Кўзни мошдек очадиган вақт келди ёхуд янги тизимга қаршилар “учади”
Таҳлил
−
27 Декабрь 12463 6 дақиқа
2026 йилда асосий солиқ ставкалари оширилмайди. Автомобиль йўллари дунё стандартларига мослаштирилади. Фуқароларга уй-жой сотиб олишда бошланғич тўлов ва фоиз тўловларини қоплаш учун 2 триллион 700 миллиард сўм субсидия ажратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида маълум қилди.
Президент Мурожаатида, Коррупцияга қарши кураш масаласи кескин ва қатъий оҳангда кўтарилди. 2026 йилда бу иллатга қарши “фавқулодда ҳолат” эълон қилинади, барча идораларда комплаенс ва ички назорат кучайтирилади, раҳбарлар Президент олдида бевосита ҳисобот беради. Ҳатто туман ҳокимларнинг ҳам ойлиги кўтариб қўйилгани, ҳозир улар жуда яхши ойлик олаётганлиги алоҳида айтилди. Энди давлатнинг ҳар бир сўми назоратга олинади. Бу гаплар кўпчиликка ёқмаслиги табиий лекин энди амалдорларнинг жилови маҳкам тортилади.
“Қонун олдида ҳамма тенг! Хавфсизлик хизмати, ички ишлар, прокуратура, солиқ, божхона, молия, банк, йирик давлат компаниялари, вазирлик ва ҳокимликлар, бир сўз билан айтганда, бирорта идора ва ташкилот назоратдан четда қолмайди. Комплаенс хизматининг фаолиятига тўсқинлик қилганлар коррупцияга шерик деб баҳоланади ва жавобгарлик шунга мос ҳолда бўлади", деди давлат раҳбари.
Шу ўринда, тадбиркорларга босим ўтказадиган, ўзларидан валломат ясаб оладиган жиноий тўдалар ҳақида ҳам гапирилди. Ҳаттоки, хорижий давлатларда Ўзбекистон фуқароларидан иборат жиноий тўдалар борлиги жиддий ҳолат эканлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликни қаттиқ қоралади. Ўзбекистонда аёллар ёлғиз ва ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслиги таъкидланди.
Эндиликда, суд тизими янада адолатли ва шаффоф бўлади. Қонун устуворлиги ҳар доим ҳар ерда таъминланди. Терговни ҳам рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимояси янада кучайтирилади. Бунда жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан бошлаб, ишни судга ўтказишгача бўлган босқичларга сунъий интеллект технологиялари жорий этилади ва инсон омили қисқартирилади. 2026 йилдан тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатлари ҳам берилади.
Глобал савдо тизимида “ўйин қоидалари” ўзгараётган бир пайтда, тарихда биринчи марта Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 145 миллиард доллардан ошди. Жорий йил экспорт 23 фоизга ошди. Бу кўрсатгич келгуси йилда 33,4 миллиард долларга етиши режалаштирилган. Энг муҳими, олтин-валюта захиралари илк бор 60 миллиард доллардан ошди. Бундан икки йил олдин “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилгача 160 миллиард долларга етказиш белгиланган эди. Амалга оширилган жадал ислоҳотлар натижасида ушбу маррага 2026 йилда бемалол эришилиши мумкинлиги айтилди.
Мурожаатномада, хорижий инвесторларни янада кенг жалб қилиш ҳамда мамлакатни дунё миқёсида жадал ривожлантириш учун маҳаллий ва халқаро магистраль йўлларни жаҳон стандартларига мослаштириш кераклиги маълум қилинди. Бунда узоқ ҳудудларни туташтирувчи қисқа масофали йўллар бунёд этилиши, туризм ва экологик маданиятга алоҳида эътибор қаратилиши айтилди.
Эски машиналарнинг пойтахт, вилоят марказлари ҳамда шаҳарларга кириши чекланади. Шунингдек, эски автомобилларни янгисига алмаштиришда давлатнинг ўзи ёрдам беради. Экологияни яхшилаш мақсадида Экостикерлар татбиқ этилади. Шу билан бирга, электромобиллар учун бир қанча имтиёзлар жорий этилади. Масалан, эски автомобилларни алмаштириш ва фильтр ўрнатишга субсидия ажратилади, маҳаллий электромобилларга 12 фоизли, хорижий электромобилларга эса 16 фоизли автокредитлар ажратилади.
2026 йилдан бошлаб Афғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, уни минтақадаги иқтисодий жараёнларга кенг жалб қилиш асосий мақсадлардан бирига айланади. Қўшни ва хорижий давлатлар билан алоқалар янги босқичга кўтарилади. Келгуси йилда ҳам Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Германия, Франция, Италия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Иордания, Қувайт, Ўмон, Ҳиндистон, Покистон Ўзбекистоннинг асосий шериклари бўлиб қолади. Шунингдек, бошқа давлатлар билан кўпқиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш бундан буён ҳам эътибор марказида бўлишини Президент айтиб ўтди.
2023 йилдан буён ташқи қарз миқдорини Парламенти белгилаб келаётганди. Президент энди давлат кафолати остида ташқи қарз олиш масаласини маъқуллашни ҳам Парламент ваколатига ўтказишни таклиф қилди. Бундан буён давлат харидларида товар, иш ва хизматларни тўғридан-тўғри сотиб олиш мумкин бўлган ҳолатлар фақат қонун билан белгиланади.
Шунингдек, маҳаллани ривожлантириш бўйича комплекс ёндашилади. Ҳар бир вилоятда 2-3 тадан туман танлаб олиниб, ҳамма маҳалласидаги барча муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал қиладиган тизим яратилади. Параллел равишда тадбиркорлик инфратузилмаси ҳам ривожлантирилади.
Ушбу мақсадлар учун барча манбалар ҳисобидан 8,5 триллион сўм маблағ ажратилади. Депутатларга ўз округидаги муаммоларни ҳал этиш учун 500 миллиард сўм берилмоқда. Бу борада “яшил ҳудуд”, “яшил боғ” яратиш бўйича ҳар бир депутатнинг ташаббусига қўшимча 330 миллион сўмдан йўналтирилиши белгиланди. 2030 йилгача шароити оғир барча туманлардаги маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфаси олиб кирилиши таъкидланди.
2026 йилда асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолдирилади, тадбиркорлик инфратузилмаси лойиҳаларига 10 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади. Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 140 триллион сўм ресурс берилади. Шундан 43 триллион сўми хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Мурожаатноманинг яна бир асосий янгилиги–Ўзбекистоннинг илк космонавти космосга учирилиши ҳақида бўлди.
“Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор космик соҳада сунъий йўлдош ва биринчи ўзбек фазогирини учириш бўйича ишларни бошладик. Бу – Янги Ўзбекистоннинг илмий, технологик ривожланиши, умуман миллий тараққиётимизни янги босқичга олиб чиқишга катта туртки беради, деб ишонч билан айта оламан. Буюк бобомизнинг руҳини шод қилиш учун ҳам бу ишни қилишимиз керак”, деди Ўзбекистон Президенти.
Мирзиёев Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузи ҳақида ҳам гапирди. Етакчи халқаро рейтинг агентликлари мамлакатнинг суверен рейтингини “BB-”дан “BB” поғонасига кўтарди. Жаҳон банки эълон қилган индексда эса Ўзбекистон дунёнинг ТОП-10 та мамлакати қаторидан жой олди. Биргина ана шу ўзгариш туфайли четдан жалб қилинадиган ресурсларнинг фоиз ставкаси 1-1,5 пунктга пасайиб, ташқи қарз харажати йилига 250-300 миллион долларга камаяди”, деди давлат раҳбари.
“Ҳамма ўнг қулоғи билан ҳам чап қулоғи билан яхшилаб эшитиб олсин, ривожланиб бораётгандан давлатда ОАВ ўрни беқиёс, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш устувор вазифамиз бўлиб қолади” деди президент.
Қарийб 2 соат давом этган Мурожаатномада Шавкат Мирзиёев анъанага мувофиқ янги йилга ҳам ном берди. 2026 йил – “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилинди.
Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасидаги ушбу видеорепортажни томоша қилинг.
Live
Барчаси