Озарбайжонда Қорабоғ урушидаги ғалабага бағишланган ҳарбий парад бўлиб ўтди (фоторепортаж)
Олам
−
09 Ноябрь 5936 3 дақиқа
8 ноябрь куни Бакудаги Озодлик майдонида Озарбайжоннинг Ватан урушидаги ғалабанинг беш йиллигига бағишланган ҳарбий парад бўлиб ўтди. Бу ҳақда AZERTAC хабар берди.
Парадда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, биринчи хоним Меҳрибон Алиева, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф иштирок этди.


Парадда дастлаб Озарбайжон, Туркия ва Покистон давлат мадҳиялари янгради. Шундан сўнг, Миллий лидер Ҳайдар Алиев ва шаҳидлар хотирасига бир дақиқалик сукут сақланди. Мудофаа вазири, генерал-полковник Зокир Ҳасанов Озарбайжон Президенти, Қуролли кучлар Олий Бош Қўмондони Илҳом Алиевга ҳисобот берди.
Майдон бўйлаб Озарбайжон армиясининг барча бўлинмаларидан колонналар ўтди, замонавий танклар, зирҳли техникалар, узоқ масофага учувчи ракета тизимлари, артиллерия қуроллари ҳам намойиш этилди. Парадда Покистон Қуролли кучлари бўлинмалари ва Туркия Президенти гвардияси тантанали полки батальони ҳам иштирок этди.



“Азиз биродарим Эрдўған Иккинчи Қорабоғ урушининг дастлабки соатлариданоқ Озарбайжонни қўллаб-қувватлади. Унинг “Озарбайжон ёлғиз эмас” деган сўзлари бутун дунёга хабар бўлди. Озарбайжон халқи бу ёрдамни ҳеч қачон унутмайди”, деди Алиев ўз нутқида.

Унинг сўзларига кўра, Озарбайжон ғалаба қозонишга муваффақ бўлди, чунки “мамлакат ўз ерларини қайтариб олиш учун ўттиз йил давомида меҳнат қилиб, кучли иқтисодиёт, мустақил ташқи сиёсат ва замонавий армия яратди”.

“Биз Қорабоғ ва Шарқий Зангезурга уларнинг ҳақиқий эгалари сифатида қайтдик. Бу ерда Озарбайжон байроғи абадий ҳилпирайди. Қорабоғ Озарбайжон”, деди Алиев.




У урушдан вайрон бўлган ҳудудларни тиклаш жадаллик билан давом этаётгани, минтақада 60 минг киши истиқомат қилаётганини таъкидлади.
Парад якунида Озарбайжоннинг дронлари ва Туркия ҳарбий-ҳаво кучларининг F-16 қирувчи самолётлари шаҳар узра парвоз қилди.

Ушбу парад Озарбайжонда мамлакат Ғалаба кунининг беш йиллиги муносабати билан ўтказилди, бу миллий байрам – босиб олинган ҳудудларнинг салмоқли қисми озод қилингани ва 44 кунлик Иккинчи Қорабоғ урушидаги ғалабага бағишланган.
1991 йилдан бери Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти чегараларида ташкил этилган ўзини ўзи эълон қилган Тоғли Қорабоғ Республикаси Ереван кўмагида Арманистон маъмурияти томонидан бошқарилган. Минтақанинг анъанавий озарбайжон туманлари Арманистон ҳарбий кучлари томонидан босиб олинган. Бу йиллар давомида Баку Тоғли Қорабоғнинг бутун ҳудудини, шунингдек, унга туташ етти туманни қайтариб олиш мақсадини кўзлаган. Бунга фақат 2020 йилда эришилди: етти туман ва Қорабоғнинг бир қисми Озарбайжонга қайтарилди. 2023 йилнинг сентябрь ойи охирига келиб Баку амалда бутун баҳсли ҳудудни назорат остига олди.
2020 йил 3 декабрда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Озарбайжонда 27 сентябрни Хотира куни деб белгилаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Озарбайжон раҳбарининг бошқа фармойишига кўра, Шуша шаҳри ишғолдан озод қилинган кун – 8 ноябрь Озарбайжонда Ғалаба куни сифатида тантанали равишда нишонланади.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги кўп йиллик шиддатли можаро ва ўзаро нафрат риторикасига қарамай, 2025 йилнинг август ойида икки томон Оқ уйда АҚШ Президенти Дональд Трамп воситачилигида Тинч муносабатлар декларациясини имзолаш орқали муносабатларни нормаллаштиришга содиқлигини намойиш этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев мамлакат армиясини НАТО стандартлари бўйича тайёрлаш ҳақида баёнот берганди.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь