Келаси йил “Марказий Осиё – Корея” саммити бўлиб ўтади
Жамият
−
15:37 635 2 дақиқа
“Марказий Осиё – Корея Республикаси” форматида олий даражадаги саммит бўлиб ўтади. Бугун, 17 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси ва Марказий Осиё давлатлари парламентлари раҳбарларининг учинчи учрашувида иштирок этиш учун Тошкентга келган Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери У Вон Шик бошчилигидаги делегация билан саммит доирасидаги тадбирларнинг кун тартибини пухта тайёрлаш ҳақида гаплашди.
Учрашув аввалида олий мартабали меҳмон давлат раҳбарига Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мённинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шерикликни, жумладан, парламентлар ҳамкорлиги орқали янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Сиёсий ва парламентлараро алоқалар жадал тус олгани мамнуният билан қайд этилди. Билдирилишича, товар айирбошлаш ҳажми ҳамда Кореядан, биринчи навбатда, иқтисодиётни модернизация қилиш ва юқори технологияли саноат тармоқларини ривожлантиришга йўналтирилаётган инвестицияларнинг сони ортиб бормоқда.
Шунингдек, гуманитар ва таълим алмашинувлари кенгаймоқда. Ўзбекистонда Корея етакчи университетларининг тўртта филиали, шунингдек, ҳудудлардаги профессионал таълим марказлари муваффақиятли фаолият юритмоқда.
“Инфратузилмани ривожлантириш, транспорт ва логистика, нодир металлар ва ўта муҳим хомашёни қайта ишлаш, шунингдек, қонун ижодкорлиги фаолиятини рақамлаштириш ва бошқарувда илғор ечимларни жорий этиш бўйича кооперация лойиҳаларини амалга ошириш қўллаб-қувватланди.
Парламентлараро ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ҳамда парламентлардаги “дўстлик гуруҳлари” ишини фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди”, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Маълумот учун, 2024 йилнинг июнида Жанубий Кореянинг ўша вақтдаги президенти Юн Сок Ёлнинг Марказий Осиё давларларига ташрифи давомида минтақанинг бешта давлати иштирокида “Марказий Осиё – Корея” форматидаги биринчи саммитни ташкил этиш ва 2025 йил Сеулда унинг йиғилишини ўтказишга келишилганди. Бироқ 2025 йилнинг июнида Юн Сок Ёлнинг ҳарбий ҳолат жорий этишга муваффақиятсиз уринишидан кейин юзага келган сиёсий ўзгаришлар сабаб “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммити 2026 йилга қолдирилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19-20 декабрь кунлари Япониянинг Токио шаҳрида Марказий Осиё – Япония саммити ўтказилиши хабар қилинганди. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев эса 18-20 декабрь кунлари Японияга расмий ташриф билан боради.
Live
Барчаси