоя эса оддий эмлаш орқали амалга оширилади.

“Бу жуда ташвишли ва, очиғини айтганда, уятли ҳолат. Канада каби бой мамлакат қизамиқни йўқ қилиш мақомини йўқотмаслиги керак эди”, дейди Браун университети олими Женнифер Нуззо.

Канада қизамиқдан 1998 йилда, АҚШ эса 2000 йилда халос бўлган эди. Кейинчалик, муваффақиятли эмлаш дастурлари натижасида 2016 йилда бутун Америка қитъаси қизамиқдан холи ҳудуд деб тан олинган. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, 2000–2023 йиллар оралиғида эмлаш 6,2 миллион одамнинг ҳаётини сақлаб қолган.

Бироқ сўнгги йилларда эмлаш даражаси зарур 95 фоизлик кўрсаткичдан пастлаб кетган. 2018–2019 йилларда Венесуэла ва Бразилияда йирик эпидемиялар юзага келиб, минтақа мазкур мақомни йўқотган эди. 2024 йилда эса мақом қайта тикланган, аммо энди Канададаги вазият туфайли яна бекор қилинмоқда. Америка соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари Канада маълумотларини таҳлил қилиб, вирус мамлакатда бир йил давомида узлуксиз тарқалганини тасдиқлаган.

“Қизамиқни тўхтатиш ҳар доим қийин бўлган. Аммо биз буни икки марта уддалаганмиз, учинчи марта ҳам уддалаймиз”, дейди ташкилот директори Жарбас Барбоса.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг Гуандун провинциясида деярли 4 мингта янги чикунгуня безгаги ҳолати қайд этилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Канада қизамиқ эпидемияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг