Туркияда яна бир ўзбекистонлик аёл ўлдирилган бўлиши мумкин

3-саҳифа

image

Ўзбекистондан Туркиянинг Баликесир шаҳрига борган Дилафруз Чўлиева изсиз ғойиб бўлди. У жорий йилнинг 21 январь куни бозорга кетаётганини айтган. Бу ҳақда “Sabah” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Ўзбекистон фуқароси, икки фарзанднинг онаси, 46 ёшли Дилафруз Чўлиева ишлаш учун Туркияга бориб, Баликесирнинг Бурҳония тумани яшаган. У ерда кекса ва бемор кишига қараган. Аёл жорий йилнинг 21 январь куни бозорга чиқиш учун рухсат олган ва тўсатдан ғойиб бўлган. 

Чўлиевадан хабар ололмаган яқинлари бедарак йўқолганлиги ҳақида ариза берган ва воқеа юзасидан Ўзбекистон элчихонаси ҳамда консуллиги хабардор қилинган. 23 январь куни иш берувчилари ҳам Дилафруз Чўлиевани қидириб, полицияга хабар берган.

Полиция гуруҳларининг текширувлари натижасида 21 январь куни кўчага чиққан аёлнинг телефони ўчгани, охирги марта яна бир Ўзбекистон фуқароси — Илёс исмли шахснинг ёнига боргани ва шундан сўнг ундан бошқа хабар олинмагани аниқланган. Илёс ўз кўрсатмасида Дилафруз Чўлиева унинг ёнига келганини, сўнгра Истанбулга кетганини айтган.

Бугун, 2 март куни Туркиядаги ўрмонларнинг биридан таниб бўлмас даражадаги аёл жасади топилган. Дилафруз Чўлиеванинг яқинлари кийимлар ва баъзи белгиларга таяниб, жасад унга тегишли бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Бу маълумот ҳозирча расман тасдиқланмаган. Бироқ мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон фуқаролари гумонланувчи сифатида қўлга олинган.

“Онам 8 ой олдин ишлаш учун Туркияга келган эди. Ҳозир у билан боғлана олмаяпман. 21 январь куни соат 20:00 атрофида Эдремитдан Бурҳонияга қайтган. Телефони ўчиқ, ҳеч қандай из йўқ. Қидирувга бердик, элчихонани хабардор қилдик”, дейди бир ойдан бери онасидан хабар ололмаётган ўғил.

У Истанбулнинг Умрония туманида ўлдирилиб, жасади бўлаклаб ташланган ўзбекистонлик аёллар ҳақидаги хабарларни ўқигач, онасининг бошига ҳам шундай воқеа тушишидан қўрқаётганини айтган.

“Хабарларда, газеталарда кўряпмиз. Истанбулдаги охирги воқеалардан кейин жуда қўрқиб кетдик. Онам қандли диабет билан оғрийди, дориларини вақтида ичмаса, соғлиғи ёмонлашади. Ҳаётидан шубҳа қиляпман. Илтимос, уни топинг”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Туркиянинг Истанбул шаҳри Шишли туманида чиқинди йиғувчи томонидан ахлат контейнеридан ўзбекистонлик Дурдона Ҳакимованинг жасади топилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинроқ мазкур иш доирасида у ўлдирилган Умрониядаги уйда яна бир ўзбекистонлик аёл – Сайёра Эргашалиева ҳам бўлаклаб ўлдирилгани аниқланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Баликесир Дилафруз Чўлиева

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг