“Тошкентга келди, бувимдан хабар олмади”. Лола Каримовага қизи ҳам “ҳужумга ўтди”
Жамият
−
16 Сентябрь 89671 7 дақиқа
Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг набираси, блогер Марям Тилляева онаси Лола Каримова-Тилляева билан 5 йилдан бери гаплашмаётганини айтди. Бу ҳақда у кеча, 15 сентябрь куни Instagram саҳифасида обуначиларидан келган саволларга жавобан маълум қилди.
Марям Тилляева онаси яқин қариндошлари орасида у мулоқотни бутунлай узган ягона инсон эканини айтган.
“Мен унинг ўзини тутишини жуда ғалати деб ҳисоблайман: у доимо бошқаларга ўзини яхши кўрсатишга, баъзида жабрдийда аёл бўлиб кўринишга интилади. Бироқ Ўзбекистонга келган бўлса-да, онасининг уйига ҳатто қадам ҳам босмаган ва ўзини жуда ғалати тутган”, деб ёзган блогер.
У бундай ҳолат бир пайтлар унга оғриқли таъсир қилгани, лекин ҳозир бунга кўниккани ва шунчаки онаси шунақалиги фактини қабул қилганини билдирган. Укаси ва синглисига эса ачинишини ёзган.
“Биз беш йилдан бери гаплашмаётганимизга қарамай, менинг ички сезгим жуда кучли ва ҳеч қандай алоқа қилмасам-да, қандайдир тарзда унинг ҳаётида нималар юз бераётганини билиб тураман.
Вақт ўтиши билан ўзаро муносабатлардаги муаммолар кўпайиб борди. Мен қачон ярашишимиз мумкинлигини билмайман, чунки уни борган сари танимай қоляпман... Эшитганларимга кўра, у ўзидан қочадиган ва омма эътиборини қозониш учун кўп нарсага қўл урадиган одамдек кўринмоқда”, деб ёзди у.
Марям Тилляева оиласининг тарихи мураккаб эканини, баъзи воқеаларни эса бувиси Татьяна Каримова ва бошқа қариндошларига ҳурмат юзасидан ошкор эта олмаслигини қайд этган.
Шунингдек, Марям Тилляева онаси Лола Каримова-Тилляеванинг унга қарши носоғлом рақобат қилишга уринишини ҳис қилишини ҳам қўшимча қилган.
“Бу сўзларим, албатта, мантиққа тўғри келмайди: ахир мен қандай қилиб унга рақобатчи бўлишим мумкин? У мени дунёга келтирган бўлса, мен 50 фоиз онам, 50 фоиз отамман”, деб ёзади блогер.
Блогернинг обуначиларидан бири эса Марямнинг оиласига ҳавас қилмаслигини, бундай оилани ҳеч кимга раво кўрмаслигини ёзган. Маням Тилляева ҳам унинг фикрига қўшилиб, дўстлари ҳам унга ҳавас қилмаслигини билдирган.
“Нима бўлганда ҳам, юқори мансаб ва пул кабилар асаб, кўз ёшлар ва оилавий можароларга арзимайди.
Мен ўзим учун қарор қилганман: бундан кейин ҳаётимдан фақат завқланиб яшайман, ўзим истаган ишни қиламан. Очиғи, ким нима деса ҳам менга фарқи йўқ. Мен яқинларимнинг хатти-ҳаракатлари учун жавобгар эмасман ва аниқки Тереза она эмасман, ҳаммани қутқариш ёки яраштириш вазифам эмас. Мен шунчаки ўз ҳаётимни яшайман ва ўз оиламни қураман”, деб ёзади Марям Тилляева.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Лола Каримова-Тилляева Биринчи Президент Ислом Каримовнинг вафотига 9 йил тўлиши муносабати билан “Ўзбекистон Сурияга айланмаган бўлса, бу Ислом Каримовнинг доно сиёсати сабаб” эканини айтиб чиққанди. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа эса Лола Каримовага “синглимиз” дея мурожаат қилиб, отасининг хатоларини эслатиб, унга "Қичимаган жойни қашламасликни” маслаҳат берган эди. Лола Каримова-Тилляева бунга жавоб қайтариб, отасини ҳурмат қилмайдиганларга сингил эмаслигини айтди.
Каримовлар оиласи ва низолар
2016 йил Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафот этганидан кейин унинг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2013 йилнинг ўзидаёқ жиноий жавобгарликка тортилиб, уй қамоғига олингани маълум бўлганди. Каримов вафотидан кўп ўтмай, 2018 йилда у яшаб турган уйидан суд томонидан белгиланган қоидаларни бузгани учун умумий тартибли колонияга ўтказилди ва ҳозиргача Зангиота туманидаги 42-сонли манзил-колонияда қолмоқда.
Гулнора Каримова ҳибсга олингач, унинг ўғли Ислом Каримов ва қизи Имон Каримова Лондонга кўчиб ўтди. Кичик Ислом Каримов оила қурди, ўғил кўрди, аммо Ўзбекистонга келмади. Қизи Имон Ўзбекистонга серқатнов.
2016 йилдан кейин Лола Каримова турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтди. У АҚШдан туриб Ислом Каримов номидаги Республика жамоат фондини юритмоқда. Шунингдек, “The harmonist” атторлик маҳсулотлари брендига ҳам асос солган.
Ислом Каримовнинг дафн маросимида оила номидан фақат унинг беваси Татьяна Акбаровна Каримова ва кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева кўриниш берди, холос. Оиланинг бошқа аъзолари жаноза маросимларида иштирок этмади. Фақат Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова оила аъзоси сифатида 2017 йилнинг 31 август куни Оқсарой мажмуасида ўтказилган хотира маросимида холаси Лола Каримова-Тилляева билан иштирок этди.
Каримовлар оиласидаги низолар факти бугун ошкор бўлаётгани йўқ. 2016 йилда Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов ҳам Лондондан туриб BBC'га берган интервьюсида онаси Гулнора Каримова холаси Лола Каримова-Тилляева билан гаплашмаслиги, уларнинг алоқаси Гулнора Каримова қамалмай, Президент Каримов ўлмай узилганини айтиб чиққан эди.
“Ойим ва синглиси орасида ёшликларида нормал муносабатлар бўлиб келган. Ягона муаммо шуки, мен бунда кўпроқ бобомни айблайман. Чунки ойим математика мактабини олтин медаль билан битирган. Бобомнинг изидан борган. Ойим спорт билан шуғулланган, қора камар олган. Ўз карьерасини қуришни бошлаган. У нима қилса, холам буни такрорлашни истаган. Лекин, нега? Ўйлайманки, сабаби – бобом бутун умр холамга гапирган “Нега опангга ўхшолмайсан? Нега мана буни қилолмайсан? Нега яхши ўқимайсан? Нега “У” бўлолмайсан?”
Мен ўз қизларига бундай муносабат қилиш нотўғри деб биламан. Шунинг учун, бу унинг айби деб ўйлайман. Лекин, факт шуки, бу унга таъсир қилган. Холам бутун умр буни эшитгани учун, унда комплекс пайдо бўлган. Мана ҳозир жамғарма тузилибди. Мамлакатда ҳамма биладики, бизда жамғарма аллақачон бор эди. Журнал ҳам бор эди, у ҳам журнал чиқаряпти. Буни исботлашга ҳам ҳожат йўқ. Бутун умр ўзаро пойга бўлган. Холам ҳам нималаргадир қодир эканини кўрсатишга интилган. Ўйлашимча, нафрат шундай пайдо бўлган, чунки холам барибир ойим даражасига чиқа олмаган. Булар кейин кўпириб жисмоний муаммога айланган. Бошида бу фақат ҳиссиётлар даражасида бўлган бўлса, ҳозир бу ҳаётимизда акс этяпти. Бу адоват туфайли оилалар барбод бўляпти”, деган эди кичик Ислом Каримов.
Гулнора ва Лола ўртасидаги адоват уларнинг фарзандларида ҳам давом этган. Опа-сингилларнинг қизлари ҳам алоқа қилмаган, фақат бу адоватга 2022 йилда барҳам берилган. Гулноранинг қизи Имон ва Лоланинг қизи Марям 8 йиллик танаффусдан кейин Ўзбекистонда тасодифан учрашиб қолиши ортидан уларнинг муносабатлари тикланган. Бунгача Имон Каримованинг муносабатлари бувиси Татьяна Каримова билан ҳам яхши бўлмагани ҳақида гаплар юрарди.
Шунингдек, 2018 йилнинг октябрь ойига келиб, Имон Каримова ижтимоий тармоқлар орқали: “Холангиз билан алоқангиз борми?”, дея йўлланган саволга, қўл силтаб жавоб бериб, муносабатлари узилганини ошкор қилган эди.
Лола Каримованинг қизи Марям Тилляева ўтган йилнинг ўрталаридан бошлаб жамоатчилик оғзига тушган. У 2021 йилнинг апрель ойида россиялик блогер Амиран Сардаровга турмушга чиқди. Кейин Москвада яшади, блогерлик фаолиятини бошлади. Ўша вақтда Марям ўзбекона бўлмаган хатти-ҳаракатлари, ўзбек тилини билмаслиги билан танқидларга учради. Орадан кўп ўтмай, унинг кийимсиз сурати ижтимоий тармоқларда тарқалди. Буни жамоатчилик фаоллари бобосининг хотирасига ҳурматсизлик сифатида баҳолади. Лола Каримова қизининг хатти-ҳаракатларини Ислом Каримовнинг президентлик фаолияти ва ғоялари билан боғламасликни сўради. Марямнинг ўзи эса бу суратларни турмуш ўртоғи тарқатганини айтиб чиқди ва 2022 йилнинг февраль ойида Сардаров билан ажрашганини очиқлади. Ўша пайтнинг ўзида набира куёв Амиран Сардаров ҳам Марямнинг ота-онаси қизи билан мулоқотни тўхтатганини айтиб чиққанди. Ҳозирда эса у бошқа йигит билан турмуш қуришга аҳдлашган ва буни шу йил ёзда ижтимоий тармоқ орқали эълон қилди.
Татьяна Каримова бу гап-сўзлардан йироқ. У одатда Ислом Каримовнинг хотира тадбирларида кўриниш беради ва сўнгги пайтларда уни Имон Каримова ва Марям Тилляеванинг Instagram контентларида кўриш мумкин.
Live
Барчаси