Саудия ва Қувайт АҚШга базаларидан фойдаланишга рухсат берди

Олам

image

Саудия Арабистони ва Қувайт АҚШ ҳарбийларининг ўз ҳудуди ва ҳарбий базаларидан фойдаланишига қўйилган чекловларни бекор қилди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” нашри хабар берди.

Бу қарор Ҳормуз бўғозидаги АҚШнинг “Озодлик лойиҳаси” операциясини қайта бошлаш йўлидаги асосий тўсиқни бартараф этган.

Нашр манбаларига кўра, Пентагон операцияни ҳатто шу ҳафтанинг ўзида қайта тиклаши мумкин.

“Озодлик лойиҳаси” операцияси бошланганидан икки кун ўтмай тўхтатилган эди. НБС маълумотига кўра, бунга Саудия Арабистонининг норозилиги ҳам сабаб бўлган. ВСЖ ёзишича, АҚШ кемаларни ҳимоя қилишда Саудия ва Қувайт базаларига таянгани Ар-Риёд билан жиддий келишмовчиликка ва хавфсизлик бўйича келишув бузилиши хавфига олиб келган.

Форс кўрфази давлатлари АҚШнинг Эрон ҳужумларига муносабатини етарли деб ҳисобламаган ва шу сабабли америкаликларга базалардан фойдаланишни чеклаб қўйган.

Агар операция қайта бошланса, кемалар махсус минадан тозаланган йўлак орқали АҚШ флоти ва авиацияси ҳимояси остида ҳаракатланади.

АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет операцияни “Америкадан бутун дунёга совға” деб атаб, Ҳормуз бўғози устида “қизил-оқ-кўк қалқон” яратилишини айтган.

Операцияга жавобан Эрон БААдаги нефть инфратузилмасига зарба бергани айтилмоқда. Бу ҳолат Ар-Риёдда хавотир уйғотган. АҚШ айрим ҳужумларни қайтарган, олтита Эрон катерини чўктирган ва икки ҳарбий кемасини ҳудуддан олиб чиққан. Шу билан бирга, Теҳрон бошқа бир қатор кемаларга зарба бергани ва БАА ҳудудига 15 та ракета ҳамда дрон учиргани хабар қилинмоқда.

Эрон эса БААга қилинган ҳужумларни рад этмоқда, бироқ амирликлар ҳудудидан ўзларига қарши ҳаракат бўлса, “вайронкор жавоб” қайтарилишини огоҳлантирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони Қувайт Пит Ҳегсет Озодлик лойиҳаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг