Канада SAFE мудофаа фондига қўшилди
Олам
−
02 Декабрь 975 2 дақиқа
Канада Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлар орасида биринчи бўлиб “Европа учун хавфсизлик ҳаракати” (SAFE) ташаббусига қўшилди. Бу Оттавага ЕИ томонидан кафолатланган имтиёзли кредитлар орқали қурол-аслаҳалар харид қилиш имконини беради. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Келтирилишича, кеча, 1 декабрь куни Европа Иттифоқи ва Канада Оттаванинг SAFE мудофаа дастурига қўшилганини расман эълон қилган. 150 миллиард евролик ушбу фондга кириш ҳуқуқи Канада компанияларига ҳарбий техника харид қилишда молиявий имтиёзлар яратади.
Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ва Канада Бош вазири Марк Карни қўшма баёнотида биргаликда глобал хавфсизлик учун муҳим даврда саноатлар ўртасида мустаҳкам мудофаа таъминот занжирларини шакллантиришини маълум қилди.
Канада SAFE'га кириш ҳуқуқига эга бўлган биринчи ЕИ'га кирмаган давлат сифатида тарихга кирди. Марк Карнининг таъкидлашича, бу қадам Канаданинг мудофаа таъминоти тизимини диверсификация қилиш, шунингдек, мамлакатнинг Европа Иттифоқи билан алоқаларини кучайтиришга хизмат қилади.
“Канаданинг SAFE'даги иштироки асосий қобилият бўшлиқларини тўлдиради, канадалик етказиб берувчилар учун бозорларни кенгайтиради ва Европа мудофаа инвестицияларини мамлакатга жалб қилади,” деди Карни.
Аввалроқ Буюк Британия ҳам SAFE'га қўшилиш истагини билдирган, бироқ Лондон талаб этилган кириш бадалидан норози бўлгани учун музокаралар тўхтаб қолганди.
Маълумот ўрнида, “Европа учун хавфсизлик ҳаракати” (SAFE) жамғармаси 2025 йил май ойида Европанинг Россиядан келаётган хавфлар фонида мудофаа салоҳиятини кучайтириш мақсадида ташкил этилган. Ташаббуснинг асосий мақсадлари – Европанинг мудофаа қудратини ошириш, Украинага ёрдамда ва умумий хавфсизликда АҚШга қарамликни камайтириш, Европа мудофаа саноатини мустаҳкамлаш ҳисобланади.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь