Мирзиёев марҳум мудофаа вазирининг яқинларига ҳамдардлик билдирди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг таниқли намояндаси, мамлакатнинг биринчи мудофаа вазири, истеъфодаги генерал-полковник Рустам Ўрмонович Аҳмедов кеча, 12 октябрь куни 82 ёшида вафот этди. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамдардлик билдирди.

Рустам Аҳмедов 1943 йил 10 ноябрда Фарғона вилоятининг Бағдод туманида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг дастлаб Тошкент олий танк қўмондонлик билим юртида, кейин Москва шаҳридаги Зирҳли танк қўшинлари ҳарбий академиясида таълим олган.

Бутун ҳаётини ҳарбий соҳага бағишлаган Рустам Аҳмедов танк полкида взвод командири, танк дивизияси сиёсий бўлими бошлиғининг ёрдамчиси, танк дивизияси батальони командирининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари, Тошкент олий танк қўмондонлик билим юрти курсантлар батальони командирининг ўринбосари лавозимларида хизмат қилиб, шахсий таркибни бошқариш, унинг ҳарбий, жисмоний ва маънавий тайёргарлигини ошириш борасида етарли билим ва тажриба орттирган.

Тошкент олий танк қўмондонлик, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик ва Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган йилларида унинг ташкилотчилик қобилияти яққол намоён  бўлган.

Мустақилликдан сўнг Рустам Аҳмедов Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа вазири, айни вақтда бирмунча муддат Миллий гвардия қўмондони вазифасини бажарувчи сифатида фаол иш олиб бориб, миллий армияни шакллантириш, давлат мудофаа тизимини барпо этиш, ҳарбий кадрларни тайёрлаш йўлида жонбозлик кўрсатган. Мудофаа вазирлигининг Бош штаби қайта ташкил этилиб, Қуролли Кучлар Бирлашган штабига айлантирилган, ҳарбий округлар тузилди, ҳарбий қисмларнинг жойлашув ва бошқарув тизими такомиллаштирилган. Мудофаа вазирлигининг бошқа куч тузилмалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилган.

Рустам Аҳмедов 1997-1998 йилларда Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида ҳам самарали фаолият олиб борган.

“Фахрий генерал, улуғ ёшда бўлишига қарамасдан, Янги Ўзбекистонда Қуролли Кучларни модернизация қилиш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий тайёргарлигини ошириш борасидаги улкан ислоҳотларни амалга оширишда мудофаа вазирининг маслаҳатчиси сифатида ўзининг бой билим ва тажрибаси билан фаол иштирок этди.  Қайси лавозимда хизмат қилмасин, ҳарбий қасамёдига содиқ қолиб, ўз зиммасидаги вазифаларни масъулият ва шараф билан бажарди, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда шахсий намуна кўрсатди”,дейилади ҳамдардлик матнида.

Рустам Аҳмедовнинг ҳарбий соҳадаги хизматлари давлат томонидан муносиб тақдирланган. У Ўзбекистон Республикасининг II даражали “Шон-шараф” ва “Дўстлик” орденлари билан мукофотланган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 94 ёшида вафот этган давлат ва жамоат арбоби Исмоил Жўрабековнинг таъзия маросимида иштирок этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Рустам Аҳмедов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг