Ўзбекистон халқ артисти Гулнора Маваева вафот этди
Жамият
−
26 Июль 17909 2 дақиқа
Ўзбекистон халқ артисти, балерина, раққоса, устоз ва мураббий Гулнора Маваева 94 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди.
Маваева кўп йиллар давомида балерина сифатида Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри саҳнасида классик балетлардаги ёрқин роллари билан томошабинларни хушнуд этиб келган.
Гулнора Маваева Ўзбекистон халқ артисти Маъмура Эргашева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Феруза Сагдуллаева, Гулнора Низамова, Жамила Османова ва бошқа кўплаб истеъдодли шогирдларни тарбиялаган.
Унинг шогирдлари бугунги кунда Ўзбекистон, Канада, Россия, Исроил, Америка, Германия каби давлатларда яшаб ижод қилмоқда.
Маълумот учун, Мамаева 1931 йил 30 июнь куни Тошкентда туғилган. 1941 йил Тамара Хоним номидаги балет мактабини битирган. 1948 йил Навоий номидаги театр студияси қошидаги балет мактабини, 1951 йил Москва хореография билим юртининг ўзбек балет студиясини (M.A. Кохудова синфида), 1971 йил Ленинград хореография билим юртининг педагогика бўлимини тамомлаган. 1945-1949 ҳамда 1951-1957 йиллар оралиғида Гулнора Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри солисти бўлган.
Гулнора Маваева ўзбек миллий рақсларини ёқимли ва мафтункор ижро этувчи иқтидорли раққоса сифатида “Катта рақслар”, “Шойи”, “Фарғона усули”, “Шаддод қиз”, “Мафтун этди”, “Рақсга тушаверсин”, “Эй, сарви равон”, “Оразбон лезгинкаси” ва бошқа рақслари билан тамошабинларни ўзига ром эта олган.
1971 йилдан Гулнора Маваева Тошкент хореография билим юртида ўзининг педагогик фаолиятини бошлайди, сўнгра 1974 йилдан Тошкент маданият институтида дарс бериб, Маъмура Эргашева каби иқтидорли раққосага сабоқ берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афсонавий “Тўйлар муборак” фильми режиссёри Эдуард Хачатуров 89 ёшида оламдан ўтгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси