Хитой фуқароларини Японияга бормасликка чақирди
Олам
−
18:39 2043 2 дақиқа
Бугун, 26 январь куни Хитой расмийлари ўз фуқароларини Япониянинг энг узун давлат таътили – Янги йил байрами вақтида ушбу мамлакатга сафар қилмасликка чақирди. Бунга сабаб сифатида Япония ва Хитой ўртасидаги Тайвань юзасидан зиддиятлар кўрсатилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Японияда “Хитой фуқароларига қарши жиноятлар сони ошгани”, шунингдек, зилзилалар хавфи мавжудлиги қайд этилган. Унга кўра, хитойликлар Японияда жиддий таҳдидларига дуч келиши мумкин.
Қайд этиш жоиз, Япония Бош вазири Санаэ Такаичи 2025 йил ноябрь ойида Хитой Тайванга ҳужум қилса, Токио ҳарбий жавоб бериши мумкинлиги ҳақида айтганди. Такаичининг ушбу баёноти Хитой расмийларининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Бунинг ортидан экспорт чекловлари, айрим авиақатновларнинг бекор қилиниши ҳамда давлат ОАВларида Япония танқид қилинганди.
Шундан сўнг Хитой Мудофаа вазирлиги Токиони Тайвань масаласида куч ишлатишга аралашса, “қаттиқ ҳарбий мағлубиятга учраши” мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Япония Туризм вазирининг маълум қилишича, ўтган йилнинг декабрь ойида Японияга келган хитойлик сайёҳлар сони 45 фоизга камайган. Шунга қарамай, мамлакатга ташриф буюрган умумий сайёҳлар сони рекорд даражага етган.
Хитой ўз фуқароларини Японияга боришдан қайтарар экан, мамлакат Жанубий Корея билан алоқаларни мустаҳкамлаш фонида визасиз режим жорий этган. Ислоҳотлар ортидан Жанубий Кореядан Хитойга, Хитойдан Жанубий Кореяга саёҳат қилувчи туристлар сони сезиларли даражада ошган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой Япония билан кескинлашув фонида Корея билан алоқаларни яхшилаётгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси