Ўзбекистон Мўғулистон гўштининг асосий харидорларидан бири бўлди
Жамият
−
07 Октябрь 8992 2 дақиқа
Мўғулистон гўшт ва гўшт маҳсулотларининг асосий қисмини Ўзбекистон, Хитой, БАА, Қатар, Қозоғистон ва Вьетнамга экспорт қилди. Бу ҳақда мамлакат Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, 2025 йилнинг дастлабки саккиз ойида Мўғулистон 18 100 тонна гўшт ва гўшт маҳсулотларини экспорт қилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,9 фоизга кам.
Вазирлик баёнотида таъкидланишича, қўй ва эчки гўшти мамлакат гўшт экспортининг 63 фоизини ташкил этган. Мазкур даврда гўшт маҳсулотларининг асосий қисми Хитой, БАА, Қатар, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Вьетнамга экспорт қилинган.
Маълумот учун, Мўғулистонда чорвачилик иқтисодиётнинг асосий тармоқларидан бири бўлиб, у мамлакатнинг кўчманчи аҳолиси (тахминан 40 фоизи)нинг турмуш манбаи ҳисобланади. Бироқ оғир ва узоқ давом этувчи қиш туфайли ҳар йили кўплаб кўчманчи чорвадорлар чорвасидан айрилади, бу эса уларнинг яшаш шароитига салбий таъсир кўрсатади.
Мўғулистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йил охирига келиб мамлакатда 57,6 миллион бош чорва мавжуд бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 27 июнь куни Мўғулистон Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат вазири Энхбаяр Жадамба ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Қосимов ўртасидаги учрашувда Ўзбекистон Мўғулистондан 2000 тонна ҳалол от ва қўзи гўштининг биринчи партиясини сотиб олишга келишилганди.