Нетаньяху Туркияни янги душман сифатида эълон қилиш ҳаракатида – Фидан (видео)
Олам
−
16:48 2332 2 дақиқа
Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Исроилнинг Эрондан сўнг душмансиз яшай олмаслигини айтиб, мамлакат Бош вазир Биньямин Нетаньяху Туркияни янги душман деб эълон қилиш ҳаракатида эканини айтди. Бу ҳақда у “Anadolu”га берган интервьюсида маълум қилди.
“Эрондан кейин Исроил душмансиз яшай олмайди. Биз унинг Туркияни янги душман сифатида эълон қилиш йўлини излаётганини кўряпмиз”, дейди вазир.
Фидан Сурияга нисбатан Исроил ҳужумлари ҳақида ҳам ўз хавотирини билдирган.
“Сурияда катта муаммоли ҳудудни кўряпмиз, бу биз учун жиддий хавф. Ҳозир Исроил Эрондаги вазият сабаб айрим ҳаракатларни қилмаяпти, аммо бу келажакда ҳам шундай бўлади дегани эмас. Вақти келганда буни амалга оширишни исташи мумкин”, дейди у.
Фидан Биньямин Нетаньяхунинг ёндашуви аниқ эканини билдириб, Туркия ҳам шунга қарши тегишли чораларни кўриб бораётганини таъкидлаган. Шунингдек, у Исломободдаги музокараларга тўхталиб, у ерда муайян таклифлар ўртага қўйилганини айтган. Фидан ўзининг узоқ йиллик музокара тажрибасига таяниб, дастлабки босқичда томонлар ўз бошланғич позицияларини илгари суриши табиий эканини таъкидлаган.
“АҚШ ва Эрон ўт очишни тўхтатиш масаласида самимий. Дастлабки позициялар одатда бироз максималист бўлади. Кейинчалик томонлар воситачилар кўмагида умумий нуқтага келишга ҳаракат қилади. Энг муҳими, ўт очишни тўхтатишга эришиш ва уни давом эттириш учун барқарор ният бўлиши керак. Менимча, ҳозир ҳар икки томон ҳам бу борада самимий ва заруратни англаяпти. Исроилнинг бу жараёндаги бузувчи ролини доимо ҳисобга олиш керак. Биз бу ҳақда америкаликларга ҳам, бошқа томонларга ҳам мунтазам айтиб келмоқдамиз. Ҳозирча америкаликлар ҳам, эронликлар ҳам ўз мамлакатларига қайтишди. Айниқса, эронликлар АҚШ томонидан тақдим этилган таклифни кўриб чиқади ва унга жавоб беради, деб ўйлайман”, деган вазир.
Фидан ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни 15 кун ичида якуний ҳужжатга айлантириш қийин бўлиши мумкинлигини айтган. У Туркия бу жараённинг мураккаблигини аввалдан таъкидлаб келганини ҳам билдирган ва музокаралар яхши давом этса, 45 ёки 60 кунлик қўшимча ўт очишни тўхтатиш режими ҳам кўриб чиқилиши мумкинлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистон пойтахти Исломобод шаҳрида АҚШ ва Эрон вакиллари ўртасида музокара бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Жараён 21 соат давом этган, бироқ айрим масалаларда келишмовчиликлар бор.
Live
Барчаси