Шармандали натижа! “Наполи” еврокубокларда илк бор 6 та гол ўтказиб юборди
Спорт
−
22 Октябрь 1881 1 дақиқа
Бугун, 22 октябрга ўтар кечаси UEFA Европа Чемпионлар Лигасининг 3-тури доирасида Италиянинг “Наполи” клуби сафарда Нидерландиянинг ПСВ жамоасидан йирик ҳисобдаги мағлубиятга учради – 2:6. Учрашув Эйндховендаги “Филипс” стадионида бўлиб ўтди.
Бу натижа “Наполи” учун антирекорд ҳисобланади. Яъни неаполликлар илк бор еврокубоклар доирасидаги бир ўйинда 6 та гол ўтказиб юборди. Бу ҳақда “Opta Sport”га таяниб “Чемпионат” нашри хабар берди.
Манбага кўра, охирги марта “Наполи” 1997 йилда бир ўйинда олти гол қабул қилиб олган эди. Ўшанда жамоа Серия A доирасида “Сампдория”га 3:6 ҳисобида мағлуб бўлган.
Уч турдан кейин ПСВ тўрт очко билан умумий жадвалнинг юқори қисмида жойлашган. “Наполи” эса уч очко билан пастки поғоналардан ўрин олди.
Маълумот учун, келаси турда ПСВ меҳмон сифатида “Олимпиакос”га қарши баҳс олиб боради, “Наполи” эса Неаполда Германиянинг “Айнтрахт” жамоасини қабул қилади. Ҳар икки учрашув 4 ноябрь куни бўлиб ўтади.
Жаҳонгир Иномжонов
Live
Барчаси