Расман: энди СИ ёрдамида шахсга доир маълумотларга ишлов берганлар жазоланади

Жамият

image

Ўзбекистонда сунъий интеллект ёрдамида шахсга доир маълумотларга ноқонуний ишлов берганлик учун жавобгарлик белгиланди. Бу ҳақда бугун, 21 январь куни Ўзбекистон Республикаси қонуни билан қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунда келтирилган.

Қайд этилишича, қуйидагиларга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган: 

  • сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишнинг умумий асосларини белгилаш;
  • ушбу соҳадаги ваколатли давлат органининг ваколатларини аниқлаштириш.

Унга кўра, сунъий интеллект – инсоннинг билим ва кўникмаларига тақлид қилиш, мустақил ўрганиш, ечимларни излаш ва аниқ вазифаларни бажаришда инсон ақлий фаолияти натижалари билан таққосланадиган натижаларни олиш имконини берувчи технологик ечимлар мажмуи.

Инсоннинг ҳуқуқи ва эркинлигига алоқадор бўлган юридик аҳамиятга эга қарорларни қабул қилишда фақат сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган технологиялар асосида ишлайдиган ахборот тизимлари хулосаларига таяниш мумкин эмас.

Шунингдек, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш, уларни Оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари ёки интернет тармоғида тарқатиш:

  • маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуролларини мусодара қилиб, БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача (41 млн 200 минг сўмгача) жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон 2025 йилда сунъий интеллектдан фойдаланиш даражаси бўйича дунёнинг 147 мамлакати орасида 141-ўринни эгаллагани ҳақида хабар берилган эди. Мамлакатда нейрон тармоқлардан фойдаланиш даражаси атиги 6,3 фоизни ташкил этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

сунъий интеллект дипфейк

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг