Сурияда байрам: Асад ағдарилганининг 1 йиллиги нишонланяпти
Олам
−
08 Декабрь 3530 4 дақиқа
Сурияликлар бугун, 8 декабрь куни диктотор Башар Асад ва унинг қаттиққўл ҳукмронлиги тугатилганининг бир йиллигини нишонлади. Бир неча йиллик урушдан сўнг барқарорлик ва тикланиш учун курашаётган мамлакатда байрам муносабати билан тадбирлар ўтказилмоқда.
Расмий тантаналар Дамашқнинг марказидаги Умавийлар майдонида ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ўтказилиши режалаштирилган. Ватанпарварлик тўй-тантаналари арафасида майдон тўлиб турган бўлиб, ҳарбий парадлар ҳам ўтказилди.

Бир йил аввал Асад Суриядан қочиб, Россияга йўл олган, чунки янги президент Аҳмад аш-Шара бошчилигидаги исёнчилар Дамашқни қўлга киритиб, унинг 13 йилдан ортиқ давом этган ҳукмронлигига нуқта қўйган эди. Исён Асадга қарши бошланган халқ қўзғолонидан келиб чиққан ва йиллар давомида урушга айланганди.
“Юбилей муносабати билан аш-Шара бомдод намозини Дамашқдаги Умавийлар масжидида адо этди”, деб хабар берди расмий SANA агентлиги.
Хабарга кўра, у ғалаба қозонган исёнчи кампанияси даврида кийган ҳарбий либосида бўлган. Аш-Шара мамлакатни адолатли ва кучли давлатга айлантиришга ваъда берди.

“Шимолдан жанубга, шарқдан ғарбгача биз бугунги ва ўтмишга муносиб, кучли Сурияни қайта тиклаймиз”, деди у SANA хабарида.
Сурияликлар бирдамлик намойишига чорланди
“Ал-Қоида” собиқ қўмондони бўлган аш-Шара Сурия ташқи алоқаларини тубдан ўзгартирган катта ислоҳотлар йўлини бошлаб берди. У АҚШ билан алоқаларни тиклади, ахлоқий ва сиёсий қўллаб-қувватлашни араб кўрфази давлатлари ва Туркиядандан қўлга киритди ҳамда Асаднинг асосий таянчлари бўлган Эрон ва Россиядан чекина бошлади. Ғарб томонидан жорий қилинган оғир санкциялар асосан бекор қилинди.

Аш-Шара Асаднинг шафқатсиз полиция давлатини инклюзив ва адолатли бошқарув билан алмаштиришга ваъда берган. Бироқ мамлакатнинг турли ҳудудларида юз берган тўқнашувларда юзлаб одамлар ҳалок бўлди, бу эса янги қочқинликка сабаб бўлиб, озчилик гуруҳлари орасида аш-Шара ҳукуматигаи шубҳа ва ишончсизликни кучайтирди. Ҳукумат эса Дамашқ назоратини бутун мамлакат бўйлаб қайта тиклаш учун курашмоқда.
Шимоли-шарқни бошқариб турган курдлар етакчилигидаги маъмурият хавфсизлик сабабларини кўрсатган ҳолда йиғилиш ва оммавий тадбирларни тақиқлади, чунки “террорчи ячейкалар” юбилейни суиистеъмол қилишга уринмоқда, дея баёнот берди. Шу билан бирга, улар мамлакат аҳолисини байрам билан табриклади.

Курдлар бошқаруви ҳудудий автономияни сақлаб қолишга интилиб келмоқда. Шу пайтда жанубда эса диний озчилик друзлар жамоасининг бир қисми мустақиллик талаб қилмоқда. Сувайда вилоятида июль ойида ҳукумат кучлари билан тўқнашувларда юзлаб одамлар ҳалок бўлганидан кейин бу талаблар кучайди.
Сайловларгача яна тўрт йиллик ўтиш даври

Аш-Шара Қатарда ўтган форумда сўзлар экан, зўравонликлар кузатилганига қарамай, “Сурия бугун ўзининг энг яхши даврини бошдан кечирмоқда”, деб таъкидлади ва жиноят содир этганлар жавобгар бўлишини ваъда қилди.
Унинг айтишича, ўтиш даври яна тўрт йил давом этади. Бу вақт мобайнида янги институтлар, қонунлар ва умумхалқ овоз бериш орқали тасдиқланадиган янги конституция тайёрланади. Шундан кейин мамлакатда сайловлар ўтказилади.
Аш-Шара март ойида қабул қилинган вақтинчалик конституция асосида кенг ваколатларга эга. Октябрда ҳокимият парламент тузиш учун билвосита овоз беришни ташкил этди. Бироқ конституцияга кўра, 210 аъзодан учдан бирини президент тайинлаши керак бўлса-да, аў-Шара ҳали бу вакант ўринларни тўлдирмаган.
Асад оиласи – Суриядаги алавий озчилик етакчилари – мамлакатни 54 йил бошқарган. 2011 йилдан бери давом этган уруш юз минглаб одамларни ҳалок қилди ва миллионлаб аҳолини қочқинга айлантирди. Тахминан беш миллион суриялик қўшни давлатларга бош олиб кетган.
БМТнинг қочқинлар агентлиги маълум қилишича, Асад ағдарилгандан кейин 1,2 миллион қочқин ва 1,9 миллион ички кўчирилган фуқаро уйларига қайтган. Бироқ халқаро молиявий ёрдам камайиши бошқаларни қайтишдан тўсиши мумкин.
Сурия Марказий банки раҳбари ўтган ҳафта “Reuters NEXT” анжуманида айтишича, хориждан 1,5 миллионга яқин қочқиннинг қайтиши иқтисодий ўсишга ҳисса қўшмоқда.
БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси маълумотига кўра, 2025 йилда Сурияда 16,5 миллион инсон ёрдамга муҳтож ва гуманитар эҳтиёжлар жуда оғирлигича қолмоқда.