Пакета Бразилия жамоасига ўтди

Спорт

image

Бразилия терма жамоаси ва “Вест Хэм” клуби ярим ҳимоячиси Лукас Пакета ўзининг болаликдаги жамоаси – “Фламенго”га қайтди. Бу ҳақида ҳар икки клуб матбуот хизмати маълум қилди.

Трансфернинг молиявий тафсилотлари ошкор этилмади. Бироқ, Британия ОАВларининг хабар беришича, “Вест Хэм” 28 ёшли бразилиялик футболчи учун 41 миллион евродан (49 миллион АҚШ доллари) ортиқ таклифни қабул қилган.

“Уйга қайтганимдан жуда хурсандман. Клуб президенти Луис Эдуардо Баптиста, “Фламенго” ва албатта буни амалга оширишга ҳисса қўшган барчага миннатдорчилик билдираман”, дейди футболчи.

Маълумот учун, Пакета жорий йил июль ойида Англия футбол ассоциацияси томонидан олиб борилган узоқ давом этган терговдан сўнг тўртта қоидабузарлик айбловидан тўлиқ оқланган эди. Умрбод дисквалификация хавфи остида қолган футболчи барча айбловларни қатъиян рад этган.

“Лукас шахсий ва оилавий сабабларга кўра, икки йил давом этган терговдан оқланганидан сўнг Бразилияга қайтиб, фаолиятини янгидан бошлаш истагини аниқ билдирди. Ушбу вазият унга жиддий руҳий босим ўтказган”, дейилади “Вест Хэм” баёнотида.

Шунингдек, клуб раҳбарияти ва бош мураббий Нуну Эшпириту Санту футболчини жамоада олиб қолиш учун барча имкониятларни ишга солганига қарамай, Пакетанинг кетиш истаги қатъий бўлгани сабабли трансферга рози бўлингани таъкидланди.

Маълумот учун, Лукас Пакета 2022 йилда Франциянинг “Лион” клубидан “Вест Хэм”га ўтган эди. Футболчининг Лондон клуби билан шартномаси 2027 йилга қадар амал қилиши керак эди. У Лондон клуби сафида 139 та ўйинда майдонга тушиб, 23 та гол ва 15 та голли узатма муаллифига айланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бразилия “Фламенго” “Вест Хэм” Лукас Пакета

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг