Президент Ургутга поездда борди
Жамият
−
25 Ноябрь 5218 4 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 25 ноябрь куни “Самарқанд – Ургут” янги темирйўл линиясида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Давлат раҳбари жамоатчилик вакиллари билан бирга поездда Ургутга борди ҳамда туман фаоллари билан самимий мулоқот ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу темирйўл қурилиши жорий йил февраль ойида бошланган бўлиб, умумий узунлиги 55 километрни ташкил этади. Лойиҳа доирасида иккита вокзал, “Ургут” иқтисодий зонасида иккита юк станцияси ҳамда бир қатор кўприклар барпо этилди. Эътиборлиси, мазкур линияни келгусида тўлиқ электрлаштириш режалаштирилган.
Янги йўналиш икки жуфт шаҳарлараро поезд ва тўққиз жуфт юк поезди қатновини таъминлаш имкониятига эга. Лойиҳани шу йил якунига қадар якунлаш кўзда тутилган. Поездлар қатнови йўлга қўйилиши орқали йилига 359 минг йўловчи ва 8,2 миллион тонна юк ташиш имкони яратилади.

Йўналиш Самарқанд шаҳри, Жомбой, Пастдарғом, Тойлоқ ва Ургут туманлари аҳолиси учун хавфсиз ва замонавий транспорт хизмати тақдим этиши билан аҳамиятли. Шунингдек, ички туризм ривожига ҳам катта туртки беради.
Темирйўл инфратузилмаси иқтисодиётнинг асосий тармоқларидан бири бўлиб, ушбу лойиҳа “Ургут” эркин иқтисодий зонаси салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади. Янги йўналиш ишга тушиши натижасида 130 та янги иш ўрни яратилади.

Давлат раҳбари жамоатчилик вакиллари билан бирга мазкур йўналишда ҳаракатланувчи поездда Ургутга борди. Сафар чоғида Президент темирйўл инфратузилмасини ривожлантириш, йўловчилар учун қулайликларни янада ошириш, темир йўлларни электрлаштириш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш юзасидан мутасаддиларга қўшимча топшириқлар берди. Шунингдек, йўл бўйлаб амалга оширилаётган қурилиш ва ободончилик ишларига эътибор қаратди.
Ургут тумани катта салоҳиятга эга ҳудуд сифатида тобора муҳим ўрин эгаллаб бораётгани таъкидланди. Бу ердаги аҳоли ишбилармон, тадбиркорлик руҳи кучли. Мамлакат иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган бундай ҳудудларни ривожлантиришда эса замонавий логистика ва инфратузилма ҳал қилувчи омил ҳисобланади.

Янги темирйўлнинг келиши билан Ургутда иқтисодий ўсишни чеклаб турган тўсиқлар, логистик “тромб”лар бартараф этилади. Юк ташиш тезлашади, маҳсулотлар бозорларга арзон ва вақтида етказилади, инвесторлар учун қулайликлар янада ортиб, ҳудуднинг рақобатбардошлиги ошади.
Энг муҳими, ҳудудда яратилаётган янги имкониятлар аҳолининг турмуш даражасига бевосита ижобий таъсир кўрсатади. Инфратузилма ривожланган жойда иш ўринлари кўпаяди, хизматлар яхшиланади, тадбиркорлик фаоллашади.

Таъкидланишича, мазкур лойиҳа темир йўл тармоғини модернизация қилиш ва кенгайтиришга қаратилган ишларнинг муҳим қисми ҳисобланади. Бу жараёнда ишларни ўз вақтида ва юқори сифатда амалга ошириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда харажатларни оптималлаштириш зарурлиги айтилди.
“Сафар чоғидаги суҳбатда давлатимиз раҳбари Самарқандда бўлаётган ижтимоий-иқтисодий янгиланишларнинг одамлар ҳаётидаги ижобий акси яққол кўзга ташланаётгани, ёшларни ватанпарварлик руҳида, Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари сифатида тарбиялаш ҳақида сўз юритди. Ургутгача тортилган темир йўлига туташ ерларни ўзлаштириш, уларда қишлоқ хўжалиги маданиятини юксалтириш, таълим соҳасида, шу жумладан, қўшни давлатлар билан халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди”, дейилади хабарда.
Ургут вокзали янги йўналишнинг асосий нуқталаридан бири. Президент вокзал инфратузилмаси, хизмат кўрсатиш тизими ва йўловчилар ҳаракатини ташкил этиш масалаларига эътибор қаратди. Туристлар учун қулайликларни яхшилаш муҳимлиги қайд этилди.

Давлат раҳбари шу ерда Ургут тумани фаоллари билан самимий мулоқот ўтказди. Суҳбатда ҳудудлардаги ўзгаришлар, аҳоли турмуш тарзи ва тинчлик қадри ҳақида фикр алмашилди. Одамларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, даромад ва фаровонликни ошириш, маҳаллаларни обод қилиш давлат сиёсатида устувор йўналиш сифатида белгиланаётгани таъкидланди. Иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар натижасида саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, транспорт ва энергетика соҳаларида йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди. Нуронийлар бу ўзгаришлар аҳоли ҳаётида сезиларли натижа бераётгани, халқимиз ислоҳотларга юқори баҳо бераётганини таъкидлади.
Шунингдек, Президент вокзал атрофида аҳоли фаровонлиги ва ҳудуднинг иқтисодий жозибадорлигини оширишга қаратилган қўшимча лойиҳалар тақдимоти билан ҳам танишди. Тадбиркорлар ташаббуси асосида яқин ҳудудларда автовокзал, миллий чойхона, экобозор, турар жой бинолари, хусусий мактаб ва боғчалар барпо этиш режалаштирилмоқда. Ушбу ишлар амалга оширилиши натижасида аҳолига янги хизмат турлари яратилади, ҳудуднинг ижтимоий инфратузилмаси яхшиланади, тадбиркорлик муҳити янада фаоллашади. Энг муҳими, 350 нафарга яқин фуқаронинг доимий бандлиги таъминланиб, ҳудуднинг иқтисодий ўсишига қўшимча туртки берилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 25 ноябрь куни ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнлари билан танишиш ҳамда келгусидаги вазифаларни фаоллар иштирокида белгилаб олиш учун Самарқанд вилоятига етиб борганди. Давлат раҳбари Самарқандга ташрифини таомилга кўра, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш билан бошлади. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди. Президент кейин Самарқанд вилояти Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасида жойлашган Маҳдуми Аъзам мажмуасида амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан танишди. Мирзиёев Самарқандга ташрифи чоғида Ҳазрати Ҳизр мажмуасида ҳам бўлиб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасига гул қўйди.
Live
Барчаси