Мирзиёев “Марказий Осиё – Италия” саммитида иштирок этди (видео)
Олам
−
30 Май 3705 4 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 30 май куни Остона шаҳрида “Марказий Осиё – Италия” саммитида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев раислигида ўтказилган тадбирда Италия Бош вазири Жоржия Мелони, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашган.
Учрашувда Марказий Осиё мамлакатлари ва Италия ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган. Хусусан, инвестиция ва технологиялар, “яшил” иқтисодиёт соҳаларида шерикликни ривожлантириш, таълим ва маданий дастурларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Мирзиёев ўз нутқининг аввалида ушбу тадбир жорий йил апрель ойида Самарқандда ўтган саммитда Марказий Осиё ва Европа ўртасида эришилган стратегик шериклик тўғрисидаги келишувларнинг узвий давоми эканини таъкидлаган.
Ушбу форматда, аввало, мамлакатларнинг технологик, саноат ва интеллектуал салоҳиятини инобатга олган ҳолда самарали амалий ҳамкорликни ривожлантиришга интилиш борлиги қайд этилган.
Кун тартибидаги масалаларга ўтар экан, Ўзбекистон раҳбари “Марказий Осиё – Италия” форматидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича ўз қарашларини баён этган.
Аввало, қатор долзарб халқаро масалалар юзасидан ёндашувларни мувофиқлаштириш учун ташқи ишлар вазирликлари даражасида мунтазам мулоқотларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланган. Шунингдек, терроризм, экстремизм, радикализм, гиёҳванд моддалар савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашда кўп томонлама шериклик ва махсус хизматларнинг ахборот алмашиш механизмларини йўлга қўйиш таклиф этилган.
Иқтисодий соҳада давлат раҳбари сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми уч баробар ошганини мамнуният билан қайд этган.
Италия ишбилармон доираларининг инновацион ривожланиш борасида анъанавий кучли мавқеини ҳисобга олиб, мамлакатларимиз савдо-саноат палаталари шафелигида бизнес мулоқоти учун доимий майдон – “Марказий Осиё – Италия” ишбилармонлар клубини ташкил этиш таклиф қилинган. Тадбиркорлар иштирокидаги бундай учрашувлар ҳар йили минтақа мамлакатлари ва Италия пойтахтларида ўтказилади.
Мавжуд муваффақиятли тажрибани ҳисобга олиб, минерал ресурслар ва қишлоқ хўжалиги хомашёсини чуқур қайта ишлаш; электротехника, кимё, тўқимачилик, чарм, озиқ-овқат ва бошқа қайта ишлаш тармоқлари учун замонавий ускуналар ишлаб чиқариш; бутловчи қисмлар ва саноат маҳсулотларини маҳаллийлаштириш; Италиянинг етакчи брендлари иштирокида дизайн марказларини ташкил этиш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўлиши мумкинлиги қайд этилган.
Давлат раҳбари Тошкент вилоятида минтақавий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун Европа оператори бошқарувида махсус индустриал парк ташкил этилаётганини маълум қилган.
Шу билан бирга, Италиянинг SАCЕ ва SIMEST давлат агентликлари ҳамда қўшма инвестиция фондларини ҳамкорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга жалб қилиш муҳимлиги таъкидланган.
“Яшил” трансформация соҳасида Италия билан самарали ҳамкорликни юқори баҳолаб, Ўзбекистон етакчиси углерод чиқиндиларини камайтириш бўйича миллий дастурларни амалга оширишга кўмаклашадиган кўп томонлама платформани йўлга қўйиш орқали кенг қамровли шерикликни ривожлантиришга чақирган.
Қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги лойиҳаларни, жумладан, Европа Иттифоқи мамлакатларига «яшил» энергия етказиб бериш, Италиянинг етакчи ишлаб чиқарувчилари ва муҳандислик компанияларини жалб этган ҳолда корхоналарни аудитдан ўтказиш ва энергия самарадорлигини ошириш, сув инфратузилмаси объектларини модернизация қилиш ва водород технологияларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлик билдирилган.
Тошкентдаги Турин политехника ва Пиза университетлари филиаллари самарали фаолият юритаётганини таъкидлар экан, давлат раҳбари Италиянинг бошқа етакчи олий ўқув юртларининг минтақага қизиқиши ортиб бораётганини мамнуният билан қайд этган.
Ўзбекистон Президенти муҳандислик, дизайн, сув тежамкорлиги ва биотехнологиялар каби йўналишларда илмий ишланмалар, академик алмашинув ва кадрлар тайёрлаш дастурларини амалга ошириш ва молиялаштириш учун “Марказий Осиё – Италия” илмий-таълим консорциумини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган.
Етакчи туроператорлар ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш ва қўшма сайёҳлик маҳсулотларини яратиш мақсадида туризм альянсини ташкил этишдан манфаатдорлик билдирилган.
Италия жамоатчилиги Рим ва Флоренцияда ўтказилган кўргазма ва маданий тадбирларга катта қизиқиш билдиргани мамнуният билан қайд этилган.
Шу муносабат билан келгуси йили Хива шаҳрида минтақа мамлакатлари ва Италия ёшларининг креатив иқтисодиёт ва маданий алмашинув форумини ўтказиш таклиф қилинган.
Саммитда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Италия Бош вазири ҳам нутқ сўзлаган. Тадбир якунида Қўшма баёнот қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Жоржия Мелони 28 май куни расмий ташриф билан Самарқандга келганди. Самарқанд халқаро аэропортида Бош вазирни шахсан Президент Мирзиёев кутиб олган. Шундан сўнг етакчилар Регистон майдони ва “Silk Road Samarkand” халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик боғида бўлди. Қолаверса, Самарқанд шаҳрида кеча, 29 май куни Жоржия Мелонини расмий кутиб олиш маросими ҳам бўлиб ўтди ва Мелони Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув ҳам ўтказди.
Live
Барчаси