Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон ОАВ учун баёнот берди

Жамият

image

Бугун, 26 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Кўксарой қароргоҳида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши якунлари юзасидан фикрлари билан бўлишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, Ўзбекистон етакчиси биродар Тожикистоннинг барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, инвестицияларни жалб қилиш, инфляцияни жиловлаш ва аҳолининг реал даромадларини ошириш борасида эришаётган юксак натижаларидан чин дилдан мамнун эканини таъкидлаган. 

“Тожикистон Ўзбекистон учун ишончли стратегик шерик ва иттифоқчидир. Мамлакатларимиз мақсадлари, қараш ва интилишлари муштарак экани, икки томонлама муносабатлар сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда жадал ривожланаётгани таъкидланди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, парламентлар ва ҳукуматлар, ҳудудлар раҳбарлари ва зиёлилар даражасида мунтазам учрашувлар ўтказилаётгани мамнуният билан қайд этилган.

Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб бир миллиард долларга етган. Саноат кооперацияси жадал ривожланмоқда. Ҳозирда Ўзбекистонда 500 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда.

Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Пойтахтлар ўртасида ҳафтасига ўнта авиарейс амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Президенти бугунги саммитга жиддий тайёргарлик кўрилганини маълум қилган.

Ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари, ҳудудлар, ректорлар, олимлар, ёшлар, таҳлил марказларининг форумлари, Тожикистон маданияти ва киноси кунлари, бошқа бир қатор муҳим тадбирлар муваффақиятли ўтказилган.

Бугун бўлиб ўтган самарали музокаралар ҳамда Давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши давомида масалаларнинг кенг доираси муҳокама қилинган, кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва мақсадлари белгилаб олинган.

Барча даражаларда фаол алоқаларни давом эттириш, халқаро ва минтақавий тузилмалар, жумладан, Маслаҳат учрашувлари ва “Марказий Осиё плюс” форматлари доирасида мулоқотни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланган.

Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш зарурлиги қайд этилган. Икки мамлакат ҳукуматларига алоҳида дастур асосида товар айирбошлашни икки миллиард долларга етказиш бўйича амалий чоралар кўриш топширилган.

Шу мақсадда “Ойбек – Фотиҳобод” савдо зонасини ташкил этиш тезлаштирилади, энергетика, геология, металлургия, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва бошқа соҳаларда икки миллиард долларлик ташаббусларни ўз ичига олган Кооперация дастури амалга оширилади.

Томонлар ушбу лойиҳаларни илгари суриш учун Қўшма инвестиция компаниясининг салоҳиятидан фаол фойдаланишга келишиб олган.

Транспорт ва транзит соҳасига алоҳида эътибор қаратилган. Юк ташишда электрон рухсатнома бериш тизимини жорий этиш тўғрисида битим имзоланган, шунингдек, ҳаво ва темир йўл транспорти қатновларини кенгайтириш ҳамда чегара ўтказиш пунктларининг қувватини ошириш бўйича келишувларга эришилган.

Ушбу ўзаро мувофиқлаштирилган чора-тадбирларнинг асосий мақсади – бизнес ва фуқаролар учун қулай шароитлар яратиш ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш драйвери сифатида ҳудудлар салоҳиятини ишга солиш.

Сув ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорлик икки мамлакат алоқаларининг муҳим йўналиши ҳисобланади.

“Яшил” энергетика соҳасида йирик лойиҳаларни биргаликда илгари суриш ҳамда сув тақсимоти, сув иншоотларини автоматлаштириш ва рақамлаштириш масалаларини мувофиқлаштиришга тайёрлик тасдиқланган.

Маданий-гуманитар алоқалар халқлар ўртасидаги мустаҳкам дўстлик кўприги бўлиб қолмоқда. Ҳамкорлик доирасида Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий дўстлиги ҳақида фильм тайёрланган, Янги Тошкентдаги кўчалардан бирига эса Душанбе шаҳри номи берилган.

Йиллик тақвим асосида таълим, туризм ва ёшлар йўналишларида фаол алмашинувларни давом эттириш нияти билдирилган.

Икки мамлакатдаги йирик ўзбек ва тожик диаспораларини қўллаб-қувватлаш, маданий марказларни кенг ривожлантириш, она тили, анъана ва урф-одатларни асраб-авайлаш мақсадида Маданий-гуманитар соҳада ҳамкорлик бўйича комплекс дастур тайёрланади.

Якунда ушбу тарихий ташриф натижалари иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаб, биродар мамлакатлар барқарор ривожланиши ва равнақига ҳар томонлама хизмат қилиши қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Имомали Раҳмон давлат ташрифи билан Тошкентга етиб келганди. Тошкент халқаро аэропортида олий меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Шунингдек, Кўксарой қароргоҳида Имомали Раҳмонни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Кейинроқ эса Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон тор доирада музокара ва Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишини ўтказди. Шунингдек, икки давлат етакчилари йирик кооперация лойиҳаларини ишга тушириш маросимида иштирок этди. Ўзбекистон – Тожикистон Олий давлатлараро кенгашининг биринчи йиғилишидан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш ва алмашиш маросими бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмон баёнот

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг