Тинчликка уриниш спектакллари ва Исроилни қўллашнинг бадали

Жамият

Дунё бу ҳафта тескари контрастни намоён этди. Анчадан бери иқтисодий имкониятлари билан мақтана олмаётган Россия Президенти Владимир Путин ва ниҳоят бунинг имконини топди. Санкт-Петербургда катта тантана.

Аммо бу галги тадбир 9 майдаги каби осойишта ўтмади. Украина дронлари айнан шу шаҳарнинг устида парвоз қилди. Киев раҳбари Владимир Зеленский урушни “эркакчасига” ҳал этмоқчи. Чўзилиб кетган уруш интиҳоси яқинми?

АҚШ ва Исроил Ливанда тинчлик ўрнатишга уринмоқда. Аммо Тель-Авивнинг шартномаларга “собитлиги” “Ҳизбуллоҳ”ни чарчатган кўринади. Бу сафар у очиқчасига рад жавобини беряпти. Яқин Шарқда уруш алангаси нега ўчмаяпти?

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик кенгашига сайловлар бўлиб ўтди. Натижалар кимларнидир хурсанд қилса, бошқаларни чўчитмоқда. Марказий Осиёнинг манфаатларини ҳимоячиси сифатида Қирғизистон катта майдонга чиқаётган бўлса, Исроил ва Ғазо геноцидини очиқдан-очиқ қўллаб келаётган Германия бу гал Хавфсизлик Кенгаши таркибидан тушиб қолди. Хўш, Европада ҳам Исроилга нисбатан салбий кайфият тарқалмоқдами?

Петербург яна жаҳон эътиборида

Эътибор марказида яна Россия, яна Путин. Жорий йилнинг 3–6 июнь куни Россиянинг норасмий иккинчи пойтахти саналмиш Санкт-Петербургда катта халқаро форум ташкил этилди. Кўлами жиҳатдан Жаҳон иқтисодий форуми билан тенглаштирилувчи ушбу форумга бу гал ҳам 130 дан ортиқ давлатдан 20 000 га яқин меҳмон иштирок этди.

Петербург халқаро иқтисодий форуми йилига бир марта ўтказиладиган улкан йиғилиш бўлиб, 1997 йилдан бери ўтказиб келинади. Дастлаб ушбу йиғин Совет Иттифоқи емирилгандан сўнг, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва Россияни халқаро иқтисодий тизимга интеграция қилиш мақсадида ташкил этилган эди. Кейинги уч ўн йиллик ичида у Москва учун глобал тартиб бўйича ўз қарашларини тақдим этиш ва хорижий шериклар билан сиёсий алоқаларни мустаҳкамлаш майдонига айланди.

Ғарб санкциялари оқибатида кўплаб Европа бозорларини йўқотгандан сўнг, Россия савдо ва инвестицияларни Осиё, Африка ҳамда Жанубий Америкадаги янги шерикларига йўналтира бошлаганди.

“Ғалаба куни”ни-ку эплаб ўтказиб олган эди, аммо бу сафар форум бундай тинч ўтмади. 3 июнь куни эрталаб Украина дронлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри – Кронштадт, шунингдек Киров ва Красносельский туманларидаги инфратузилма объектларига ҳужум қилди. Ҳужум оқибатида Россиянинг Болтиқбўйи минтақасидаги энг йирик суюқ юкларни қайта юклаш терминалларидан бири – Петербург нефть терминалида ёнғин чиқди.

Ленинград вилояти губернатори 59 та дрон уриб туширилганини маълум қилган. “Пулково” аэропортида самолётларни қабул қилиш ва жўнатишга чекловлар жорий этилган. Шунга қарамай, форум режалаштирилганидек давом этди.

Бу йилги форумнинг энг диққатга сазовор жиҳати – АҚШнинг расмий делегацияси 8 йиллик узилишдан сўнг илк бор форумда қатнашмоқда. Аммо бу галги АҚШ вакиллари чинакам иқтисодий ёки сиёсий масалани ҳал қилиш учун эмас, шунчаки йўқламадан ўтиш учун келганга ўхшайди. Трамп томонидан тайинланган Америка делегацияси раҳбари – АҚШ Тасвирий санъат комиссияси раиси Родни Мимз Кук Жуниор бўлиб, у “Россия – АҚШ: Маданий мулоқот” номли сессияда қатнашди.

Бундан ташқари Хитой, Бразилия, Ўзбекистон, Мўғулистон, Лаос, Филиппин, Шимолий Корея ва бошқа кўплаб мамлакатлардан делегациялар бор. Саудия Арабистони икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг 100 йиллигини нишонлаш муносабати билан форумда махсус меҳмон мақомини олди. Шунингдек, халқаро ташкилотлар, жумладан, МДҲ, ОПЕК, Газ экспорт қилувчи мамлакатлар форуми ва БРИКСнинг Янги тараққиёт банки раҳбарлари ҳам қатнашиши маълум қилинган эди.

“Ҳарбий ҳаракатлар бир кун келиб тугайди, деб тахмин қиламиз. Шубҳасиз, биз ўз олдимизга қўйган мақсадларга эришганимиздан сўнг, улар тугайди”, деди Путин.

Иқтисодий шартномалар бўйича форумда жами 6,4–6,5 триллион рубллик битимлар имзоланди…

Асосий ҳужжатлар энергетика, транспорт, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ва нефть-газ кимёси соҳаларида имзоланган бўлиб, улардан энг йириклари Россия билан Индонезия ўртасидаги 2 миллиард еврога тенг инвестиция платформаси шартномаси ҳамда Ўзбекистонда келгусида қурилувчи АЭС лойиҳаси бўлди.

Шу сабабдан ҳам айниқса Ўзбекистон учун бу форум муҳим аҳамият касб этди. Путин ва Мирзиёевнинг учрашувида Ўзбекистондаги интеграциялашган атом электр станциясининг биринчи энергоблоки қурилишига старт берилди. Константин саройида бўлиб ўтган тадбир бу икки давлат раҳбарининг сўнгги пайтлардаги учинчи юзма-юз учрашуви бўлди.

Лойиҳа таркибига ВВЭР-1000 реакторлари асосидаги иккита катта қувватли энергоблок ва ҳар бирининг қуввати 55 МВт бўлган иккита РИТМ-200Н реакторидан иборат кичик блоклар киради. Россия тарафининг таъкидлашича, бу лойиҳа ноёбдир: илк бор битта майдонда кичик ва катта қувватли АЭСлар барпо этилмоқда.

“Биз сиз билан мунтазам алоқаларни сақлаб келмоқдамиз ва муҳокама қиладиган мавзуларимиз доимо етарли, чунки муносабатларимиз кўлами тинимсиз кенгайиб бормоқда. Бу ўзаро инвестицияларга ҳам тегишлидир. Россиянинг Ўзбекистондаги сармоялари жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда ва яхши динамикага эга бўлди. Энг муҳими, ҳар икки йўналиш ҳам мамлакатларимиз манфаатларига хизмат қилмоқда”, деди Москва раҳбари.
Президент Шавкат Мирзиёев 5 июнь куни Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи йиғилишида Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар ҳақида гапирар экан, Москва вақт синовидан ўтган стратегик шерик эканлигига алоҳида урғу берди.

Президент Шавкат Мирзиёев эса, 5 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи йиғилишида Россия ва Ўзбекситон ўртасидаги алоқлар ҳақида гапирар экан, Москва вақт синовидан ўтган стратегик шерик эканлигига алоҳида урғу берди.

“Ўзбекистон учун Россия шунчаки минтақавий қўшни эмас, балки вақт синовидан ўтган стратегик ҳамкоримиз ва иттифоқдошимиздир”, деди Президент.

Ҳозирги вақтда Марказий Осиёнинг 5 та давлатидан ҳеч бирида АЭС мавжуд эмас. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон минтақада атом энергетикасини ўзлаштиришда пешқадам бўлиш йўлини тутмоқда.

Шуни унутмаслик керакки, форум Украинадаги уруш давом этаётган шароитда ўтказилмоқда. 2022 йилда уруш бошланганидан сўнг, Ғарб ҳукуматлари ва кўплаб трансмиллий компаниялар Россиядан узоқлашган.

Хат – қурол сифатида

4 июнь куни Зеленский Путинга йўллаган очиқ хат оддий дипломатик мурожаат эмас эди. Бу – пухта ҳисоб-китоб билан тузилган сиёсий ҳамла эди. Вақт танлови ҳам, тил ҳам, ташланиш нишони ҳам бежиз эмас.

Хат Санкт-Петербургга Украина дронлари ҳужум уюштирганидан бир кун ўтиб эълон қилинди. Бу пайтда айнан ўша шаҳарда Путин жаҳон раҳбарлари билан иқтисодий форум ўтказаётган эди. Бошқача айтганда: аввал дрон юбориб кўрсат, кейин хат йўллаб таклиф қил. Бу уруш дипломатиясининг энг нозик кўриниши.

Мактубда Зеленский бутун фронт чизиғи бўйлаб ўт очишни тўхтатиш ва икки президентнинг нейтрал ҳудудда – Швейцария, Туркия ёки араб давлатларидан бирида юзма-юз учрашишни таклиф қилди. Мониторинг вазифасини АҚШнинг зиммасига юклашни ҳам айтди. Бундан ташқари, у “ҳаммани ҳаммага” тамойили асосида асирлар алмашинувини ва олиб кетилган барча тинч аҳоли ҳамда болаларни қайтаришни таклиф қилди.

Зеленский хатда Путинни қўлидаги кўзгуга қарашга мажбур қилди: “Сиз Корея Халқ Демократик Республикасидан ёрдам сўрашга мажбур бўлган биринчи рус ҳукмдорисиз. Россия Хитойга тўлиқ қарам бўлиб қолмоқда”.

Хат таҳдид билан якунланди: агар уруш давом этса, Путин “ўз шахсий мавжудлиги учун” курашишга мажбур бўлади, деб ёзди Зеленский ва бу билан у Россия тарихида узоқ урушдан чарчаш сиёсий ўзгаришларга олиб келган даврларни эслатди.

Хат эълон қилинган пайтда Путин бошқа тадбирда иштирок этаётган эди. Песков журналистларга хатни ўқиганини, аммо Путинга ҳали кўрсатилмаганини маълум қилди. Сўнг, Кремлнинг расмий жавоби келди: “Зеленский исталган вақт Москвага келиши мумкин”. Бу бир жумланинг ичига кўп нарса жойлаштирилган эди. Бир томондан – таклифни рад этмаслик кўриниши, бошқа томондан – учрашувни Москвада, яъни Зеленский аввалдан инкор этган шароитда ўтказиш таклифи. Зеленский эса хатида буни аввалдан кўзда тутганди: “Украина раҳбарига сизнинг пойтахтингизда, Россия раҳбарига эса Киевда иш йўқ.”

Сўнгра Путин пленар сессияда ўзи жавоб берди. У хатни “анча қўпол иборалар бор” деб атади ва мақсадини шубҳа остига олди: “Бу юзма-юз учрашув учун шароит яратиш мақсадидами ёки аксинча, бундай учрашув бўлмаслиги учунми? Менимча, иккинчиси”.

Путин форумдаги нутқида ўз мақсадини ҳам бир бор ошкора айтди: “Ҳарбий ҳаракатлар, албатта бир кун келиб тугайди. Бироқ бу – биз ўз олдимизга қўйган мақсадларга эришганимиздан кейин содир бўлади”.

Kyiv Independent манбаларига кўра, Зеленскийнинг хати фақат Путинга эмас, балки анча кенгроқ аудиторияга мўлжалланган эди. Украина Президентининг яқин ҳамкори бўлган юқори мартабали расмийнинг сўзларига кўра, хатнинг асосий мақсади Путиннинг ички доираси, урушдан тобора чарчаётган рус элитаси ва ҳатто оддий рус фуқаролари эди.

Украина расмийларининг айтишича, таклифнинг ўзи мақсаднинг ярми эди холос. Иккинчи мақсад – Киев яна бир бор музокараларни таклиф қилгани, лекин рад жавобининг Москвадан келганини оммага кўрсатиб, тарихий ҳужжат яратиш эди.

Бу дипломатиянинг жуда нозик қатлами. Зеленский “йўқ” деган жавобни олишини билган ҳолда хат ёзди, лекин мақсад “ҳа” эмас, балки “йўқ” жавоби эди. Чунки бу “йўқ” дунёга Россиянинг урушни давом эттиришни ўзи хоҳлаётганини яна бир бор исботлаб берди.

Зеленскийнинг ўзи ҳам бу ҳақда ёзганди: “Биз ҳаммамиз кўряпмиз – руслар аста-секин бу воқеликдан норози бўлмоқда. Уруш Россияга тобора кўпроқ салбий оқибатлар келтирмоқда.”

Жавоб эса кутилганидек келди. Зеленский Кремлнинг позициясини шундай баҳолади: “Россия томони яна уруш йўлини танламоқда. Бу заиф жавоб. Ўйлайманки, дунёдаги кўплаб одамлар бу жавобдан ҳафсаласи пир бўлади.”

Зеленский ва Путиннинг юзма-юз учрашуви бир марта бўлган – 2019 йил декабрда, Парижда. Ўшандан буён икки раҳбар тўғридан-тўғри мулоқот қилмаган.

Орадан етти йил ўтди. Уруш бошланганидан буён эса – тўрт йил. Истанбул, Абу-Даби, Женева – барча музокаралар ҳудудий масалада ҳеч қандай натижасиз якунланди. АҚШнинг эътибори Эрон фронтига айланди. Трамп эса Зеленскийнинг таклифига “улар учрашса яхши бўларди, лекин иккаласи ҳам ён бериши керак” деб қўшиб қўйди – яъни яна мажбуриятсиз фикр билдирди.

Бу ҳафта юз берган воқеалар шуни кўрсатди: хат юборилди, дронлар учди, форум бўлди, жавоб келди, бироқ уруш ҳануз давом этмоқда. Санкт-Петербургдаги имзолар сони кўпайганича, Киев ва Харьков устидаги тутун ҳам кўпаймоқда.

Тинчликка уриниш спектакли

2024 йил ноябрда АҚШ ва Франция воситачилиги билан имзоланган Исроил–Ливан сулҳ битими 2026 йил 2 мартда муддати тугаши керак эди. Аммо ундан олдин, 2026 йил 28 февралда – Исроил ва АҚШнинг Эронга зарба берган куннинг эртасига – “Ҳизбуллоҳ” ҳужумларни қайта бошлади ва Ливан яна уруш гирдобига тортилди.

Янги тўлиқ қуролли можаронинг бошланиши билан томонлар ўртасидаги кескинлик ўта мураккаб дипломатик лабиринтга айланди. Ливан бир вақтнинг ўзида бир неча ўйинчи: ҳукумат, Исроил, “Ҳизбуллоҳ”, АҚШ ва Эрон учун жанг майдонига айланиб қолган.

Шу йилнинг 1 июнь куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Исроил ва Ливан ўртасидаги можарони юмшатишга қаратилган янги ташаббусни илгари сурди. У сўнгги 48 соат ичида Ливан Президенти Жозеф Аун ва Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу билан музокаралар ўтказди.

АҚШ таклифига кўра, биринчи босқичда “Ҳизбуллоҳ” Исроилга қарши барча ҳужумларни тўхтатиши, бунга жавобан Исроил ҳам Байрутга нисбатан ҳарбий ҳаракатларни кучайтирмаслик мажбуриятини олиши керак эди.

Ливан Президенти Жозеф Аун АҚШнинг сулҳ таклифини қўллаб-қувватламоқда. Ливан парламенти спикери Набиҳ Берри эса, “Ҳизбуллоҳ” ўт очишни тўхтатиш режимига риоя қилишини билдирган, бироқ сулҳнинг дастлабки қадамлари бўйича масъулиятни Исроил зиммасига юклаган. АҚШ маъмурияти вакили “Ҳизбуллоҳ” Эрон сиёсатига эргашаётганини ва можаронинг давом этишидан манфаатдор эканини таъкидлаган. Унинг фикрича, Эрон Ливандаги вазиятни чўзиш орқали кейинчалик можарони ҳал қилишдаги ролини намойиш этишга уринмоқда.

Исроил ва Ливан “Ҳизбуллоҳ” ҳужумларни тўхтатиши шарти билан ўт очишни тўхтатиш бўйича янги келишувга эришди. АҚШ Давлат департаменти буни расмий равишда эълон қилди.

Келишувга кўра, Литани дарёсидан Исроил чегарасигача бўлган ҳудудда Ливан Қуролли кучлари тўлиқ назоратни қўлга олиши, “Ҳизбуллоҳ” жангчилари эса бу ҳудудларни тарк этиши керак эди.

АҚШ эса, мазкур ҳудудларда давлатга қарашли бўлмаган қуролли тузилмаларсиз хавфсизлик зоналарини ташкил этиш жараёнига кўмаклашишни ўз зиммасига олди.

Аммо битим эълон қилиниши ҳеч нарсани ўзгартирмади, қон тўкилишдан тўхтамади. 3 июнь куни Исроилнинг жанубий Ливанга берган зарбалари оқибатида камида 9 киши ҳалок бўлган. “Ҳизбуллоҳ” эса, шимолий Исроилга ракета ҳужумларини амалга оширишда давом этмоқда.

Янги келишув апрель ойида эришилган сулҳнинг бир неча бор бузилиши ортидан қабул қилинганди. Бу эса дипломатик ҳужжатлар “бир парча қоғозда” қолиб кетаётганини кўрсатмоқда.

Негаки асосий ўйинчилардан бири “Ҳизбуллоҳ” 3 июнь куни АҚШ воситачилигида Исроил ва Ливан ўртасида келишилган янги ўт очишни тўхтатиш битимини қабул қилишдан бош тортди. Гуруҳнинг ҳам бунга етарли сабаблари бор албатта. Гуруҳ етакчиси Наим Қосим жанубий Ливандан жангчиларни рақиб томонга ён беришиб олиб чиқиш талаби “таслим бўлиш ва мағлубият” билан тенг эканини айтди. У музокараларни “бемаъни, камситувчи ва ҳақоратли” деб атади.

“Биз фақат тўлиқ тажовузни тўхтатиш, ўт очишни тўхтатиш ва Исроилнинг чекинишини талаб қиламиз. Қишлоқларимиз хавфсиз бўлмагунича, Исроилнинг шимоли ҳам хавфсиз бўлмайди”, деган Қосим.

Эрон ҳам Ливандаги можарони ҳал этишни АҚШ билан бўладиган ҳар қандай келишувнинг асосий шарти сифатида илгари сурмоқда. Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг “Қудс” кучлари қўмондони Исмоил Қоний нафақат ўт очишни тўхтатиш, балки Исроил қўшинларини уруш бошланишидан олдинги позицияларига қайтаришни ҳам талаб қиляпти.

Шунга қарамасдан, Ливан Бош вазири Наввоф Салом Ливан армияси “Ҳизбуллоҳ” ҳам, Исроил ҳам бўлмаган “тажриба хавфсизлик зоналари”да жойлаша бошлашини эълон қилди.

Ўт очишни тўхтатиш режимлари бир неча бор эълон қилинганига қарамай, жанглар давом этмоқда. Ливандаги жанглар бошланганидан буён 3 500 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 1,2 миллиондан зиёда одам уйини тарк этишга мажбур бўлган. Исроил эса, 27 нафар ҳарбий ва 3 нафар тинч аҳоли вакилини йўқотганини билдирган.

Томонлар 22 июнь кунида яна музокаралар ўтказиши ва кенг қамровли тинчлик келишувига эришиш имкониятларини муҳокама қилиши режалаштирилган. Аммо “Ҳизбуллоҳ”нинг қатъий рад жавоби ва ер юзидаги асл вазият бу музокараларнинг ҳам нечоғли самарали бўлишига шубҳа уйғотмоқда.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат таркиби нима?

БМТ Хавфсизлик Кенгаши 15 аъзодан иборат. Улардан 5 таси – АҚШ, Буюк Британия, Франция, Россия ва Хитой доимий аъзо бўлиб, вето, яъни ҳар қандай қонун лойиҳасини рад этиш ҳуқуқига эга. Қолган 10 та ўрин эса, муваққат аъзоларга тегишли бўлиб, улар икки йиллик муддатга сайланади. Вето ҳуқуқи бўлмаса-да, муваққат аъзолар музокаралар жараёнини шакллантириш ва ўз минтақаларига тегишли муаммоларни эътиборга олинишида муҳим роль ўйнашади. Муваққат аъзолар БМТ Бош Ассамблеясида яширин овоз бериш орқали сайланади ва бунинг учун аъзо давлатларнинг учдан икки кўпчилик овози зарур.

БМТ Бош Ассамблеяси 2027–2028 йиллар муддатига Австрия, Зимбабве, Португалия, Тринидад ва Тобаго ҳамда тарихда илк бор Қирғизистонни Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзолари этиб сайлади.

Қирғизистон Осиё-Тинч океани гуруҳидан ўрин учун 4 та яширин овоз бериш турида Филиппин билан кескин кураш олиб борди ва 142 овоз тўплаб, 49 овоз олган Филиппинни мағлуб этди.

1991 йилда мустақилликка эришганидан буён биринчи марта Қирғизистон БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоси сифатида сайланди. Янги муддат 2027 йил 1 январдан бошланади ва 2028 йил 31 декабргача давом этади.

Бу Марказий Осиёдан ўн йилдан кўпроқ вақт ўтгач Кенгашга қайтишдир. Аввалги сафар минтақадан Қозоғистон 2017–2018 йилларда ўрин эгаллаган эди.

Қирғизистон учун бу оддий дипломатик натижа эмас, бу ўнлаб йиллар давом этган саъй-ҳаракатларнинг мевасидир. Президент Садир Жапаров дунё раҳбарларини Қирғизистонни қўллаб-қувватлашга чақирган ва ҳеч қачон Кенгашда ўтирмаган давлатларнинг вакиллигини кенгайтириш зарурлигини таъкидлаган. Ташқи ишлар вазири Жээнбек Қулубаев эса БМТни Осиё, Африка ва Лотин Америкасидан доимий аъзоларни кўпайтириш йўлида ислоҳотлар ўтказишга чақирган.

Қирғизистоннинг ғалабаси сўнгги ойларда Эдил Байсаловни АҚШдаги элчи этиб тайинлагандан кейин кучайган дипломатик фаоллик билан ҳам боғлиқ деб кўрилмоқда. Байсалов май ойида Вашингтонни қамраб олган интенсив лобби ишлари давомида минглаб саъй-ҳаракатларни бошқарган.

Қўшни мамлакатлар билан солиштирганда кўпинча халқаро муассасаларда “кўринмас” бўлиб келган Қирғизистон Филиппин каби кучли дипломатик анъаналарга эга давлатни енгиши бу минтақанинг халқаро майдондаги ўрни ошаётганидан дарак беради.

Германия ва яҳудийлар

Худди шу сайлов куни бошқа бир тарихий натижа юз берди. Фақат бу гал ғалаба эмас, балки мағлубият ҳолати. Германия БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги муваққат ўрин учун уюштирилган сайловда биринчи марта мағлуб бўлди. Ғарбий Европа ва бошқа давлатлар гуруҳидан икки ўрин учун рақобатлашган Германия, Австрия ва Португалиядан орқада қолиб кетди.

Германия Ташқи ишлар вазири Иоганн Вадефул Нью-Йоркда атрофидаги 80 га яқин министр ва элчиларга лоббичилик қилган бўлса-да, у атиги 104 овоз тўплади. Рақобатчи Австрия 131, Португалия эса, 134 овоз олиб Германиядан ўзиб кетди.

1990 йилда Германия бирлашганидан буён мамлакат ҳар саккиз йилда бир марта, ҳеч қандай тўсиқсиз, Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоси бўлиб келган эди. Бу анъананинг биринчи марта бузилиши Берлинда катта сиёсий резонанс уйғотди.

Германия Ташқи ишлар вазири Вадефулнинг ўзи ҳам мағлубиятнинг икки сабабини очиқ тан олди. Булардан бири Россиянинг Украинадаги урушга муносабати бўлса, иккинчи янада қалтисроқ сабаб – Исроилни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқлиги айтилади.

“Quincy Institute for Responsible Statecraft”нинг ижрочи вице-президенти Трита Парси Германиянинг Украинани қўллаши билан боғлиқ аргументни рад этди.

“Келинг, вазиятга реал ёндашайлик, Германиянинг Украинани қўллаши бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Австрия ва Португалия – Германияни енгган мамлакатлар ҳам Украинани қўллашда ундан кам эмас”, деди Парси.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари офисининг Нью-Йоркдаги собиқ директори Крэйг Мохибер ҳам шу фикрни қўллаб-қувватлади. Унинг сўзларига кўра, Германиянинг Фаластин масаласида Исроил ҳукуматини ёқлаши, Ғазодаги геноцидни кўр-кўрона қўллаб-қувватлаши Берлинга қимматга тушди.

Халқаро жиноят суди Исроил Бош вазири Нетаньяхуга 2024 йилда ҳибсга олиш ордери бергани ва Халқаро адолат суди Исроилни геноцид ҳаракатларидан тийилишни буюрганига қарамай, Германия канцлери Фридрих Мерц Исроилга ташриф буюриб, Нетаньяху билан учрашди. Мерцнинг Исроилга сафари вақтида Германия Ғазода ишлатилиши мумкин бўлган қуроллар экспортига киритилган уч ойлик тўхтатувни бекор қилди. Кейинги текширувлар эса Германиядан Исроилга қуроллар экспорти чекловлар даврида ҳам давом этганини кўрсатди.

Австрия ҳам анъанавий равишда Европада Исроилнинг энг қатъий тарафдорларидан бири ҳисобланади. Бироқ у кичикроқ ва ҳарбий жиҳатдан нейтрал давлат сифатида Берлинга йўналтирилган танқидлардан четда қолди.

БМТ сайлов натижаси шуни кўрсатдики, ҳатто глобал ғарбда ҳам Исроилнинг бугунги жиноятлари яхши кайфият билан кутиб олинмаяпти. Германиянинг дипломатик қулаши эса бундай бир ёқлама сиёсатнинг баҳоси сифатида талқин этилади.

Қирғизистон ғалабаси – янги овоз. Германиянинг мағлубияти – эски тизимнинг синиши. Ҳар иккиси бир кунда, бир залда юз берди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Санкт-Петербург Россия Шавкат Мирзиёев Европа Ўзбекистон Владимир Путин Хавфсизлик кенгаши Зеленский сайловлар Исроил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тинчлик атом электр станция тантана Иқтисодий шартномалар юзма-юз учрашув Германия ва яҳудийлар Иоганн Вадефул

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг