“Марказий Осиё ёшларининг ДНКсида бўйсуниш ҳисси йўқ”. Бекмуродов Михеевга жавоб қайтарди (видео)
Жамият
−
28 Январь 6800 4 дақиқа
Аввалроқ, россиялик пропагандачи Сергей Михеев Владимир Соловьёвнинг “Россия 1” телеканалидаги “Вечер с Владимиром Соловьёвым” дастури эфирида Россия узоқ йиллар давомида Марказий Осиё давлатларини қўллаб-қувватлаб келгани, шунинг учун мазкур давлатлар “ўз ўрнини билиши” кераклигини айтган эди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов Михеевнинг мазкур гапларига муносабат билдирдиб, ҳозирги Марказий Осиё ёшларининг ДНКсида бўйсуниш ҳисси йўқлигини айтди.
“Афсуски, ҳали-ҳануз телевизион студияларда ўтириб ўтган аср категориялари билан яшашга уринаётган “эксперт”ларга мурожаат қилмоқчиман. Илтимос, қулоқ солинг ва мана шу реалликни яхшилаб ёдда тутинг.
Биринчидан, Марказий Осиё ва Кавказ — бу энди кечаги минтақа эмас. Бу – очиқ, мустақил, иқтисодий жиҳатдан кучли субъектдир. Бу ерга Хитой, Туркия, Европа Иттифоқи, шу жумладан Россия томонидан миллиардлаб инвестициялар киритилмоқда. Улар, энг аввало, барқарорликка сармоя киритмоқда.
Иккинчидан, минтақамиз давлатлари чегаралар ва бошқа баҳсли лойиҳалар билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиб бўлди. Биз кўпчилик масалалар бўйича ягона келишувга келдик. Ҳозир конструктив, ягона позицияни илгари суряпмиз. Регион ҳеч қачон бугунгидек якдил бўлмаган, шунинг учун бу ерда провокация уюштиришга бўлган ҳар қандай уриниш — шунчаки вақтни бекорга сарфлашдир”, дейди Бекмуродов.
Шунингдек, у Марказий Осиёнинг демографик салоҳиятини ҳам урғулаган ва бугунги кунда минтақа ёшларининг ДНКсида бўйсуниш ҳисси йўқлигини айтган.
“Учинчидан, демографияга қаранг. Марказий Осиё — бу 80 миллион аҳоли, уларнинг қарийб 60 фоизи 35 ёшгача бўлган ёшлардир. Бу фаол ёшлар. Улар мустақиллик руҳида улғайган. Уларнинг ДНКсида бўйсуниш ҳисси йўқ, бундай теледастурлар билан уларни қайта тарбиялаб бўлмайди. Улар эркинликни, ўз йўлини ва мустақил давлатлар танлаган йўлни қадрлайди”, дейди Бекмуродов.
Бундан ташқари, у бундай баёнотлар Россия бизнесига салбий таъсир қилишини айтган.
“Тўртинчидан, оғзаки тажовуз, аввало, Россия бизнесига салбий таъсир қилади. Бутун минтақада Россия бизнеси транспортдан тортиб энергетикагача бўлган кўплаб соҳаларда етакчи ўринларни эгаллаб турибди. Бундай баёнотлар, энг аввало, айнан шу компанияларни давлат идоралари, ҳамкорлар ва бу мамлакатлар фуқаролари олдида жуда ноқулай аҳволга солиб қўяди. Сиз аслида ўз бизнесингизнинг оёғидан чаляпсиз. Буни тушунишингиз керак: улар муносабатлар қуришга ҳаракат қиляпти, сиз эса уларни вайрон қиляпсиз.
Бу риторикани тўхтатиш вақти келди! Иттифоқчилик руҳига мос ҳаракат қилиш керак. Келинг, етакчиларимиз, энг аввало Россия Федерацияси раҳбари айтиб келаётган ҳақиқий шериклик йўлидан борайлик. Тенгма-тенг мулоқот қилишни ўрганинг”, дейди Бобур Бекмуродов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Рус дунёси” мафкурасининг асосчиларидан бири ҳамда кремльпараст пропагандист Александр Дугин Собиқ СССР таркибида бўлган мамлакатлар, жумладан Ўзбекистоннинг ҳам мустақиллигини қабул қилиб бўлмаслиги ҳақида гапирганди.
Қолаверса, 10 январь куни россиялик телебошловчи, Кремлга яқин яна бир пропагандист Владимир Соловьёв ўзининг жонли эфирида Украина ҳудудига уюштирилган “махсус ҳарбий амалиёт”ни “Россия таъсир доирасидаги бошқа ҳудудларда” ҳам, жумладан Марказий Осиё давлатлари ва Арманистонда ўтказиш зарурлигини айтганди.
Соловьёвнинг фикрича, Россия ҳозир қайси ҳудудлар унга тегишли эканини аниқ ва қатъий айтиши лозим. Шунингдек, журналист бу ҳаракатлар йўлида худди Украинага қилинган юриш каби “махсус ҳарбий амалиёт” бошлаш зарурати борлигини айтган.
Орадан бироз вақт ўтиб, Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Соловьёвнинг Россия Марказий Осиё ва Арманистонга “махсус ҳарбий операция” бошлаши кераклиги ҳақидаги гапларига муносабат билдирди.
Захарованинг қайд этишича, россиялик журналистнинг фикрлари расмий Москванинг позициясини кўрсатмайди ва журналист бу гапларни ўзининг каналида айтган, холос. Захарова расмий баёнотни ваколатли шахслар бериши ва диванда ётиб олиб гапирадиган таҳлилчиларнинг иши эмаслигини қўшимча қилган.
Ўзбекистонда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов Соловьёвнинг мазкур гапларига муносабат билдирдиб, унинг гапларини “сафсата” ўзини эса “нусха” деб атаганди.
“Соловьёвнинг гапларига тупурдик, унинг империялистик амбицияларига ҳам тупурдик. Биз унга сўзма-сўз таржимада шундай маънони берадиган ўзбекча иборани ўрганишни тавсия қиламиз: бориб, ўз булбулинг билан ўйна”, деган Бекмуродов.
Live
Барчаси