Нефть инқирози: Сенегалда вазирларга чет элга чиқиш тақиқланди
Олам
−
04 Апрель 1416 2 дақиқа
Сенегал ҳукумати вазирларига Эрондаги можаро туфайли нефть нархи кўтарилиши оқибатида барча муҳим бўлмаган хорижий сафарлар тақиқланди. Бу ҳақда кеча, 3 апрель куни ёшлар митингида сўзга чиққан мамлакат Бош вазири Усмон Сонко эълон қилди.
Усмон Сонконинг айтишича, ҳозирда бир баррель нефть нархи бюджетда кўзда тутилган миқдордан қарийб икки баравар юқорига яқинлашмоқда. Ушбу чекловлар доирасида Сонко ўзининг Нигер, Испания ва Францияга бўлган сафарларини қолдирган. Унинг айтишича, келаси ҳафтада Кончилик вазири давлат харажатларини жиловлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни эълон қилади.
Сенегалнинг бу қадами қитъадаги давлатларнинг нефть нархи ошишига кўрсатган навбатдаги реакцияси бўлди. Бунгача бошқа давлатлар ёқилғи солиқларини камайтириш ва электр энергиясини меъёрлаш (рацион) чораларини кўраётган эди.
Бош вазир ёшлар олдидаги нутқида уларни “қўрқитиш” нияти йўқлигини, балки уларга “мураккаб дунё” ҳақида тасаввур беришни исташини айтган. Шунингдек, у вазият оғир бўлса-да, сенегалликлар бардошли эканини қўшимча қилган.
Янги ривожланаётган нефть ва газ саноатига қарамай, Сенегал асосан ёқилғи импортига таянади. Ўтган йили Халқаро валюта жамғармаси мамлакат иқтисодиётини қарийб 8 фоизлик ўсиш суръати ва паст инфляция билан “барқарор” деб таърифлаган. Бироқ мамлакатнинг давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 130 фоизидан ортиқ бўлиб, жуда юқоридир. Икки йил аввал Бош вазир этиб тайинланган Сонко бу қарзлар учун аввалги ҳукуматни айблаган.
Африканинг бошқа ҳудудларида ҳам вазият жиддий: Жанубий Африка ҳукумати ёқилғи нархини жиловлаш учун бензин солиғини камайтирди. Эфиопияда ёқилғи тақчиллиги сабабли айрим давлат муассасалари ходимларини таътилга чиқаришга мажбур бўлди. Жанубий Судан пойтахти Жубада электр энергияси меъёр билан берила бошлади, Зимбабве эса бензин таркибидаги этанол миқдорини оширмоқда.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши оқибатида Форс кўрфазидаги Ҳормуз бўғозининг амалда ёпилиши дунёга ўғит етказиб беришни ҳам чеклаб қўйди. Қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган ушбу маҳсулотнинг тахминан 30 фоизи айнан шу бўғоз орқали ўтади.
Халқаро қутқарув қўмитаси (IRC) инсонпарварлик ташкилоти бу ҳолатни “озиқ-овқат хавфсизлиги бомбаси” деб атаб, айниқса Яқин Шарқдан ўғит импортига боғланиб қолган Шарқий Африка учун жиддий хавф туғдиришидан огоҳлантирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ зарур бўлган асосий товарлар ва инсонпарварлик ёрдамини ташувчи кемаларнинг Ҳормуз бўғози орқали ўтишига рухсат берилганди.
Live
Барчаси04 Апрель