Туркиядаги ҳарбий база ҳужумга учрадими?

Олам

image

Ижтимоий тармоқларда Туркиядаги АҚШ ҳарбий базаси ҳужумга учрагани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур хабарлар юзасидан Туркия Алоқа вазирлигининг Дезинформация билан кураш маркази муносабат билдирди.

Марказ баёнотида айтилишича, Туркияда ҳеч қандай хорижий давлатга тегишли ҳарбий база мавжуд эмас. Мамлакатнинг ҳаво ҳудуди, ер майдони, денгиз ҳудудлари ва ҳарбий объектлари тўлиқ суверенлик ва назорат остида.

“Мамлакатимизга қарши ҳеч қандай ҳужум бўлмади. Туркияни минтақавий можаро иштирокчисига айлантиришга уринаётган хабарлар аниқ дезинформациядир”, дейилади баёнотда.

Марказ, шунингдек, Анқара мудофаа ва хавфсизлик тизими барча таркибий қисмлари билан тўлиқ ишчи ҳолатида эканини, воқеаларни тегишли ташкилотлар томонидан реал вақт режимида кузатиб борилаётганини билдирган.

Бундан ташқари, асоссиз хабарларга ишонмаслик ва фақат расмий баёнотларга эътибор қаратиш сўралган.

Қолаверса, Ўзбекистоннинг Туркиядаги Истанбул Бош консулхонаси ҳам мазкур хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини, воқеа Туркия ҳудуди билан боғлиқ эмаслигини қайд этган.

“Блогерлар, ижтимоий тармоқ фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакилларидан ахборотни эълон қилишдан аввал унинг ишончлилигини бир неча мустақил манбалар орқали текшириш, расмий маълумотларга таяниш ҳамда имкон қадар аниқ манбани кўрсатган ҳолда ёритишларини сўраймиз”, дейилади консулхона хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Адана Бош прокуратураси АҚШ ва Исроил Эронга зарбалар бераётган пайтда “Инжирлик” ҳаво базасидаги ҳаракатларни жонли эфирга узатган “Аnka” ахборот агентлиги бош муҳаррири Кенан Шенернинг ҳибсга олиниши бўйича қарор чиқарганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Туркия ҳарбий базаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг