Сўнгги 24 йилда қизамиқдан ўлим кўрсаткичи 88 фоизга камайди. Аммо…

Саломатлик

image

Дунёда 2000-2024 йиллар давомида амалга оширилган кенг кўламли эмлаш тадбирлари натижасида қизамиқдан ўлим кўрсаткичи 88 фоизга камайди, яъни бу даврда вакциналар қарийб 59 миллион инсоннинг ҳаётини сақлаб қолди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эълон қилинган сўнгги ҳисоботда маълум қилинди.

Қайд этилишича, касалликдан ўлим даражаси камайгани қувонарли ҳолат, бироқ эпидемиянинг тарқалиш кўлами ва суръати ошиб бораётгани хавотирлидир.

Хусусан, ўтган йили дунё бўйича 11 миллионга яқин одамда қизамиқ аниқланган бўлиб, бу пандемиядан олдинги давр – 2019 йилга нисбатан 800 мингта кўп кўрсаткичдир.

2024 йили хасталикдан вафот этганлар сони эса 95 минг нафарни ташкил этганди. Янада ачинарлиси, уларнинг асосий қисми беш ёшдан кичик болалардир.

ЖССТ раҳбари Тедрос Гебреисуснинг таъкидлашича, қизамиқ – дунёдаги энг юқумли вируслардан бири. Шу боис, эмланиш жараёнида йўл қўйиладиган лоқайдлик катта хавфни келтириб чиқаради.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ўтган йили Шарқий Ўртаер денгизи минтақаси давлатлари ҳудудида касалланиш кўрсаткичи 2019 йилга нисбатан 86 фоизга, Европада 47 фоизга, Жануби-шарқий Осиё давлатларида 42 фоизга ошган.

Африкада эса аксинча – эмлаш қамрови ошиши туфайли касалланиш даражаси 40 фоизга, ўлимлар сони эса 50 фоизга камайган.

Хўш, муаммонинг илдизи қаерда?  Маълум қилинганидек, 2024 йилда дунё бўйича болаларнинг 84 фоизи биринчи дозада, 76 фоизи иккинчи дозада эмланган. Вирус тарқалишини жиловлаш учун эса ҳар икки дозада вакцина олиш қамрови 95 фоизлик натижага етиши талаб этилади. Айни шу муаммо туфайли 30 миллиондан ортиқ боланинг саломатлиги ҳимоясиз қолган.

Яна бир таҳлил: ўтган йили 59 мамлакатда йирик қизамиқ ўчоқлари қайд этилган. Бу кўрсаткич 2021 йилга солиштирганда уч баробар кўп. Ўз навбатида, 2024 йил охирига келиб, 81 давлат қизамиқни тўлиқ бартараф этишга муваффақ бўлган.

Шундан келиб чиқиб, ЖССТ тегишли давлатларни эмлаш қамровини ошириш ва эпидемиологик назоратни кучайтиришга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЖССТ 2024 йилда касалликлар сони камайганига қарамай, тахминан 1,3 миллион киши ОИТСга чалинганини маълум қилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

қизамиқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг