Маҳмуд Аббос Исроилни сулҳ шартларини бажаришга чақирди
Олам
−
18:01 895 2 дақиқа
Бугун, 14 февраль куни Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос Африка Иттифоқининг Эфиопияда бўлиб ўтган саммитида Исроилни Ғазо бўйича сулҳ келишуви доирасидаги келишувларга амал қилишга чақирди. Бу ҳақда “Al Arabiya” хабар берди.
Саммитда Маҳмуд Аббоснинг нутқини Фаластин бош вазири Муҳаммад Мустафо ўқиб эшиттирган. Унда келишувнинг иккинчи босқичи билан боғлиқ қоидаларни тўлиқ бажариш, жумладан, Ғазонинг кундалик бошқарувини назорат қилиш учун тузилган қўмитага зарур шароит яратиш зарурлиги таъкидланган.
Президентнинг сўзларига кўра, хизматлар давомийлигини таъминлаш, гуманитар ёрдамни мувофиқлаштириш ва тезкор тикланишни бошлаш учун мавжуд тўсиқлар бартараф этилиши лозим. Аббос Исроилни ўтган йил октябрь ойида кучга кирган ва АҚШ кўмагида эришилган сулҳ келишувини бузишда давом этаётганликда айблади. Унга кўра, ўт очишни тўхтатиш эълон қилинганидан буён Ғазода 500 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.
Ўтган ой АҚШ воситачилигида Исроил ва ҲАМАС ўртасида тузилган келишувнинг иккинчи босқичи бошланган. Ҳужжат Ғазодаги урушни тўлиқ якунлашни назарда тутади ва 2025 йилнинг ноябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан маъқулланган.
Келишувнинг иккинчи босқичига кўра, Исроил кучлари Ғазодан босқичма-босқич чиқиб кетиши, ҲАМАС эса қуролсизланиши ҳамда хавфсизлик таъминланиши керак. Бироқ, ҲАМАС қуролсизланишни рад этиб, қуролларни келажакда Фаластин бошқарув органига топшириш масаласини кўриб чиқишини билдирган.
Ҳозирда Исроил армияси Ғазо секторининг ярмидан кўп қисмини назорат қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил 2025 йилнинг 10 октябрь куни бошланган ҲАМАС билан сулҳ келишувидан сўнг Ғазодаги ўз назорати остида қолган ҳудудлардаги 1 500 дан ортиқ биноларни вайрон қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиҚашқадарё ва Самарқандда дўл ёғди
13 Февраль