Тошкентда 108 гектарлик Миллий дендрология боғи қурилади
Олам
−
25 Март 2315 2 дақиқа
Тошкент шаҳрида 108 гектарлик Миллий дендрология боғи қурилади. Бу ҳақда жорий йилнинг 23 март куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, ушбу йирик яшил ҳудуднинг умумий майдони 108 гектарни ташкил этиши белгиланган. Лойиҳа доирасида 50 минг туп дарахт кўчати ва 100 минг туп бута ўсимликлари экилиши назарда тутилган. Парк биологик хилма-хилликни сақлаш, ҳаво сифатини яхшилаш, углерод ютилишини ошириш, илмий тадқиқот ва селекция ишларини йўлга қўйиш, шунингдек, шаҳар микроиқлимини соғломлаштиришга хизмат қилади. Боғ ҳаво ҳароратини 2-4 даражага пасайтириб, намликни 10-15 фоизга ошириши мумкин.
Миллий дендрология боғи фақат кўкаламзор ҳудуд эмас, балки илмий, маърифий ва жамоат макони сифатида ҳам шакллантирилади. Унда “Дунё дарахтлари” ҳудуди, 6 та иқлим минтақасига хос ўсимликлар коллекцияси, мевали ва маҳаллий дарахтзорлар, доривор ўсимликлар боғи, оранжерея, гулзорлар, дам олиш майдонлари, пиёдалар ва велосипед йўлаклари, автотураргоҳ, ташриф буюрувчиларни кутиб олиш майдони барпо этилади.
Боғнинг марказий қисмида 1 гектарлик сунъий кўл ва унинг атрофида сакура боғи ташкил қилиш режалаштирилган. Парк инфратузилмасида қуёш панеллари, қайта ишланган материаллардан тайёрланган скамейка ва беседкалар, автоматлаштирилган томчилатиб суғориш тизими каби замонавий экологик технологиялардан фойдаланиш кўзда тутилган. Бу ер Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши университети (“Green University”) учун табиий лаборатория, аҳоли учун эса биотуризм ва экотаълим марказига айланади.
Ботаника боғлари ноёб ўсимликларни сақлаш ва кўпайтиришга хизмат қилса, дендрология боғлари хорижий ва маҳаллий дарахтларни ҳудуд иқлимига мослаштириш (акклиматизация) учун ҳақиқий илмий лаборатория вазифасини ўтайди.
Билдирилишича, бу шунчаки кўзни қувонтирадиган ландшафт ёки навбатдаги оддий парклар қуриш лойиҳаси эмас. Бу – дим ва чанг шаҳарларимизнинг нафас олиши, келажак авлоднинг соғлом улғайиши учун энг муҳим, ҳаётий қарор. Ушбу режалар амалда тўлиқ рўёбга чиқса, 2030 йилга бориб мамлакатда яшиллик даражаси 30 фоизга етади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Яшил макон” лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда яна 12 та ботаника ва 16 та дендрология боғини ташкил этиш режалаштирилгани ҳақида хабар берилган эди. Бу жараёнда ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити ҳисобга олиниб, мос дарахт ва буталар танланади.
Live
Барчаси