Таиланд ўзбекистонликлар учун визасиз қолиш муддатини қисқартирди
Олам
−
12:29 1473 2 дақиқа
Бугун, 20 май куни Таиланд ҳукумати хорижликлар билан боғлиқ жиноятлар сони ортаётгани сабаб 90 дан ортиқ давлат фуқаролари учун амал қилган визасиз муддатни қисқартирди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Янги тартибларга кўра, аввал 93 давлат, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Европанинг Шенген ҳудуди давлатлари ҳамда Австралия фуқаролари учун амал қилган 60 кунлик визасиз режим бекор қилинади. Бу рўйхат орасида Ўзбекистон ҳам бор. Эндиликда сайёҳлар Таиландда визасиз фақат 30 кунгача қолиши мумкин.
Шунингдек, сайёҳлар иммиграция идорасига мурожаат қилиш орқали визани бир марта узайтириши мумкин бўлади. Аммо бу қарор иммиграция ходимлари томонидан индивидуал тарзда кўриб чиқилади ва сайёҳлардан нега узоқроқ қолаётгани изоҳланиши талаб этилади.
Таиланд ҳукумати вакили Рачада Дҳнадирекнинг айтишича, туризм иқтисодиёт учун муҳим фойда келтираётган бўлса-да, амалдаги тизим айрим шахслар томонидан суиистеъмол қилинган.
Қайд этилишича, хорижлик сайёҳлар иштирокидаги дўкон ўғрилиги, жамоат жойларида ноўрин ҳаракатлар каби ҳолатлар интернетда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган. Бундан ташқари, айрим хорижликлар визанинг амал қилиш муддатидан ортиқ қолиб кетаётгани ва туристик ҳудудларда ноқонуний бизнес юритаётгани бўйича хавотирлар кучайган.
Таиланд расмийлари трансмиллий жиноий гуруҳлар ҳам иммиграция қонунларидан фойдаланаётганини билдирган.
Мамлакат Ташқи ишлар вазири Сиҳасак Пҳуангкеткеовнинг таъкидлашича, янги чоралар муайян давлат фуқароларига қарши эмас, балки виза тизимини жиноят содир этиш учун ишлатаётган шахсларга қаратилган.
Янги қоидаларга кўра, визасиз кириш имконияти сақланиб қоладиган давлатлар сони ҳам 57 тадан 54 тагача қисқартирилади. Бироқ бу рўйхат ҳали очиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Грузия парламенти хорижий компанияларда масофадан туриб ишловчи чет элликлар - “рақамли кўчманчилар” учун C5 тоифасидаги янги вақтинчалик визани жорий этишни маъқуллаганди. Мазкур визанинг амал қилиш муддати 12 ой этиб белгиланган.
Live
Барчаси