МДҲ давлатлари разведкаси раҳбарлари Самарқандда йиғилади

Жамият

image

Жорий йилнинг 16-17 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари Кенгашининг 57-мажлиси ҳамда МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва разведка хизматлари раҳбарларининг 21-мажлиси ўтказилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Ушбу мажлисларда Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон махсус хизматлари раҳбарлари иштирок этади.

Тадбирларда, шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси ва МДҲга аъзо давлатлар Аксилтеррор маркази вакиллари ҳам қатнашади.

Ушбу анжуманлардан кўзланган асосий мақсад Ҳамдўстлик маконида хавфсизликни таъминлаш, шу жумладан, халқаро терроризм ва экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, ахборот хавфсизлигига таҳдидлар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний халқаро айланмасига қарши курашиш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.

Йиғилишлар давомида замонавий таҳдидлар ва ўзаро ҳаракатларни мувофиқлаштиришга оид кенг қамровли масалалар кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Музокаралар якунида делегациялар раҳбарлари минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш борасида ўзаро ҳамкорликнинг аниқ вазифа ва йўналишларини белгилаб олади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 7 октябрь куни Озарбайжоннинг Габала шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев глобал вазиятни чуқур таҳлил этиш ва керакли қарорлар қабул қилиш мақсадида Туркий давлатлар ташкилоти ташқи ишлар вазирлари ва махсус хизматлар раҳбарларининг биргаликдаги учрашувларини мунтазам ўтказиб боришни ҳам замоннинг ўзи тақозо қилаётганини қайд этиб, биринчи қўшма учрашувни келгуси йили Самарқанд шаҳрида ўтказиш ташаббуси билан чиққанди.


Мақола муаллифи

Теглар

МДҲ Самарқанд разведка

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг