Ўзбекистон 2027-2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилади

Жамият

image

Ўзбекистон 2027-2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилади. Бу ҳақда бугун, 15 январь куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти юзасидан видеоселектор йиғилишида айтилди.

Қайд этилишича, йиғилишда икки ва кўп томонлама сиёсий-дипломатик алоқаларни кенгайтириш, Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш масалалари муҳокама қилинган.

Ўзбекистон 2027-2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилади. 2035-2036 йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига Ўзбекистон номзоди илгари сурилмоқда.

Барча дипломатлар жорий йилда ҳам халқаро алоқалар жадвалида юқори фаолликни сақлаб қолиш, ташқи сиёсий кун тартиби янада сермазмун бўлиши учун жиддий саъй-ҳаракат қилиши зарурлиги таъкидланган.

Олий даражадаги ташрифларга бир ой қолганда эмас, анча олдин тайёргарлик кўриш, пухта ишланмаган шартномалар эртага истиқболсиз лойиҳага айланиши ёки инвесторлар йиллар давомида сарсон бўлиб юришига йўл қўймаслик зарурлиги қайд этилган.

Дунёда ўз овози ва салоҳиятига эга бўлган Буюк Британия, Испания, Индонезия, Австралия, Бразилия, Канада каби йирик давлатлар билан олий даражадаги ташрифлар ҳанузгача амалга оширилмагани, алоқалар суст бўлиб қолаётган давлатлар билан ҳамкорликни жонлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмаганига эътироз билдирилган.

Олий даражадаги хорижий ташрифларга тайёргарлик сифатини ошириш, Ташқи ишлар вазирлигининг стратегик таҳлил ва режалаштириш салоҳиятини кучайтириш вазифаси қўйилган.

Маълумот учун, Қўшилмаслик ҳаракати – йирик ҳарбий-сиёсий блокларда қатнашмасликни ва ўз мустақил ташқи сиёсатини юритишни асосий мақсад қилган давлатларни бирлаштирувчи халқаро ташкилотдир.  Ўзбекистон ушбу ташкилотга 1992 йилда аъзо бўлган. Ҳозирда ташкилотга Уганда раислик қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик Кенгаши Қўшилмаслик ҳаракати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг