Украина Краснодарга кенг кўламли дрон ҳужуми уюштирди
Олам
−
26 Февраль 8082 2 дақиқа
Бугун, 26 февралга ўтар кечаси Украина дронлари Краснодар ўлкасига оммавий ҳужум уюштирди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Вазирлик маълумотларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан минтақа узра 83 та дрон йўқ қилинган. “Shot”нинг хабар беришича, Анапа шаҳрида камида бешта портлаш, Туапсе шаҳрида эса 40 дан ортиқ портлаш юз берган. “Astra”нинг қайд этишича, дронларнинг нишони Туапседаги денгиз савдо порти ҳамда шаҳарда жойлашган Роснефть нефтни қайта ишлаш заводи бўлиши мумкин. Мазкур завод ўтган йил ёзида ҳам дрон ҳужумига учраган.
Ҳужумлар фонида Сочи аэропортида парвозларни чекловчи “Ковёр” режими жорий этилган. Шунингдек, Шимолий Осетия ва Шимолий Кавказ федерал округига кирувчи бошқа ҳудудларда ҳам “дрон хавфи режими” эълон қилинган. Минералние Води, Нальчик, Грозний ва Владикавказдаги аэропортлар йўловчи самолётларини қабул қилмай, парвозларни ҳам вақтинча тўхтатган.
Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратьевга кўра, ҳужум оқибатида бир нечта ҳудудда уйлар шикастланган, аммо жабрланганлар қайд этилмаган. Хусусан, Темрюк туманининг Старотитаровская станциясида уйларнинг деразалари синиб кетган, Стрелка қишлоғида эса уйларнинг томи зарар кўрган. Туапсе шаҳрида хусусий уйлардан бири ёнғин оқибатида зарарланган, Анапа яқинидаги Жиганка қишлоғида эса дрон қолдиқлари бинони вайрон қилган. Мазкур учта аҳоли пункти Қримга олиб борувчи паром йўли яқинида жойлашган.
“Ҳар бир ҳудуд раҳбарларига аҳоли мулкини тиклашда ёрдам бериш бўйича кўрсатма бердим”, дейди губернатор.
Россия Мудофаа вазирлиги, шунингдек, 30 та Украина дронининг тунда босиб олинган Қрим осмонида уриб туширилганини, Брянск ва Курск вилоятларида биттадан ҳамда Қора ва Азов денгизлари устида 13 та дрон йўқ қилинганини хабар қилган. Умумий Украина Россия ҳудудига 128 та дрон юборган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 25 февралга ўтар кечаси Россия яна бир бор Украина ҳудудини йирик ҳаво ҳужумига учратган эди. Россия қўшинлари қанотли ракеталарни ва “Шаҳед” ҳужумчи дронларини учирган. Россиянинг қанотли ракеталари Ту-95 стратегик бомбардимончи самолётларидан Саратов вилоятидаги Энгельс шаҳридан учирилган ва Черкас вилоятида кузатилган. Кейин ракеталар йўналишини бир неча марта ўзгартирган. “Шаҳед”ларнинг парвозлари тун бўйи Украинанинг кўплаб ҳудудларида қайд этилган.
Live
Барчаси