Олимлар огоҳлантирди: ЖЧ-2026 хавфли жазирамада ўтиши мумкин
Бу қизиқ
−
14 Май 2557 2 дақиқа
Жорий йилнинг ёзида АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионати вақтида хавфли даражадаги иссиқ об-ҳаво кузатилиши мумкин. Олимлар иқлим ўзгариши сабаб турнир вақтида футболчилар ва мухлислар саломатлиги хавф остида қолиши эҳтимоли борлиги тўғрисида огоҳлантирди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
“World Weather Attribution” тадқиқотчиларининг ҳисоб-китобига кўра, 2026 йилги Жаҳон чемпионатидаги 104 та ўйиннинг қарийб чорак қисми футбол ўйнаш учун хавфсиз деб ҳисобланган ҳароратдан иссиқроқ шароитда ўтиши мумкин. Шу сабаб айрим учрашувларни бошқа вақтга кўчириш ёки кечиктиришга тўғри келиши эҳтимоли бор.
Ҳисоб-китобларга кўра, тахминан бешта ўйин жуда иссиқ ва хавфли об-ҳаво шароитида ўтиши мумкин. Олимлар бу хавфни WBGT (нам лампочка шарининг ҳарорати) кўрсаткичи орқали аниқлаган. Ушбу индекс ҳарорат, намлик, қуёш нури ва шамол каби омилларни ҳисобга олиб, инсон танасининг ўзини совутиш қобилиятини баҳолайди.
Футболчиларнинг халқаро касаба уюшмаси FIFPRO’нинг тиббий директори Винсент Гуттебарж тадқиқот натижалари аввалги ҳисоб-китобларни тасдиқлашини айтган. Унинг билдиришича, футболчилар саломатлигини ҳимоя қилиш учун қўшимча чоралар зарур. FIFPRO WBGT даражаси 26°C дан ошганда совутиш чораларини қўллашни, 28°C дан юқори бўлса эса ўйинларни кечиктиришни тавсия қилади.
FIFA иссиқлик хавфига қарши махсус режа ишлаб чиқилганини маълум қилган. Унга кўра, ҳар бир бўлим давомида уч дақиқалик сув ичиш танаффуслари жорий этилади, стадионларда совутиш тизимлари кучайтирилади ва тиббий тайёргарлик яхшиланади.
Лондон Империал коллежи профессори Фридерика Отто FIFA келажакдаги мундиалларни ёзнинг энг иссиқ давридан ташқарида ўтказишни кўриб чиқиши кераклигини айтган.
Таҳлилларга кўра, Майами, Канзас-Сити, Нью-Йорк хамда Филадельфия каби айрим шаҳарлардаги кондиционерсиз стадионларда хавф юқори бўлиши мумкин. Ҳатто финал ўйини ўтказилиши режалаштирилган Нью-Жерсидаги “MetLife” стадионида ҳам хавфли иссиқлик эҳтимоли мавжудлиги қайд этилган.
Мутахассисларнинг фикрича, ҳаддан ташқари иссиқ футболчиларнинг ўйин услубига ҳам таъсир қилади. Лондон Империал коллежи мутахассиси Крис Маллингтоннинг айтишича, футболчилар тезликни пасайтириб, эҳтиёткорроқ футбол намойиш қилиши мумкин.
Шунингдек, FIFPRO мухлислар ҳам жиддий иссиқ хавфига дуч келиши мумкинлигини таъкидлаган. Айниқса, стадион ташқарисидаги фан-зоналар ва очиқ майдонлардаги тадбирлар вақтида узоқ муддат жазирамада қолиш саломатлик учун хавф туғдириши мумкин.
Зарнигор Худойбердиева
Live
Барчаси