Рақамли ОКМК-2030: Комбинат конларида сунъий интеллектдан фойдаланилмоқда
Бизнес
−
22 Июль 5705 2 дақиқа
Илм-фан ва ахборот коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда деярли барча жабҳаларда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланилмоқда. Ишлаб чиқариш соҳаси ҳам бундан мустасно эмас.
Хусусан, Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг “Қалмоққир” ва “Ёшлик I” конларида автоматлаштрилган кон-транспорт бошқарув тизими жорий этилмоқда. Тизимнинг вазифаси энг замонавий рақамли ечимлар ва сунъий интеллектни қўллаган ҳолда кон-транспорт комплексини самарали бошқаришни таъминлашдир.
Эндиликда кондаги автосамосвал, экскаватор, бурғилаш техникалари ва ёрдамчи техникалар махсус техник-аппарат воситалари билан жиҳозланиб, улардаги маълумотларни онлайн шаклда жамлаш йўлга қўйилади.
Мутахассислар таъкидлаганидек, тизим автоматик равишда автосамосвалларни экскаваторларга самарали тақсимлаш имконини беради. Шунингдек, қудуқларни бурғилаш ишларини ҳам онлайн тарзда белгилаш ва назорат қилиш йўлга қўйилмоқда.
Бу тизимнинг афзаллиги шундаки, кондан чиқаётган юк оқимларини оптимал бошқариш, кон ишини тезкор ҳисобга олиш ва назорат қилиш, эксплуатация режимларини мониторинг қилиш ва меҳнат унумдорлигини ошириш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва кон массасини қазиб олиш ҳажмини оширишдан иборат.
Ҳозирда мазкур тизим пудратчи компания билан ҳамкорликда босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Дастлабки босқичда “Қалмоққир” ва “Ёшлик I” конларида ишлаб чиқариш жараёнлари рақамлаштирилади.
Муҳим жиҳати бу тизим кон маъданларини Мис бойитиш фабрикаси ва ағдармаларга бир маромда ташишни ташкил этиш учун жавобгар саналади.
Шунингдек, техникани ишлатиш ва таъмирлаш харажатларини камайтиришга имкон беради.
Тизимга ходимлар иш самарадорлиги ва хавфсизликни баҳолаш модуллари ҳам интеграция қилинган. Масалан, видеорегистраторлар ва видеотаҳлил тизимлари авария ҳодисаларининг олдини олишга ёрдам беради, хавфсизлик техникасига риоя этилишини назорат қилади, ҳайдовчининг хатти-ҳаракатларини таҳлил қилади, ҳодисаларни қайд этади ва хавфли вазиятларни автоматик равишда аниқлаш имконини беради.
Шунингдек, техника воситаларининг бўш туриш вақти қисқартирилади. Кон-транспорт комплексини бошқариш ва портлаш-бурғулаш ишларини унумдорлиги ортади.
Бир сўз билан айтганда сунъий интеллектдан фойдаланиш орқали унумдорликни ошириш ва харажатларни камайтиришга эришилади.
Реклама ҳуқуқи асосида
Live
Барчаси