Озодбек Назарбеков мўғулистонликлар билан куч синашди (видео)

Жамият

image

Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков мўғулистонликлар билан “Наадам” мусобақалари доирасида куч синашди. Бу ҳақда журналист Азиза Қурбонова хабар берди. 

Ушбу мусобақа Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мўғулистонга давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтган ҳамда давлат раҳбари ҳам олий мартабали меҳмонлар билан биргаликда “Наадам” анъанавий мўғул беллашувларини томоша қилган. 

Қурбоновага кўра, фестиваль доирасидаги концерт дастуридан сўнг, қизиқарли ўйинлар бўлиб ўтган. Ушбу ўйинларда Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам ўзини синаб кўрган.

“Концертдан сўнг, жуда қизиқарли мусобақа бўлди. Бизнинг ошиқ ўйинини эслатувчи суяк отиш мусобақаси ўтказилди. Ўзбекистон томонидан Маданият вазири Озодбек Назарбеков ўзини синаб кўрди. Назарбековнинг ошиқ отишда омади келмади, лекин камон отиш мусобақасида ўқ нишонга етиб борди”, дейилади хабарда. 

Маълумот учун, “Наадам” – Мўғулистоннинг энг йирик ва муҳим миллий байрами саналади. Ҳар йили июль ойининг 11–13 кунлари нишонланади. Бу байрам қадимий урф-одатларга асосланган бўлиб, асосан мўғул халқининг тарихий мероси ва миллий ғурурини ифодалайди. Наадам байрамининг асосий қисми “уч эркак спорти” деб номланадиган анъанавий мусобақалардан иборат – мўғул кураши, от пойгаси ва камондан ўқ отиш. Байрам нафақат спорт, балки маданий воқеаларга ҳам бой бўлади. Унда миллий кийимлар кийилади, анъанавий мусиқа ва рақслар ижро этилади, театр томошалари саҳналаштирилади. “Наадам”нинг илдизлари қадимий мўғул ва турк халқларининг урушолди машқлари ва байрамларига бориб тақалади. Ҳозирги расмий шакли эса 1921 йилда Мўғулистон мустақиллигини эълон қилганидан сўнг шаклланган. 2010 йилда эса “Наадам” UNESCO томонидан Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган. Бугунги кунда бу байрам нафақат спорт мусобақалари, балки мўғул халқининг бирлик, тарих ва миллий ўзлик тимсоли сифатида нишонланади.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 24 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи доирасида рафиқаси билан бирга Мўғулистонга етиб борганди. Сухэ-Ботир майдонида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортган. Ҳарбий оркестр ижросида икки давлат мадҳиялари янграган. Мўғулистон Давлат саройида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг тор доирадаги ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурелсух Кенг қамровли шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни қабул қилди. Шавкат Мирзиёев ҳамда Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух ва унинг рафиқаси билан Улан-Батор шаҳрида икки мамлакат санъат усталарининг концертида иштирок этди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Мўғулистон Озодбек Назарбеков Наадам

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг