MLS тақвимини Европа футболи билан мослаштиради

Спорт

image

АҚШнинг Олий лига футболи (MLS) 2027 йилдан бошлаб мусобақа тақвимини тубдан ўзгартиради. Лига қарорга кўра, MLS Европадаги энг кучли лигалар каби ёздан баҳоргача давом этадиган мавсум тизимига ўтади. Янги форматга кўра, плей-офф босқичи май ойида якунланади. Бу ҳақда лига ўзининг расмий саҳифасида маълум қилди.

Янги тизим 2027 йилда қисқартирилган ўтиш мавсуми билан бошланади. Унда 14 ўйиндан иборат оддий мавсум, плей-офф ва MLS кубоги финали ўрин олади. Европа услубидаги биринчи тўлиқ мавсум 2027 йил июль ўрталарида бошланади ва 2028 йил май охиригача давом этади. Декабрь ўрталаридан февраль бошигача қишки танаффус жорий қилинади, январь ойида эса лига учрашувлари ўтказилмайди.

Лига комиссари Дон Гарбер бу ўзгаришни MLS тарихидаги энг муҳим қарорлардан бири сифатида баҳолади Гарбернинг айтишича, глобал тақвимларга мослашиш клубларнинг рақобатбардошлигини оширади, трансфер бозорининг фаоллигини кучайтиради ва плей-офф босқичига “узлуксиз, марказий ўринни” таъминлайди. Тақвим ўзгариши Флорида штати Палм-Бичда ўтказилган MLS бошқарув кенгаши йиғилишида тасдиқланган.

МLS’нинг ҳисоб-китобига кўра, янги тизимда учрашувларнинг 91 фоизи ҳозирги мавсумдаги ўйин ойналарига тўғри келади. Декабрь ва февраль ойларида совуқ иқлимли ҳудудларда уй ўйинлари кескин чекланади.

Лига бу ўзгаришларни тўртта стратегик мақсад асосида ишлаб чиқилган:

  • ёзги трансфер ойнасига мос равишда вақтни белгилаш;
  • плей-офф олдидан ёзги трансферлар якунланишини таъминлаш;
  • FIFA халқаро саналари ва ёзги турнирлар билан тўқнашувларни камайтириш;
  • плей-оффни май ойида – об-ҳаво юмшоқроқ, рақобат камроқ бўладиган пайтда ўтказиш.

MLS ўзгаришларни тасдиқлашдан олдин 2023 йил октябридан бери икки йиллик таҳлил ўтказган. Эгалар, клуб раҳбарлари, футболчилар, уюшмалар, ҳамкорлар ва мухлислар фикрлари ўрганилган. Лига маълумотларига кўра, футбол томошабинларининг 92 фоизи янги тизимни қўллаб-қувватлаган.

Ҳозирги мавсумда плей-офф босқичи NFL ва коллеж футболи билан рақобатга мажбур бўлаётгани, шунингдек, йирик юлдузлар масалан, Сон Хён Мин каби футболчиларнинг мавсум ўртасида келиб қўшилиши каби муаммолар лигани янги жадвалга ўтишга ундаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа MLS янги тизим

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг