Катта уруш. Хоманаий ва оиласи йўқ қилинди
Таҳлил
−
01 Март 7438 10 дақиқа
Эпик ғазаб операцияси
Берилган муддат тугади. Трампнинг сабр косаси тўлди. Бошланиши узоқ чўзилган ҳужумга айнан бугун, жорий йилнинг 28 февралида старт берилди. Қўшма Штатлар Эронга қилинган ҳужумни "Эпик ғазаб операцияси" (Operation Epic Fury) деб атамоқда. Эрон ўт ичида. Хўш дунёда нималар бўлмоқда?
Трампнинг старт тўппончаси
Қатор эълон қилинган таҳдидли нутқлар ва итервюлардан сўнг ва ниҳоят АҚШ Президенти Доналд Трамп “тепкини босди”, Эронга қарши йирик жанговар операцияларни бошлаганини эълон қилди. 28 февраль куни эрталаб ўзининг Truth Social саҳифасида эълон қилинган 8 дақиқалик нутқида Эрон хавфидан Америкаликларни ҳимоя қилишга қаратилган ҳужумларни бошланганини расман тасдиқлади.
"Бизнинг мақсадимиз - Эрон режимининг яқинлашиб келаётган таҳдидларини бартараф этиш орқали Америка халқини ҳимоя қилиш. Бу жуда қаттиққўл ва даҳшатли одамлардан иборат ёвуз гуруҳ. Унинг таҳдидли фаолияти Қўшма Штатлар, бизнинг қўшинларимиз, хориждаги базаларимиз ва бутун дунё бўйлаб иттифоқчиларимиз учун тўғридан-тўғри хавф туғдиради", деди у.
Трамп Эронни йиллар давомида Америка учун таҳдид бўлиб келган давлат сифатида таърифлади. У ўз нутқида Эрон билан боғлиқ бир қатор тарихий воқеаларни эслатиб ўтди. Жумладан, 1979 йил 4 ноябрда Теҳрондаги АҚШ элчихонасининг эронлик инқилобий талабалар томонидан босиб олиниб, 52 нафар америкалик дипломат ва бошқа ходимлар 444 кун давомида асирликда ушлаб турилгани, 1983 йилда Ливандаги АҚШ денгиз пиёдалари казармасига уюштирилган ҳужум, “Ироқ озодлиги операцияси” даврида Эроннинг Ироқдаги аралашуви ҳамда 2023 йил 7-октябрь куни Исроилга уюштирилган террор ҳужумларини тилга олди. Мана шундай “қора тарих”га эга давлатнинг ядро қуролига эга бўлишига ҳеч қачон йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.
Жимжимадор сўзларни севувчи Оқ уй раҳбари Теҳронга уюштирилган ҳужумларни “олийжаноб миссия” деб атамоқда. Унинг сўзларига кўра Қўшма Штатларнинг ўз олдига қўйган мақсадлари : ядровий дастурни бутунлай барбод қилиш, Эрон режимининг минтақавий вакилларга қурол тарқатиш қобилиятини йўқ қилиш, Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини (ИГРC) мағлуб этиш ва режимни ўзгартириш. Яна Трамп бу вазифаларни бажаришда маҳаллий халқни ёрдамга чақирди.
Эрон ёнмоқда
Исроил мудофаа расмийларининг сўзларига кўра, Эронга ҳужумлар эрталаб маҳаллий вақт билан соат 08:10 да бошланган. Ҳеч қандай расмий огоҳлантиришларсиз, халқаро ҳуқуқ нормаларига очиқчасига тупурган ҳолда, шунчаки тинч аҳоли устига ракета “ёғдириди”. “Шер нараси” номи билан аталган Исроил операцияси нишонлари орасида Эроннинг қатор нуфузли шахслари ҳам бўлган. Кечга келиб “Reuters” нашри чиқарган хабарларда, Эрон мудофаа вазири Амир Носирзода ва Инқилобий гвардия қўмондони Муҳаммад Пакпур Исроил ҳужумларида ҳалок бўлгани айтилган. Ҳатто Олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаининг ўлими ҳақидаги хабарлар ҳам дунёнинг нуфузли нашрларида тарқала бошлади. Бироқ Исроил ва АҚШ ҳужумлари оқибатида 86 ёшли Хоманаий ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотни 1 март куни Эрон давлат телевидениеси тасдиқлади.
Эрон ҳудудига уюштирилган ҳужум чоғида Оятуллоҳнинг оила аъзоларидан тўрт киши – қизи, куёви, набираси ва келинларидан бири ҳам вафот этган.
Хоманаий 1989 йилдан бери Эронни бошқариб келаётган эди. Олий раҳбар сифатида у ушбу Ислом Республикасидаги ҳукуматнинг барча тармоқлари, ҳарбийлар ва суд тизими устидан мутлақ ваколатга эга эди.
Оятуллоҳнинг вафоти муносабати билан мамлакат бўйлаб 40 кунлик умумхалқ мотами ва 7 кунлик умумхалқ дам олиш кунлари эълон қилинди.
Хоманаий ўлими ҳақидаги хабарлар Исроилда байрам тарзида нишонланмоқда. Трутҳ Сосиал тармоғида Трамп томонидан жойланган постда у Хоманаий ўлганини расман эълон қилди.
“Хоменеи, тарихдаги энг ёвуз одамлардан бири, ўлди. Бу нафақат Эрон халқи учун адолатдир, балки барча буюк америкаликлар ҳамда Хоменеи ва унинг қонхўр безорилар тўдаси томонидан ўлдирилган ёки майиб қилинган дунёнинг кўплаб мамлакатларидан бўлган инсонлар учун ҳам адолатдир. У бизнинг разведкамиз ва юқори даражадаги замонавий кузатув тизимларимиздан қочиб қутула олмади. Исроил билан яқин ҳамкорликда ишлаган ҳолда, у ёки у билан бирга йўқ қилинган бошқа раҳбарлар ҳеч нарса қила олмади”, деб ёзади АҚШ Президенти.
Исроил кутилмаган вақтда Теҳронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Меҳр” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган.
Терҳрондан ташқари Исфаҳон, Табриз, Кирмоншоҳ, Қом, Караж ва Чобаҳор каби мамлакатнинг йирик шаҳарлари ўққа тутилган. 200 дан ортиқ оддий аҳоли ушбу ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлди, 750 га яқин инсон жароҳатланди. Минаб шаҳридаги қизлар мактабига қилинган ракета ҳужуми ҳам жиддий талофатлар келтирди. Портлашда 160 нафар ўқувчи қиз ҳалок бўлгани айтилмоқда. 1977 йилги Женева конвенциясига биринчи қўшимча протаколнинг 57-моддасида белгиланганидек тинч аҳолига таъсир қилиши мумкин бўлган ҳужумлар олдидан огоҳлантириш бериш талабини ҳеч бир давлат инобатга олмагани ҳам дунёда асосий ўринга куч-қудрат кўтарилганининг ёрқин исботидир.
АҚШ ва Исроил ҳужумларга фақатгина қурол билан тайёроланмагани ҳам тез орада маълум бўди. Ракеталар ортидан Эроннинг қатор янгилик каналларига, жумладан, IRNA’га ҳам киберҳужумлар уюштирилди. Ҳаккерлар ушбу тармоқларда режимга қараши мақолалар жойлади, интернетдан узиб қўйгани ҳақида хабарлар тарқатди.
Барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.
Эрон қарши ҳужумда
Гарчи эртами-кечми, ҳужумнинг бўлиши аниқ бўлган бўлса-да, бу галги ҳужумларни ҳам Теҳрон бартараф эта олмади, аммо, тезда жавоб зарбасини беришни бошлади. Эроннинг ҳарбий салоҳияти ҳар қанча кучли бўлмасин, океан ортидаги АҚШга зарба бериш имконияти чекланган, Исроилнинг ҳимоя девори ҳам анча мустаҳкам. АҚШ ҳарбий базаларига ҳужум уюштира бошлаган Эроннинг душмани кўпайди.
АҚШ-Исроил зарбаларидан кейин Теҳрон ўзининг ҳудудидан бир нечта яқин минтақавий нишонларга қарши ракета отиш ва дронлар учириш билан жавоб берди. Бу ҳужумлар нафақат Исроилга, балки АҚШ ҳарбий базалари жойлашган Баҳрайн, Қатар, Кувайт ва бошқа кўплаб ҳудудларга қаратилди. Эроннинг қарши зарбалари, бирданига йирик ҳужум кампанияси дейиш қийин. Бу ҳужумлар натижасида баъзи ҳудудларда портлашлар рўй берган, бироқ кенг кўламли бахтсиз ҳодисалар ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.
Стратегик таҳлилчилар бу қарши ҳужумни икки асосий мақсадда баҳоламоқда. Биринчидан, Эрон режими халқ олдида ўз кучини йўқотмаслик ва минтақада ўз мавқеини мустаҳкамлаш истагида бўлган. Иккинчидан, бу жавоб чоралари орқали Теҳрон ўз детеррент салоҳиятини – яъни ҳужумга қодир эканлигини кўрсатиш ниятида эди. Бироқ бу ҳужумлар келгусида янада кенгашган тўқнашув ва авж олиш хавфини келтириб чиқаради.
Минтақадаги бошқа давлатлар жавоб ҳужумларни ўз қарашларига кўра баҳоламоқда. Баъзи давлатлар, жумладан Саудия Арабистони ва БАА, Эроннинг қарши ҳужумларини халқаро қонунларни бузиш сифатида танқид қилган. Улар бу зарбалар минтақавий тинчлик ва барқарорликка таҳдид солаётганини таъкидламоқда.
Бирлаш Араб Амирлигида содир бўлаётган портлашлар Эрон билан араб мамлакатлари орасидаги кескинлашувни ошириши табиий. Абу Даби ва Дубайдаги тинч аҳолига қилинган дрон ҳужумлари акс этган видеолар кўпчиликни ҳайратга солмоқда. Ал Дафра ҳаво базасига йўналтирилиган ҳужум ҳаракатлари ўз векторидан чиқиб кетди.
Шу билан бирга, Эроннинг турли ҳудудлардаги прокси кучлари, Ливандаги Ҳизбуллоҳ, Ямандаги Ҳусийлар каби ҳарбий гуруҳлар фаоллиги ошиб, Эронни қўлаб-қувватлашини билдирган. Уларнинг Исроилга ҳужумлари Тел-Авивни мураккаб аҳволга солиб қўйиши мумкин. Аммо, уларнинг ҳужумга киришиш эҳтимоли ҳали сўроқ остида.
Халақаро реакциялар
Яқин Шарқдаги кескинлик кўплаб халқаро акторларнинг кескин норозиликларига сабаб бўлди. Кимдир тинч йўл танланмагани учун ҳар икки томонни койиса, яна кимдир Эроннинг жавоб ҳужумларини ортиқча “агрессия” деб баҳолайди. Аниқ тўхтам мавжуд эмас.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Антонио Гутеррес бошчилигида ҳарбий эскалацияни қатъиян қоралади ва зиддиятни тинч йўл билан ҳал этишга чақирди. Гутеррес ҳар икки томоннинг ҳам куч ишлатиши минтақавий ва халқаро тинчлик учун жиддий хавф туғдиришини таъкидлаб, “дарҳол тўхтатиш” чораларини талаб қилди
“Қўшма Штатлар ва Исроилнинг Эронга қарши куч ишлатиши ва кейинчалик Эроннинг минтақа бўйлаб қасос олиши халқаро тинчлик ва хавфсизликка путур етказмоқда”, дейди Гуттериш.
Кўплаб Европа давлатлари ҳам вазиятга муносабат билдирди. Eвропа Иттифоқи (EИ) энг нуфузли икки раҳбари Урсула фон дер Леен ва Антонио Коста, ҳар икки томоннинг тинч аҳолини ҳимоя қилган ҳолда энг юқори даражада самарали чекловларни кўришига чақирди ва халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишни талаб қилди. EИ сиёсий етакчилари, шу жумладан Франция, Германия ва Буюк Британия раислари, Эрон билан музокараларни янгидан бошлаш кераклигини айтиб, кенг кўламли эскалацияни хавфли деб баҳолади.
Араб давлатлари ичида реакциялар ҳам жуда турлича бўлди. Қатар, БАА, Баҳрайн ва Саудия Арабистони Эроннинг ракета ҳужумларини қатъиян қоралаб, бу ҳаракатларни суверенитет ва ҳудудий яхлитликка қарши қилинган тажовуз сифатида баҳолади.
Бироқ бошқа томонларда чиқишлар бошқача бўлди. Ўмон расмийлари Эрон ва АҚШ ўртасидаги дипломатик музокаралар ҳали давом этар экан, ҳужумларнинг дипломатик жараённи тўхтатиб қўйаётганини танқид қилди ва тезроқ қуролли низони тўхтатишни талаб қилди.
Осиё давлатлари, жумладан Хитой ва Ҳиндистон, ҳужумларни тугатиш ва дипломатик ечим топиш тарафдори эканликларини маълум қилди. Хитой ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги ҳурмат қилиниши керак деб қайд этди ва зиддиятнинг кескинлашмаслигини сўради. Ҳиндистон эса барча томонларга “ўзаро ҳурмат ва тинчлик учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишни” тавсия қилди.
Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари ва собиқ президент Дмитрий Медведев эса АҚШ ва Исроил ҳужумларини кескин танқид қилди.
“Тинчликпарвар асл қиёфасини кўрсатди. Эрон билан олиб борилган музокаралар шунчаки ниқоб эди. Буни ҳамма биларди. Энди душманнинг аянчли якунини кутишга кимнинг сабри етади? Аслида ҳеч ким жиддий музокара олиб боришни истамаган”, деган Медведев.
Канада ҳам АҚШнинг ҳудудий ва хавфсизлик чораларини қўллаб-қувватлашини билдирган ҳолда, Эроннинг ядро қуролига эга бўлишига йўл қўйилмаслигини таъкидлади. Бошқа томондан, баъзи давлатлар, жумладан Покистан, ҳозирги зарбаларни “ноқонуний ҳужумлар” деб қоралади ҳамда зиддиятни тез орада музокаралар орқали ҳал этиш тарафдори эканлигини билдирди.
Бундан ташқари, Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ бошчилигидаги зарбаларни қўллаб-қувватлаб, Эронни Россия билан яқин алоқада бўлишда айблади ва бу ҳаракатни глобал хавфсизлик нуқтаи назаридан муҳим деб атади.
Ўзбекистон ҳам мазкур вазиятга нисбатан ўз позициясини билдириб, томонларни музокараларга чорлади.
“Барча томонларни вазминликка даъват этиб, нафақат ҳарбий-сиёсий, балки гуманитар жиҳатдан олдиндан кўриб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган хавфли кескинлашувга сабаб бўладиган кейинги қадамлардан тийилишга чақирамиз.
Вужудга келган инқирозни халқаро ҳуқуқ нормалари асосида, сиёсий-дипломатик воситалар орқали ва ўзаро мақбул мулоқот йўли билан ҳал этиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлаймиз”, дейилади Таашқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Умуман олганда, дунё ҳамжамияти ҳозирги воқеаларни хавотир билан кузатмоқда. Кўпчилик давлатлар ва халқаро ташкилотлар эскалацияни камайтириш, тинчлик йўлини топиш ва халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишни талаб қилмоқда. Ҳеч кимга навбатдаги халқаро можаро керак эмас. Дунёга тинчлик керак.
Live
Барчаси